SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  ҚАДИМИЙ ГЎШАДА ЁШЛАР ГУРУНГИ

ҚАДИМИЙ ГЎШАДА ЁШЛАР ГУРУНГИ

« Назад

24.04.2017 05:05

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси юзасидан вилоятимизнинг барча ҳудудларида “Ёшлар ҳафталиги” ташкил этилди. Туманимизда ҳам бу тадбир кўтаринки руҳда ўтказилди.
“Нуронийлар эъзозимизда”. Бу ҳафталик доирасида ташкил этилган лойиҳаларнинг дебочаси бўлди. Лойиҳа Дошёқ қишлоғи “Гулшан” маҳалласидаги нуронийлар ҳолидан хабар олишдан бошланди. Уларга “Камолот” ЁИҲ нинг фаол ёшлари томонидан потранаж хизматлари кўрсатилди. Ражаббой Солаев, Роҳат Рўзметова, Ёқутжон Маҳмудова, Бобожон Сиддиқов, “Бўстон” маҳалласидаги Хамид Жонибеков, Бикажон Заировалар хонадонларида бўлиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига кўмаклашишди.
Беруний қишлоқ врачлик пунктида “Саломатлик кунлари” лойиҳасида Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали профессор ўқитувчилари ва иқтидорли талабаларининг ёшлар билан учрашувида 200 нафардан ортиқ туманимиз ўғил-қизлари қатнашди.
Инсон ҳаётининг изчиллигини таъминловчи-саломатликка эътиборли бўлиш лозимлиги учрашувнинг бош ғояси бўлди. Ёшлар орасида тиббий маданиятни ошириш мақсадида, уларга тиббий кўрикдан ўтишнинг ижобий томонлари ҳақида кенг маълумот берилди.
“Таълим муассасалари психологлари учун ўқув семинар”. Ушбу лойиҳа доирасида педагогика коллежида Урганч Давлат университетининг тажрибали педагоглари томонидан мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасалари психологлари учун ўқув семинар ташкил этилди. Унда психологлар болалардаги ўзгаришларни аниқлашда ва салбий томонларини бартараф этишда қандай усул ва методлардан фойдаланишлари лозимлигини билиб олишди.
Аҳоли бандлиги, айниқса, куч-ғайратга тўла ёшларнинг фойдали касб-ҳунар билан шуғулланиши давлат ва жамият учун кони фойда. “Тозабоғ” меҳмонхонасида касб-ҳунар коллежлари, академик лицей битирувчилари ҳамда уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Бизнес клуб” лойиҳаси ташкил қилинди. Унда ёшлар ўз бизнес режаларини мутаҳассислар эътиборига тақдим этишди.
Тумандаги тижорат банклари филиаллари, ДСИ, “Ягона дарча”, “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши қошидаги “Ёш тадбиркор” консультатив маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган лойиҳа ёшлар бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, касаначиликни ривожлантириш ҳамда уларга микромолиявий хизматлар кўрсатиш орқали янги иш ўринлари яратиш мақсадини кўзлайди.
“Талабалар театр студиялари” лойиҳаси доирасида “Дошёқ” ва “Соёт” маданият ва аҳоли дам олиш марказларида УрДУ талабаларидан тузилган “Зиё” гуруҳи иштирокида “Митти фаришталар” спектакли намойиш қилинди.
18-умумий ўрта таълим мактабида “Одам савдоси – давр муаммоси”, “Оммавий маданият ва ёшлар маънавияти” лойиҳаси бўйича тадбир ўтказилди. Тарғибот гуруҳи аъзолари ва 200 нафардан зиёд ёшлар давра суҳбати самимий тарзда бўлиб, куй-қўшиқларга уланиб кетди.
“Ҳоким ва ёшлар” учрашуви. Ушбу лойиҳа 4-сон академик лицейда ташкил этилди. Унда 300 нафардан зиёд касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари иштирок этишди. Учрашувда туман ҳокими Эркин Яқубов сўзга чиқиб, ёшларга 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури юзасидан маълумотлар ва тушинтиришлар берди. Ҳоким ўринбосари Санъат Яхшимуратов ва мутасадди ташкилотлар ходимларига ёшлар ўзларини қизиқтираётган саволлари билан мурожаат қилдилар.
Ҳафталик доирасида барча туманлардан ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларининг Хива шаҳрига саёҳати уюштирилди. Ҳар бир ташриф буюрувчига хивалик ёшлар томонидан китоблар совға қилинди.
“Диний экстремизм ва терроризм – ёшлар келажагига таҳдид” лойиҳаси бўйича Хива ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида ўтказилган давра суҳбатида туман бош имоми Санжар Сапаев, туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Малика Исмоилова, туман “Маҳалла” жамоат фонди раҳбари Жасур Машарипов, “Нуроний” жамғармаси раиси Отаназар Пирназаров ва 200 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этишди. Шунингдек, коллеж фаесида таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида расмлар кўргазмаси ташкил қилинди.
“Нуруллабой” маданият ва истироҳат боғида “Қадрият, урф-одат, анъана ва ёшлар” лойиҳаси доирасида таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Бахру байт”, “Энг яхши шеърият”, “Китобхонлик”, “Энг яхши саҳна кўриниши”, “Энг яхши монолог”, “Энг яхши расмлар танлови”, “Ёш қаламкашлар” йўналишлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.
“Китоб байрами” лойиҳаси ҳам истироҳат боғида ўзгача шукуҳ билан ўтказилди. Унда 100 дан зиёд бадиий ва эртак китоблар кўргазмаси ташкил қилинди. Маълумки, китоб инсон маънавиятини оширишда энг яхши восита. Ёшликдан ўқиб ўрганиш эса инсонга саодатли келажак туҳфа этади.
“Комилжон Отаниёзов издошлари” лойиҳаси улуғ ҳофизнинг 100 йиллигига бағишланиб, унга бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг катта намунаси бўлди.
Шу куни маданият ва истироҳат боғи байрамона қиёфа касб этди. Ҳафталикда иштирок этган ёшлар нигоҳида байрам шукуҳи намоён бўлди.
Шахруза МАТЁҚУБОВА,
“Хива тонги” махсус мухбири.
Д.МАШАРИПОВ (суратлар).