SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  ИБРАТЛИ ҲАЁТ, СЕРМАҲСУЛ ИЖОД

ИБРАТЛИ ҲАЁТ, СЕРМАҲСУЛ ИЖОД

« Назад

06.11.2017 06:21

Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов республикамизга раҳбарлик қилган йилларда қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрида ҳам кўп марта бўлган. Қадимий эл фарзандлари бу учрашувларни ҳамон алоҳида соғинч туйғулари билан эслайдилар. Шароф ака хусусан “Ичон-қалъа” Давлат музей-қўриқхонаси зиёратини айниқса, хушкўрар, тарихий ва маданий ёдгорликлар қаршисида ҳайратда турарди.
1983 йил. Сентябрь. Бу кунни бутун дунё аҳли яхши эслашлари аниқ. Худди ушбу санада жаҳонга донғи кетган машҳур математик олим Муҳаммад ал Ҳоразмийнинг 1200 йиллик тантаналари Хивада кенг нишонланди. Курраи заминнинг турли мамлакатларидан меҳмонлар келиб, кўҳна замин фарзандининг тўйига гувоҳ бўлдилар. Жаннатмонанд Ўзбекистонга, унинг олтин парчаси Хивага олам аҳли яна меҳлиё бўлиб боқди.
- Шу куни Ичон-қалъага одам сиғмади, - деб ҳикоя қилади ушбу қувончли ва тарихий воқеаларни тасвирга туширган собиқ суратчи мухбиримиз Комилжон ака Собиров. – Шу ёшга кириб бунақасини кўрмагандим...
- Хива гилам комбинатининг ишга туширилиши фақат республикамизда эмас, балки, Ўрта Осиёда ҳам катта воқеа бўлди, - деб эслайди иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдулла ака Сафоев, - Қисқа фурсатларда пойтахтимиз Тошкент, Москва, Олмаота, Брест каби шаҳарларда мутахассислар тайёрланди. Шу тариқа комбинатда ишчиларнинг бир неча авлоди шаклланди. Комбинат довруғи дунёга ёйилди.
Муҳими бизда қарийиб 3500 нафарга яқин малакали мутахассислар, гиламдўзлар етишиб чиқди. Улар учун барча шароитлар – “Гиламчилар” шаҳарчаси, боғча-ясли, мактаб, санаторий-профилакторий, Ҳазорасп ва Шовот туманларида филиаллар яратилди.
Комбинат шахсан Шароф Рашидовнинг шарофати туфайли бунёд бўлди. Жамоадаги фаолиятим давомида у кишининг келганларига гувоҳман. Оддийлик, самимийлик, камтарлик Шароф аканинг энг олий фазилати эди.
Тиббиёт фанлари номзоди Машариф ака Ғойипов: - Шароф Рашидович биз тиббиёт ходимларининг ҳам яқин дўсти ва маслаҳатгўйи эдилар. Қачонки воҳага ташриф буюрсалар, албатта Хивада ҳам бўлардилар. Касалхоналарга кириб, беморлар билан суҳ-батлашганларини шахсан гувоҳи бўлганман.
80-йилларнинг боши эди, чамамда. Хива шаҳри ва туманининг келгуси истиқболини ўйлаб, замонавий марказий касалхона биноси қурилиб фойдаланишга топширилди. Ўзлари бош бўлиб, тиббиёт масканини очдилар. Қаранг, қарийиб 40 йилдан бери халқимиз хизматида бу мустаҳкам иншоот. Хорижда ва Республикамизда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар, жиҳозу мебеллар, яратилган барча шароитларни кўриб: - Мана энди хиваликлар ҳақиқий даволаш масканига эга бўлдилар. Энди вилоят маркази ёки пойтахтга бориб юрмайдилар. Тажрибали ва малакали шифокорлар беморлар дардига дармон бўладилар, - дегандилар раҳматлик.
Ҳақиқатан ҳам Хива тиббиёти бир асрдан зиёд тарихга эга. Муҳаммад Раҳимхон Феруз, бош вазир Исломхўжа асос солган ҳашаматли касалхона яна неча йиллар халқимизга хизмат қилади. Бу ва Шароф Рашидович билан боғлиқ хотираларимизни Хивада илк касалхона очилганига 100 йил тўлиши муносабати билан ёзилган “Хива тиббиёти” рисоламизда атрофлича ёритганмиз.
Шароф Рашидович тарихий шахс. У кишини унутишга хаққимиз йўқ. Фидойи инсоннинг эзгуликка йўғрилган ҳаёти ва фаолияти одамлар қалбида, юрагида яшайверади, яшайверади.
Меҳнат фахрийси Зухур Умарович Қурбонов хотираларидан: - Мен шахсан Шароф ака билан учрашиб, суҳбатлашиш бахтига мушарраф бўлганман. Бунинг биринчи томони ёзувчи асарларининг чин мухлиси бўлганимдан, иккинчиси, Шароф ака билан ўша пайтларда туманимизнинг биринчи раҳбари Мадамин Маткаримович яқин дўст эдилар. Қачонки, зарур масалалар муҳокама қилинса, албатта дўстлар ўзаро маслаҳатлашардилар.
Хивада янги мактаб ёки бошқа бирор маданий-маърифий иншоот бўладими унинг очилиш тантаналарида албатта, Шароф ака қатнашардилар. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. 80-йилларнинг бошларида Хиванинг қоқ марказида инқилоб ва уруш қурбонларининг хотирасига бағишлаб ёдгорлик ўрнатилди. Ҳозирда “Хотира хиёбони” деб аталадиган бу салобатли ёдгорликни очишдан олдин Мадамин Маткаримович шаҳар ижроқўми раиси Рустам Файзуллаев ҳам-да туман фирқа қўмитаси тарғибот ва ташвиқот бўлими мудири – менга алоҳида топшириқлар бериб, Шароф аканинг ҳам қатнашишларини билдирди. Республика раҳбарининг алоҳида аҳамиятга молик тарихий воқеада иштирок этиши албатта, шу давр учун расмий жиҳатдан жуда муҳим эди. Шу боис тадбирга катта тайёргарлик кўрилди. Масала шундай эдики, бу майдон қандай номланиши керак? Так-лифлар, мунозаралар қиз-ғин, ҳеч ким муносиб атамани айтолмасди. Шунда мен вилоят матбуот ва ахборот бошқармасининг бошлиғи, уруш қатнаш-чиси Константин Константинович Аксёновни бу ерга келишини, унинг фикрлари билан ўртоқлашишни так-лиф этдим.
Константин Константинович раҳматли, янгиликка ўч, фикр доираси кенг раҳбар эди. Мақсадимизни билгач, эртагаёқ бир неча вариантларни ёзиб, майдонда ҳозир бўлдилар.
Хуллас, майдон, унинг ўртасидаги ёдгорлик Шароф акага маъқул бўлди. Шаҳар ва туман фаолларига, қурувчиларга самимий миннатдорчилик билдирди...
“Қудратли тўлқин”, “Бўрондан кучли”, “Ғо-либлар”, “Кашмир қўши-ғи”, “Дил амри” каби асарлари менинг доимий дилкашим. Шароф акани эслаганда самимий нигоҳи, одамларга меҳрибонлиги, узоқни кўзлай билиш салоҳияти каби инсоний фазилат-лари кўз олдимизда намоён бўлади...
Мадраҳим Исмоилов, фахрий матбаачи: - 80 йилларнинг бошларида республика бўйлаб ўн бешлар ташаббуси кенг қанот ёйди. Ташаббуснинг мақсади бир беш йилликда икки беш йиллик режа-топшириқларни бажариш, бошқаларни ҳам даъват этиш эди. Шу муносабат билан ташаббускорларнинг бири сифатида мени ҳам Тошкентга - Шароф Рашидов қабулига таклиф этишди. Учрашувда Шароф ака ҳар биримиз билан қўл бериб сўрашди. Менга келганда ўзининг таҳририятда ишлаган даврларини эслаган бўлса керак, газеталар вақтида чиқаяптими, сифати қандай, деб сўрадилар. “Ҳа, яқинда офсет усулида чоп этишга ўтдик” дедим ҳаяжонланиб. Бу учрашув ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа бўлиб қолди...
Шароф Рашидов халқ-дан куч-қувват, илҳом олиб яшарди. Айниқса, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган одамлар билан маслаҳатлашиш ва фикр алмашишни яхши кўрарди. Унинг қулоғи ҳамиша жон-дили билан севган азиз халқининг юрагида эди. Афсуски, ана шундай юртпарвар, халқпарвар сиймога вафотидан сўнг тош отдилар. Хатто қабридан олиб, бошқа жойга кўчиришгача бориб етдилар. Машъум “XVI пленум” деган балони ҳам ўйлаб топдилар. Хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги қарорларнинг аҳамияти қолмаганди.
Айтишларича, таниқли Доғистон шоири, халқи-мизнинг яқин дўсти ва биродари Расул Гамзатов машҳур ёзувчи ва давлат арбоби бўлган Шароф Рашидов шахсини бадном қилганларни қаттиқ қоралаган экан.
Эзгулик унутилмайди. Қатоғон йилларида не-не ота-буваларимиз бегуноҳ шаҳид кетдилар. Лекин улар барибир оқланди-лар. Пок номлари қайта тикланди. Эзгулик тантана қилди. Худди шунингдек, Шароф Рашидовнинг ҳаётлигида амалга оширган буюк ишлари, порлоқ хотираси қайта юз очди. Бундай хайрли ва эзгу ишларга биринчи бўлиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қўл урган бўлса, унинг яқин шогирди ва муносиб издоши Шавкат Мирзиёев буни давом эттирмоқда.
Биз ўзбек халқининг ХХ асрдаги улуғ фарзандларидан бири Шароф Рашидовнинг биргина Хивадаги эзгу ишларини ёдга олдик, холос. Умуман у кишининг табаррук қадами етган яна қанчадан-қанча манзиллар, шаҳру қишлоқлар боғу бўстонга айланганини ҳам ҳаммамиз яхши биламиз. Яхшидан боғ қолади деганлари ҳам аслида шу!
Бугун ҳам мустақил Ўзбекистонда эзгу ғоя-лар, хайрли амаллар рўёбга чиқарилмоқда. Энг қувончлиси, мамлакатимиз дунё ҳамжамияти билан баробар бўйла-шаётир. Тарихи минг-минг йилларга бориб тақа-ладиган халқимиз фидойи ўғлонларининг номлари миллатимиз ғурури ва ифтихорига айланган. Шароф Рашидов ҳам ана шундай шон-шарафга жу-да-жуда муносиб.

Ш.МАШАРИПОВ.