SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  ФАРЗАНДЛАРИНГИЗГА КИТОБ СОВҒА ҚИЛИНГ

ФАРЗАНДЛАРИНГИЗГА КИТОБ СОВҒА ҚИЛИНГ

« Назад

23.01.2017 01:56

Ўтмиш воқелигидан, бугуннинг ютуқ ва муаммоларидан маълумот берувчи, уларни келажакка етказиш учун хизмат қилувчи, жавоҳирдан-да қимматли китоблар ҳаётимизда ўзига ҳос ўринга эга. Кўпчиликнинг биринчи китоби эртак, сўнгра мактабга бориб, “Алифбе”, “Ўқиш китоби” ва бадиий асарлар билан танишамиз. Улар билимимизни ўстириш учун хизмат қилиши билан фарқланади, аммо мақсад битта: инсонни билим сари етаклаб, комиликка эришишига кўмаклашиш.
Китоб кўринишлари замонлар оша ўзгариб борди. Папирус деб аталувчи дарахт пўстлоғига ёзилган китоблар, лой тахтачаларга, ҳайвон териларига битилган битиклардан биз қадим боболаримизнинг маърифат изловчи инсонлар бўлганини биламиз. Қоғоз ихтиро қилингандан кейин эса бугунги кўринишдаги китобларнинг аждодлари яратилди.
Технологиянинг ривожи уни электрон шаклда яратиб, минглаб китобларни битта қурилма ичига жойлаштириш имконини берди. Ана шундай ривожланиш мамлакатимизнинг ҳар бир тумани, қишлоғигача етиб борди. Эндиликда туманлар марказида ахборот ресурс марказлари ишлаб турибди. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши соҳа фаолиятига жуда катта эътибор қаратилаётганлигининг ифодасидир.
Туманимиз АРМ раҳбари Назира Давлетова билан суҳбатимиз ушбу ҳаётбахш Фармойиш аҳамияти ва марказ фаолияти ҳақида бўлди.
– Кутубхона… кўпчилик бу сўзни эшитиши билан жим-жит хона кўз олдида намоён бўлади. Аслида-чи?
– Бир жиҳатдан бу фикр тўғри, кутубхонада ўқувчилар бир-бирига ҳалал бермаслик учун керакли китобларни сўраб, ортиқча гаплашишмайди. Аҳир бу ер гаплашиб, маслаҳатлашиб ҳордиқ чиқарадиган жой эмас, балки фикрни жамлаб, билим оладиган маскандир. Иккинчидан, ўқилган адабиётларнинг мазмуни бўйича суҳбатлар ташкил этилади. Шундай экан, сокинликдаги бу жой ўқувчини билим олиш билан бирга таҳлил қилишга ҳам чорлайди.
– Туман АРМдан фойдаланувчиларнинг аксарият қисмини кимлар ташкил этади, доимий аъзолари сонини-чи?
– Марказимиз фондида барча ёшдаги фойдаланувчилар учун адабиётлар бор. Улар бу ерга келиб, ёшига мос китоблардан фойдаланишлари мумкин. Шунга кўра доимий аъзоларимиз ҳам турли ёш ва соҳа вакилларидан иборат.
АРМда умумий китоб фонди 22739 тани ташкил этади.
Маълумотнома-луғат эса 14 та, электрон дарсликлар сони 138 та. Улардан ўқувчилар, ўқитувчилар, мутахассислар ва барча фойдаланиши мумкин.
– Китобхонлар ўртасида ўтказиладиган тадбир, суҳбатлар турли мавзуларни қамраб олиши шубҳасиз. Ташкил этилаётган кўрик-танловларда китобхонлар иштироки қандай?
– Суҳбатлар йил давомида олиб борилади. Улар ҳар ой режа асосида ташкил этилади. «Соғлом онадан – соғлом авлод, соғлом боладан – абадий ҳаёт!», «Ҳушёрлик, огоҳлик-мардлар қуроли!», «Аждодларимиз хотираси қалбимизда мангу яшайди», «Осуда ҳаётимиз қалқони Ватан!» каби мавзулардаги суҳбатларда китобхонлар фаол қатнашишди ва фикр мулоҳазаларини билдиришди. «Энг яхши китобхон», «Энг яхши китобхон ўқувчи», «Китобхон мактаб», «Энг яхши Ахборот кутубхона мутахассиси» сингари танловларда барча мактаб ўқувчилари ва уларнинг кутубхоначилари қамраб олинди.
Ахборот ресурс марказлари 2006 йилда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг «Респуб-лика аҳолисини Ахборот кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида»ги Қарорига асосан ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад ўсиб келаётган ёш авлодни интеллектуал эҳтиёжларини қондириш, маънавий, ахлоқий қадриятларни сақлаб қолиш, аҳолини янада кенгроқ тизимли ахборот билан таъминлашга йўналтирилган.
Бугун ана шу мақсадлар тўла рўёбини топмоқда. Кутубхонамизда доимий аъзолар сони 2016 йилда 4014 тага етди, бу кўрсаткич жорий йилда янада ошади. Ҳар бир оилада китобхонликни тарғиб қилиб бориш бизнинг кундалик вазифамиздир.
2017 йилда ҳам ўқувчилар ўртасида танловлар ўтказиш анънасини давом эттиряпмиз. Яқинда “Энг яхши китобхон” танловининг туман босқичи ўтказилди. Унда 15 нафар ўқувчи учта асар бўйича саволларга жавоблар бериб, ғолиблар вилоят босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритишди. “Кеча ва кундуз” асарини ўқиган китобхон Севара Матёқубова “Асарни ўқиб ҳурофотларга ўрин бўлмаган мамлакатда яшаётганим учун шукроналар келтирдим. Асар қаҳрамони Зеби мактаб кўрмаган, ўз ҳуқуқини танимаган қиз, унинг тақдири билимсизлиги сабаб фожеали якунланади” – дея ўз хулосасини баён этди. Демак ўқувчи китобни ўқиб ундан тўғри хулоса чиқара оларкан, биз ўз мақсадимизга эришган бўламиз. Фарзандингиз учун энг яхши совға бу – китоб!

 

Ш.МАТЁҚУБОВА суҳбатлашди.