SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  БАРКАМОЛ АВЛОД ОРЗУСИ

БАРКАМОЛ АВЛОД ОРЗУСИ

« Назад

04.01.2016 04:50

Ҳар ким туғилган ота маконига ҳудди қалдирғочлар баҳорда уясини соғингандек, ошиқиши табиий. Мен ҳам уларнинг бириман. Бир қарашда қишлоғимиз катта ўзгаришлар, улкан бунёдкорликка юз тутгандек таассурот  қолдиради. Ҳар қадамда янгилик, янги-янги массивлар, уй-жойлар бўй кўрсатиб турибди.

Эски, гуваладан қурилган уйлардан асар ҳам қолмабди. Замонавий лойиҳалар асосида турар-жойлар, зангори афсонавий йўллар, боғлар, ҳиёбонлар кўзни қамаштиради. Ҳаёт ўзгарган сайин одамларнинг фаровон турмуш тарзида, руҳиятида ҳам буюк инқилоб намоён.

- Ота бу ерларга қандай келиб қолдик? - сўрайди неварам Зилола ҳайратда.

- Бу менинг уйим!, - дейман, - қара қалдирғочлар бизни кутиб олаяпти.

Қалдирғочлар кунградор, нейрикдан тикланиб, яқиндагина бузилган иморатдан ёлғиз ёдгор айвон устунларига уя қурган, чуғур-чуғури тинмайди. Полапонларига озуқа ташийди.

Болалик хотиралари барибир бошқача. Бир зум 50-55 йиллик орқага қайтиб, пирибадавлат катта оиламизни ҳаёлимда тиклайман. Биз 14 нафар ака-ука, опа-сингил эдик. Урушдан кейинги давр қийинчиликларидан 8 нафаримиз омон қолдик. Ота-онамиз олтита боласини афсус надоматлар билан тупроққа топширди. Шу билан жигарларимизнинг орзу-умидлари ҳам, армонлари ҳам кўмилди. Ҳаммасига ўша пайтларда бало қазодай ёпишган чечак, безгак касалликлари сабаб бу кўргиликлар бошимиздан ўтган.

Мусибат одамни тобларкан. Ногаҳон "ўҳў" десак отамиз "тез ёрдам"га қараб чопар, онамиз бошимизда парвона эдилар.

Ёруғ кунларга етишдик. Дориламон дамларга қадам қўйдик. Падари бузрукворимиз табаррук ёшда бу кўҳна дунёни тарк этган бўлса, волидаи муҳтарамамиз олтмиш тўртинчи баҳорда ҳаёт билан видолашдилар. Афсус надоматлар бўлсинким, бизнинг тўкис бахтимизни, тахти равонимизни кўриш уларга насиб этмади.

Отамиз бир умр хўжаликда катта-кичик вазифаларда қуёш чиққандан то қош қорайгунча, ишлардилар. Бирор марта таътилга чиқиб, йўлланма олиб, санаторияларга, курортларга борганини эслолмаймиз. Меҳрибон, мунисимиз онаизоримиз бир умр рўзғор юмушларидан ортмади. Шаҳарга бозор-ўчарга бирровгина бориб келарди бояқиш. Дунё кўрмадилар. Оқ ювиб, оқ таради бизни, ўзи емай едирди бизга. Агар ҳозиргидай замон бўлганда 90-100 ёшларга кирармидилар. Қаранг, ҳукуматимиз онани, боласини соғлом қилиш учун қанчадан-қанча зарурий шарт-шароитлар яратиб беряпти.

Миллатнинг сиҳат-саломатлиги давлатнинг келгуси тараққиёт йўлларини белгилаб беради. Дунёнинг турфа бурчакларида толошлар, ур-йиқитлар, вайронагарчиликлар бўлиб турган пайтда бизда энди туғилаётган эртанинг умидларига шунчалик эътибор қаратилса…

Шарқона одоб-аҳлоққа ғарбликлар ҳавас қилишади. Маърифатпарвар шоир Чўлпон ўз даврида "Ғарб адабиёти бир кун келиб, Шарқ адабиёти олдида шляпасини ечиб салом бериб ўтади" деган эди. Бу барча соҳага тааллуқли. Ана шундай кунлар келди. Ўзбекистонни қанча давлатлар тан олгани  - ҳақиқат! Куни-кеча Индонезияда биздаги маҳалла институти бўйича семинар ташкил қилингани, экспертлар, мутахассислар ижобий фикрлар билдиргани оламшумул воқеадир.

Ҳаёлот, тафаккур дунёси  - уммон! Аслида барча эзгуликлар, кашфиётлар инсон куч-қувватининг меваси.

- Ота қаранг, уйингиз ҳудди Ичон қалъадаги эски уйларга ўхшаркан, - дейди набирам ҳаёлларимни тўзғитиб - бизники эса янги!

Баркамол авлод орзуси олдида тиз чўкаман. Илоҳим соғлом оналар қучоғида соғлом болалар яйраб ўссин! Янги уйларда, янги боғларда қалдирғочлар, булбуллар ошён қурсин, суҳбат қурсин! Бундай дориламон кунларни кўриш, авлодимиздан фахрланиш туйғуси Сизу Бизга насиб этсин.

Ш.МАШАРИПОВ.