SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  БАРҲАЁТ ҲОФИЗ

БАРҲАЁТ ҲОФИЗ

« Назад

24.07.2017 05:04

Ўзбек мусиқа маданиятининг тарихий саҳифаларида мумтоз ашулалар, оҳанглар, мақомлар (Шашмақом, чормақом, Хоразм олти ярим мақомлари, дутор мақомлари) шаклан ва мазмунан чуқур фалсафий мақомга эга эканлиги, инсонлар дарди, ишқ-муҳаббати ва изтиробларини мужассамлаштирганлиги, оҳиста ва вазминлиги билан қадрланиб келган.
Комилжон Отаниёзов ана шундай мумтозона санъат муҳитида тарбия олади. Ушбу ижодий муҳитнинг аксариятини қадим Хивада топади. Зеро, Хива асрлар давомида маданий марказ, санъатнинг барча турларида ўзига хос ижро услубларини такомиллаштирган намояндалар ижод қилган маскан.
Комил Мирзабоши, Матёқуб Харрот, Комил Девоний, Муҳаммад Юсуф Девонзода ва уларниг издошлари Матпано Худойберганов, Мадраҳим Шерозий, Ҳожихон Болтаев, Бола бахши Абдуллаевлар санъат илмидан баҳраманд бўлиб, улар яратган ижро мактабларини ихлос билан ўрганади. Давр тақозаси билан улар яратган миллий меросимиз таназзулга учраётган бир пайтда бу муқаддас меросни, ижро йўлларини қайта тиклашда асл ҳолида кейинги авлодга етказишда тарғиб қилишда жонбозлик кўрсатади.
Шу аснода Комилжон Отаниёзов мумтоз ашулалар, мақомлар, суворалар ва достон қўшиқлари асосида қатор асарлар яратиш билан янги жанрларга асос солади. “Ялла”, “Айтишув”, “Тўйлар муборак”, “Лазги” (сўзи билан) шулар мисолидандир.
Хоразмда айтишув-диралишма жанри ҳофизлар ўртасида баҳс, беллашувга хос тарзда бўлиб ўтган. Сувораларни баланд пардаларда навбатма-навбат ижро қилганлар.
Ҳофизларнинг сўз бойликлари, кенг “диапазон”ли овозлари намойиш қилинган. Бундай жараён бир неча соатлаб, ҳатто бир неча кунлаб давом этган.
Комилжон Отаниёзов айтишув жанри янги кўринишда хушовоз аёллар билан ҳазил-мутойиба, севги-муҳаббат мавзуида ижро қилган.
Айниқса, Коммуна Исмоилова, Уллибиби Бойжоновалар билан айтишувлари ҳали ҳануз мухлислар ёдида.
Хоразм ашулачилигида битта куйга бир нечта сўз (ғазал) ёки битта сўзни бир нечта куйга солиб ижро қилиш услуби мавжуд. Ана шу анъаналардан келиб чиқиб, Комилжон Отаниёзовнинг “Муҳаммаси бахши” куйига, Махтумқули ғазали билан “Бўлмишам”, “Бор мани” ёки “Ватан”, “Озор қил” ашуласини мисол келтириш мумкин. Бу ерда битта куй асосида айтилган тўртта ашула худди янги тўрт ашуладай туюлади тингловчига. Комилжон Отаниёзовнинг ижро услубидаги “новатор”лик, доира усулини бир оз тезлаштириш сўз мазмунидан келиб чиқиб, овоз жарангдорлиги, жозибадорлиги билан ўзига хослик касб этади. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Мумтоз куйлар, мақом йўл-лари, достон куйлари асосида қатор мусиқали драмаларга (“Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” “Сўнги хон”, “Азиз ва Санам”) куйлари, ариялар, қўшиқлар яратгани Комилжон Отаниёзовнинг бастакорлик фаолиятидан дарак беради. Шу ўринда айрим нохолис кимсалар Комилжон Отаниёзов мумтоз куйларни, мақомларни бузганликда ноўрин таъналар билдирганликларини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Комилжон Отаниёзовнинг ижодий фаолиятидаги яна бир муҳим жиҳат буюк санъаткорлар билан ҳамкорлигида кўзга ташланади. Тошкент - Фарғона ижро мактаби намояндалари Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Хожиабдулазиз Абдурасулов, Юнус Ражабий, Комилжон Икромовлар билан ижодий ҳамкорлик натижасида янги-янги жанрларда қатор ашулалар, ижро услублари яратилади. “Ушшоқ”лар, “Баёт”лар, “Савти”лар, “Мустаизод”лар янгича талқинларда тингловчиларга тақдим қилинади.
Санъатда устоз-шогирд анъаналари муҳим ўрин тутади.
Комилжон Отаниёзов ўзидан олдин санъатга қадам қўйган барча санъаткорларни ўзининг устози сифатида ардоқлаган, улуғлаган, уларга нисбатан беҳурматликни гуноҳ деб билган. Ўз навбатида шогирдлари Таваккал Қодиров, Отажон Ҳудойшукуров, Шариф Султонов, Ортиқ Отажонов, тожикистонлик Жўрабек Муродов, Жўрабек Набиев, туркманистонлик Бобомурод Ҳамдамов ва бошқалар томонидан ҳурматга сазовор бўлиб, ардоқланиб келган.
Шу ўринда Ўзбекистон халқ бахшилари Норбек Абдуллаев, Қаландар Норматовлар Комилжон устозга иҳлос қўйиб шогирдликка боришганларида “сизлар уммонни қўйиб, ирмоққа келибсизлар. Бола бахши устоз олдига боринглар” дея лутф қилади.
Бугунги кунда минглаб “Комилжон”лар устоз мактабини ўрганиб, ривожлантирган ҳолда эл-юртга тарғиб қилиб келмоқдалар.
Комилжон Отаниёзов ўзининг бетакрор ва янгроқ овози билан нафақат республикамизда, балки Ўрта Осиё, Қозоғистон, Ҳиндис-тон, Афғонистон, Бирма мамлакатларида ҳам ўзбек санъатини кенг намойиш қилиб, олқишларга сазовор бўлган санъаткордир.
Комилжон Отаниёзов ўзбек санъатининг барча жанрларида фаолият олиб бораётган ижодкорлар билан доимо ижобий ҳамкорликда бўлган, уларнинг ижро йўлларига муносабат билдириб келган. Жумладан, опера санъати намояндалари Карим Зокиров, Саодат Қобулова, ўзбек эстрада санъатининг асосчиси Ботир Зокиров, дирижёр Саид Алиевлар шулар жумласидандир.
Жаҳон эстрада санъатидан ҳам боҳабар бўлганликларини кузатамиз. 60-70 йилларда италиялик ёш хонанда Робиртино Лоретта кенг диапазонли овози билан дунё саҳнасига чиқади.
Унинг овози мусиқа тилидаги учинчи “октава” даги “До”, “Ре”, “Ми” ноталардаги хониши барча тингловчиларни лол қолдирди. Устоз Комилжон Робертинонинг “Жамайка” ашуласига муносабат билдириб, ашуланинг авж пардалардаги “Жамааайка” иборасини ҳудди ўша юқори пардаларда италянча оҳангда ижро қилиб муҳлисларни мафтун этардилар.
Устоз муаллима, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Ёқутжон Ибодуллаеванинг “Умрим дафтаридаги дурдоналар” китобидан Комилжон Отаниёзов ҳақидаги бир лавҳани эътиборингизга ҳавола қилишни жоиз деб билдик:
“Оиламизда биринчи фарзанд дунёга келди. Улуғбекнинг туғилиш шарофати билан уйимиз бамисоли тўйхонага айланди. Машҳур санъаткор Комилжон Отаниёзов билан отамизнинг ўртасида борди-келдиси бўлган. Эшитиб, “Эшон бобомиз неварали бўлибди-да, бориб табриклаб келайлик, руҳлари шод бўлади”-деб умр йўлдоши Имсиной опа билан келишди. Комилжон ака узоқ сафар таассуротларини берилиб гапирди. Жуда яхши кутиб олганликлари, муҳлислари сафи янада кенгайганликларини айтиб, шодлигини баҳам кўрди.
– Менинг созим ҳам, овозим ҳам Хивада сайқал топган,-деди қадим шаҳримизнинг муқаддас, табаррук гўша эканлигини таъкидлаб - мени эл юртга танитган ҳам Хива. Мен Хивада ташкил этилган халқ театрида ишлаганман. Отам Отаниёз Оҳун Ибодулла Эшон билан қиёматлик дўст тутинганлар. Бирга хон саройида хизмат қилганлар. Мени Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳийлар руҳи қўллади. Отамнинг қолаверса, Эшон табибнинг дуоларини олганман Хивада. Хива менга оқ йўл тилади. Нон-туз тутди, буни асло унутмайман, - деб шу куни жўшиб-жўшиб куйлади.
Айвонимиз одамлар билан тўлди. Қариндошлар, қўшнилар, дўстлар... Болалар, ёшлар томнинг устига чиқиб олишган. (Ёқутжон Ибодуллаева. “Умрим дафтаридаги дурдоналар”, “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи”, Т. 2015)
Комилжон Отаниёзов ҳаётидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Буюк санъаткор, саҳоватпеша инсон Комилжон Отаниёзов номи, у яратиб кетган куй-қўшиқлари, дилтортар ашулалари ибратли умр йўли билан доимо қалбимизда.
Давлатназар ЮСУПОВ.