SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  БАХТГА ЕТАКЛОВЧИ МЎЪЖИЗА

БАХТГА ЕТАКЛОВЧИ МЎЪЖИЗА

« Назад

11.11.2017 04:23

Америкалик файласуф Жим Рон “Кўникма ҳосил қилиш – бу бахт ва муваффақиятга элтувчи энг яқин йўл” дейди ўзининг “Ақл витаминлари” китобида. Бундай фикрлар неча асрлар олдин тасаввуф таълимотида илгари сурилган эди. Бу илм Ислом маънавиятининг, қолаверса жаҳон тафаккур оламининг буюк таълимотидир. У орқали инсон ўз руҳий оламини ва иродасини тарбиялайди. Инсон руҳияти ҳам барча аниқ ва табиий фанлар қатори зарур илмдир.
Шарқда кўпгина алломалар тасаввуф таълимотини ўзлаштирганлар. Улардан бири Нажмиддин Кубро бўлиб, у авлодларга бой мерос билан бир қаторда, ватанпарварликни ибрат намунаси қилиб қолдирган. У 76 ёшида мўғул босқинига қарши мардонавор курашиб ҳалок бўлган. Нажмиддин Кубро Кубровия тариқатига асос солади. Бу тариқат ҳам Қуръони карим ва Ҳадиси шарифдаги таълимот асосида шакллангандир. Жисм ва руҳнинг бир мақсад, комиллик сари ҳаракати замирида биргина кишининг, ёки маълум гуруҳнинг манфаати эмас, балки бутун жамиятнинг келажаги намоёндир. Комиллик сари дадил қадам ташлашда алломаларимизнинг қолдирган меросини ўрганиш энг тўғри йўлдир.
Ҳаёт-мамот масаласи сифатидаги вазифалардан бири бу – келажак авлодга аждодларимиз, миллатимиз томонидан йиғиб-териб келинаётган илмларни етказиш, у хоҳ диний, хоҳ дунёвий илм бўлсин, барча-барчасини айниқса, ёшлар билиши муҳим. Бундай улуғ вазифани бажаришда китоб энг яхши воситадир. “Китоб барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир”. Соҳибқирон А.Темурнинг ушбу ўгитлари қанчалик тўғри эканини тарихнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Ўзбек халқи таълим - тарбияга оид бой меросга эга бўлиб, авлодларда инсонпарварлик, камтарлик, меҳнатсеварлик, дўстлик, меҳр-оқибат, биродарлик, одоблилик каби умуминсоний фазилатларни тарбиялаб келган. Мустақиллик туфайли халқимиз дунёга юз тутди ва жаҳон бизни таниди. Биз тарихимизга, маданиятимизга янгича назар билан қарай бошладик ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммоларни ижобий ҳал қилишга киришдик. Барча соҳалар сингари она тилимиз ва у билан боғлиқ муаммолар ҳам аста-секин ечимини топмоқда.
Болани ўз замонинг нуқтаи назаридан эмас, балки ўз замони нуқтаи назаридан тарбиялаш лозим. Бугунги жамият ривожи эса таълим услубларини ҳам тубдан ислоҳ этишни талаб этмоқда. Талабга яраша таклиф бўлганидек, бу йўлда камчиликларга ва ҳатоларга йўл қўйиш мумкин эмас.

Моможон МАДАМИНОВА,
тумандаги 46-умумий ўрта таълим мактаби маънавий-марифий ишлар бўйича директор ўринбосари, “Халқ таълими аълочиси”.