SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  “АРДОҚЛАНДИ ҚАДР-ҚИММАТИМ”

“АРДОҚЛАНДИ ҚАДР-ҚИММАТИМ”

« Назад

29.01.2018 08:36

Ана шу эзгу мақсад муддаони кўзлаб мамлакатимизда амалга оширилаётган хайрли ишлар, айниқса, кейинги бир йил ичидаги белгиланган аниқ чора-тадбирлар халқимиз дилида чексиз миннатдорчилик, мамнуният туйғуларини жўш урдирмоқда.
2017 – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Давлат дас-тури доирасида бошланиб, узлуксиз давом этаётган амалий ишлар юртдошларимиз ҳаётидаги ижобий ўзгаришларга, айни пайтда уларнинг эртанги кунга ишончи ортиб, ижтимоий фаоллиги кучайишига замин яратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, қисқа муддатда қанча-қанча одамнинг йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолари ечилгани Ўзбекистонда халқ ҳокимияти номига эмас, амалда жорий этилаётганини кўрсатмоқда. Бу эса ўз навбатида одамларнинг розилигини таъминлашга хизмат қилаётир.
Ана шундай ибратли ишлардан бири– фуқароларнинг конституция-вий ҳақ-ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқариш, қадр-қиммати, шаънини ҳимоя қилиш билан боғлиқ тадбирлардир.
Айниқса, юртимизда узоқ йиллар давомида истиқомат қилиб, лекин фуқаролиги бўлмаган элдошларимиз фуқароликка қабул қилиниб, Ўзбекистон паспорти топширилаётгани қонунийлик, инсонпарварлик ва ижтимоий бағрикенгликнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди.
– 2018 йилни кутиб олиш арафасида Президентимиз Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилган бир гуруҳ хоразмлик элдошларимизга паспорт топшириш тантаналари ўзига хос байрамга айланди, – дейди Хива шаҳар ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси бошлиғи Мансурбек Ғоипов. – Улар қаторида хивалик-лардан 13 нафар киши кўпдан орзу қилган мақсадига эришиб кўпчилик қатори диллари қувончга, фахр-ифтихорга тўлди.
– Туркманистонинг Тошҳовуз вилоятидан Хивага келин бўлиб тушганимга 23 йил бўлди, - дейди Чинобод қишлоғида яшовчи Амина Жуманиёзова. – Турмуш ўртоғим билан бир ўғил, икки қизни тарбиялаб бахтли ҳаёт кечирмоқдамиз. Лекин очиғи, фуқаролигим йўқлиги юрагимда армон эди. Ўзбекистон фуқароси бўлишни ҳавас қи-лардим. Президентимизнинг ғам-хўрлиги боис бу орзуим ҳам ушалди. Мингдан-минг раҳмат!
Кўнглида миннатдорчилик туй-ғулари тўлиб-тошиб турган аёлнинг сўзларини тинглаб беихтиёр Навоий ҳазратларининг
Кимки бир кўнгли бузуқнинг
хотирин шод айлагай,
Онча борким Каъба вайрон
бўлса обод айлагай,
деган сатрлари ёдга келади.
– Янги йил мен ва оиламдагилар учун қўша қувонч, қўша шодиёна бўлди, – дейди Хива туманидаги Соёт қишлоғида яшовчи Зулфия Аҳмаджонова.– Тақдир тақозоси билан 1994 йилда Қирғизистондан келин бўлиб тушдим. Оиламиз билан бахтли турмиш кечирмоқдамиз, ҳамма шарт-шароитлар етарли. Меҳнат фаолиятимни фермер хўжалигида олиб бораяпман. Бу ғамхўрликдан бошим осмонга етди. Инсон қадри улуғланаётган мамлакатда яшаётганимдан беҳад шодман. Шу юрт равнақига ўз меҳнатим билан ҳисса қўшиш-- эзгу ниятим. Яна бир нарсани алоҳида қайд қилишни ҳоҳлайман. У ҳам бўлса Ўзбекистонинг қўшни Турк-манистон, Қирғистон, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари, борди-келдилар, автобуслар қатнови йўлга қўйилаётгани айниқса, барчамизни хушнуд қилди. Бу тарздаги ҳамжиҳатлик барқарор бўлсин!
Бу хил истакларни Ўзбекистон фуқаролигига мушарраф бўл-ган Азиза Раҳимова, Бахтиёр Матёқубовлар ҳам қувона-қувона изҳор этишди.
– Энди менга барча йўллар, имкониятлар очилди, –дейди фуқаролик мақомига эришган Хива шаҳар «Калта минор» маҳалласида яшовчи Б.Матёқубов. – Россияда ўқиб олий маълумот олганман. Ниятим у ердаги танишларим ҳамкорлигида янги технологияларни олиб келиб, тадбиркорликни йўлга қўймоқчиман. Яратилган шарт-шароитлардан мамнун тарзда, ишончни албатта оқлайман. Энг муҳими армонларимиз ушалди. Ўзбекистоннинг тўлақонли фуқароси сифатида сайлаш ҳуқуқидан, Конституциямизда ифода этилган ҳуқуқ ва эркинлик-лардан тўла баҳраманд бўлдик.
Фуқаролик паспортини қўлида ушлаб, кўзда қувонч ёши балқиб турган бу ва бошқа элдошларимизнинг ҳаяжони, дил изҳорлари беихтиёр шеърий сатрларга кўчди.

Паспорт – фуқаролик ҳужжати,
Қўлга олдим. Кўзларимда ёш.
Ардоқланди қадр-қимматим,
Ўксик дилим ёритди қуёш.

Шак- шубҳасиз йўқдир баҳоси,
Ахир тенглар ичра тенгликнинг.
Бу мурувват, бу чексиз сийлов,
Нишонаси бағрикенгликнинг.

Минг шукрки, гарчи эгним бут,
Минг шукрки ,дастурхон тўкин.
Яширмайман, кўнгил тўрида,
Аччиқ бир дард яшарди лекин.

Бор эсам-да гарчи сафларда,
Бир армондан бошим хам эди.
Худди бордек юракда кемтик,
Гоҳ яширин кўзда нам эди.

Орзуларим, мана ушалди,
Армонимдан асар йўқ энди.
Умр йўлимга иқбол тўшалди,
Кўксим осмон, кўнглим тўқ энди.

Қай манзилда туғилганиммас,
Кимга меҳр берганим муҳим.
Бу тупроқ мен учун муқаддас,
Шу замин-ла пайваста руҳим.

Таърифлашга сўз ожиз бугун,
Дил қувончим, бу хушнуд оним.
Ўзбекистон фуқаросиман,
Шу ватанга бахшида жоним!

Отабек ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.