SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Шунингдек  /  1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни ИХЛОС ВА МЕҲР

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни ИХЛОС ВА МЕҲР

« Назад

01.10.2017 03:43

Шаҳардаги 12-сон умумтаълим мактаби биология фани ўқитувчиси Райҳон Собиржонова ҳам ана шундай фазилат эгаси. У ўтган асрнинг 80-йилларида айнан бугун ўзи ёшларга сабоқ бераётган илм даргоҳида таҳсил олган. Ўша даврдаёқ В.Б.Пак, Б.Қобулов, В.Каримова, Ш.Аширов, шунингдек, О.Қурбонова каби меҳридарё устозларига ҳавас қилиб ўқитувчи бўлишни орзу қилганлигини у алоҳида тўлқинланиб ҳикоя қилади. Ана шу орзу мақсадга айланиб Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтига ўқишга кирди. Уни муваффақиятли битказиб буни қарангки, 1993 йилдан қадрдон мактабида устозлари сафида меҳнат фаолиятини бошлади.
Яхшиларга ҳавас қилган, эргашган ҳеч қачон кам бўлмайди, деганларидек Райҳон устоз ҳам таълим-тарбия жараёнида ҳамиша ўқиш ва изланишда бўлди, тажрибали устозлардан самарали иш услубларини ўрганишдан чарчамади. Янгиликларга интилди. Фан йўналишида тўгараклар ташкил қилди. Натижа эса ёмон бўлмади. Ҳаракатлари самараси сифатида у 2012 йилда “Халқ таълими аълочиси” нишонига сазовор бўлди.
2017 йил ҳам устоз учун ютуқлар йили бўлди. Таълим соҳаси бўйича анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган вилоят танловида у “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди. Республика босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, совриндорлар қаторидан ўрин олди.
Устоздан сабоқ олган собиқ ўқувчилар бугун турли касб эгалари. Б.Раззоқова, Д.Қурбонова, Н.Матяқубова, Ш.Аширов, Н.Назарова, М.Волькова, Ф.Машарипова ва бошқалар эса бугун ўқитувчилик касбида фаолият олиб боришмоқда. Қувонарли жиҳати шундаки, унинг тўнғич фарзанди Осилхон Деванова ҳам онаси ва устозларига ҳавас қилиб касб таълими йўналишида Тошкент ахборот технологиялари институтида таҳсил олаётир.
Р.Собиржонова собиқ ўқувчиларининг ҳаётдаги интилишларини ҳам кўриб, кузатиб боради.
- Яқинда собиқ ўқувчиларимдан бир қанчаси олий ўқув юртлари талабалари бўлганларини эшитиб ота-оналари сингари чин дилдан қувондим, - дейди у. – Улар орасида Шаҳзода Бобожонова худди мен сингари ТДПУга айнан биология йўналиши бўйича ўқишга кирганлиги, муносиб издош-лар етишаётганидан бошим осмонга етди.
Устоз доимий ўқиб-изланишда. Айниқса, ёшларнинг она табиатни асраб-авайлаш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлашдаги масъулиятини, дов-дарахтлар, гулу гулзорларни кўпайтиришга бўлган иштиёқини ошириш борасида кўплаб тадбирлар, амалий машғулотлар ўтказишга ҳаракат қилади.
- Жамоамиз сафида Райҳон Собиржоновага ўхшаган фидойи ўқитувчилар жуда кўп, – дейди мактаб директори Шавкат Аширов. – Зеро, таълим соҳаси ходимларига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳар бир устоз, мураббий зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Масъулият билан қилинган иш эса ҳамиша қувончли самаралар бериши шубҳасиз.
О.ИСМОИЛОВ.

 Суратларда: шаҳардаги 12-сон мактаб муаллималари Нигора 

Мейлибоева ва Райҳон Собиржонова машғулот пайтида.