SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Туризм

Хива сайёҳлар нигоҳида

1997 йилда Хива шаҳрининг 2500 йиллиги нишонланаётган қувончли дамларда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Шарқнинг энг йирик илмий маркази - Маъмун Академиясини Хива шаҳрида қайта ташкил этиш тўғрисида Фармон қабул қилди.
Ҳозирда академияда мутахассис ва олимлар томонидан 10 дан зиёд лойиҳа асосида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, академияда «Хоразм тарихи ва маданияти» доимий экспозицияси номи билан ташкил этилган музей бўлиб, унда 300 га яқин, фондида эса 1000 дан ортиқ экспонат мавжуд. Музейни экспонатлар билан бойитиш мақсадида академия ходимлари томонидан археологик ва этнографик экспедициялар амалга оширилмоқда. Музей академиянинг 2-қаватида бўлиб, биринчи ва иккинчи залларида жойлашган. Жорий йилда унга 20 дан ортиқ экспонат қабул қилинди. Улар ҳозирги Ҳазорасп худудидаги «Ҳумбузтепа» ёдгорлигидан топилган бўлиб, миллоддан аввалги V асрга оиддир.
Музей 12 та бўлимдан иборат. Воҳанинг энг қадимги давридан ҳозирга қадар даврни қамраб олган. 1.“Хоразмнинг энг қадимги деҳқончилик маданияти”. 2.“Хоразмда шаҳар маданияти ва қадимги давлатчиликнинг вужудга келиши”. 3.“Қадимги Хоразмда Зардуштийлик”. 4.“Хоразмнинг илк ўрта асрдаги тарихи ва маданияти”. 5.“Хоразм буюк ипак йўлида”. 6.“Ўрта асрларда Хоразм”. 7.“Хорази Маъмун академияси”. 8.“Хоразмнинг мўғулларга қарши озодлик ҳаракати”. 9. “Темурийлар даврида Хоразм”. 10. “Хива хонлиги XVI-XIX асрларда”. 11.“XX асрда Хоразмда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий жараёнлар”. 12. “Мустақиллик йилларида Хоразм” каби бўлимлардир.
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 27 январь куни Маъмун академиясида бўлди. Унда илмий муассасани сайёҳлик йўналишларига киритиш, илмий йўналишлар ва тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, уларни амалиётга кенг жорий этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди, – дейди фонд сақловчиси Шохруҳмирзо Исмоилов.
Бугун академия Шарқ гавҳари бўлмиш Хивада ўз фаолиятини олиб борар экан, дунё цивилизациясига воҳанинг қўшган ҳиссасини илмий далиллар билан намоён этмоқда. Ўзбекистоннинг тарихини янги ишончли манбалар билан бойитишдаги хизмати ҳам беқиёсдир.

Ш.МАТЁҚУБОВА, “Хива тонги” муҳбири.


19.05.2017 11:18/ читать дальше...

Гиламчилик халқ амалий санъатининг кенг тарқалган тури бўлиб, кўп асрлик миллий анъана ва узоқ тарихга эга. Гилам тўқиш қадимдан чорвачилик билан шуғулланган халқлар орасида кенг тарқалган. Гилам хона ичини безаш, иссиқ сақлаш, товушни камайтириш учун хизмат қилади. Гиламчилик тарихи милоддан аввалги I-минг йилликка бориб тақалади. V-VII аср қўл ёзмаларида Хоразмда гилам тўқиш санъати ривожланганлиги хақида ёзилган. Гилам, жой-намоз тўқилиб чет мамлакатларга сотилган. Қадимда гилам тўқиш билан асосан аёллар шуғулланиб, уй шароитида ер дастгоҳларида, қўлда тўқилган. Гиламнинг патли ва патсиз хиллари, тиқма ва босма хиллари бўлади.
Ичон қалъадаги Хоразм амалий санъати экспозиция-сидан XIX-XX аср бошлари-да XX асрнинг 70-80 йилларида тўқилган халқ усталарининг ёрқин санъат асарлари дурдоналари кенг ўрин олган.
XX асрнинг 50 йилларига келиб гилам тўқиш устаси Бибижон Жуманиёзова гилам тўқиш сирларини ўргатган.
Гиламларда туркман нақшлари кўп учрайди, нақшлар жигар ранг, қизил ёки тўқ рангли бўлади. Бу ерда турли хажмдаги гилам, хуржун, тўрва халталарни кўрасиз. Намойишга қўйилган портрет гиламлар ва паласлар хивалик гилам усталари А.Сапаева, Р.Норметова томонидан тўқилган. Бир сўз билан айтганда Хоразм гиламчилиги ўзининг миллий анъаналари-ни сақлаган ҳолда янги тажрибалар билан бойимоқда. Бизнинг гиламларимиз чет давлатларнинг музей экспозицияларида, доимий кўр-газмалардан жой олган.
Гиламларда хосият кўп. У фақат тўшаладиган буюмгина эмас, деворларга, турли кўргазмаларга файз бағишловчи санъат асари ҳам ҳисобланади.
Хива азалдан мато тўқиш маскани. XIII асрда бу юртга ташриф буюрган италиялик машҳур сайёҳ Марко Поло Хивада тўқилган гиламларни кўриб, Ўрта Осиёга саёҳати тўғрисидаги китобида шундай ёзади: “Биласизми, бу қадим, кўҳна шаҳарда шундай нозик ва нафис, бежирим ва гўзал гиламлар тўқилар эканки, бундай гиламларни дунёнинг бошқа жойларида учратмадим. Қизил, кўк, жигаррангли гиламлар ўзининг чиройи билан эмас, пишиқ-пухта, чидамлилиги билан ҳам ажралиб туради”. Бу Хива нафақат илм-фан, адабиёт ва санъат маркази балки, ажойиб ҳунармандлар юрти ҳам эканлигидан далолат беради. Зевар Қурбонова, Ойбиби Жуманиёзова, Анабиби Матрасулова гиламчиликда илғор тўқувчилардан ҳисобланади. Хозирги кунда қўлда тўқиш билан Санобар Абдуллаева, Бакпошша Юсупова ва уларнинг бир қанча шогирдлари шуғулланяптилар. Шу билан бирга ҳозирда Ичан қалъада ипак гилам тўқиш цехи ташкил топган.
Зеро, бугун шу бобомерос, момомерос касб садоқат ва эътиқод билан улуғланаётгани, айни пайтда миллий қадриятларимизнинг эъзоз топаётганлигининг ёрқин ифодасидир.
Ш.Майлиева,
«Ичон-қалъа»
музей- қўриқхонаси Хоразм амалий санъати бўлими катта илмий ходими.

 


19.05.2017 11:19/ читать дальше...

Музейлар давлатчилигимиз тарихининг ўзига хос тимсоли бўлиб, улар аждодларимизнинг бой маданий мероси сифатида бизга ўтмишдан ҳикоя қилади. Улар халқимизнинг ўтмишини, юксалиб бориш босқичларини акс эттирувчи ноёб экспонатларни асраш, ўрганиш, бойитиб бориш ва дунёга олиб чиқишнинг мустаҳкам асосидир.
Қадимий Хиванинг ўзи музейлар шаҳри. Улар очиқ осмон остида туриб, кўз олдимизда тарихни жонлантириб, бевосита кўрсатиб туради гўё.
- Хивада илк музей-кўргазма 1920 йил 27 апрель куни Бутунхоразм халқ вакиллари I қурултойи қатнашчиларининг иштирокида, эски хонлар қароргоҳи Кўҳна Арк биносининг Арзхонасида очилди, – дейди “Ичон-қалъа» музей-қўриқхонаси илмий оммавий ва маданий оқартув бўлими мудири Д.Бобожонов, - Ишчилари мудир ва қоровулдан иборат музейнинг очилишига маориф ва маданият нозири Мулла Бекжон Раҳмон ўғли, “Ёш хиваликлар” партиясининг йўлбошчиси Мулла Жуманиёз Султонмуродовлар ўзларининг ҳиссасини қўшдилар. Бугунги кунда музей-қўриқхона вилоят музейшунослик марказига айланган, у ўлка олимлари, мутахассислари, тадқиқотчилари ва кенг жамоатчилик фаолларини бирлаштирган.
Жорий йилда азим шаҳримизда яна бир музей иш бошладики, унинг фаолияти мустақиллигимиз-нинг илк кунларидан то ҳозиргача бўлган давр ҳақида ҳикоя қилади. “Мустақил Ўзбекистон: Озод ва обод Ватан” экспозицияси номи билан аталувчи бу масканга киришингиз билан Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг сиймоси акс этган портретга кўзингиз тушади. Музей ичи очиқ дарслар ўтказиш учун маҳсус жиҳозланган.
– Ўнг тарафдан бошлаб мустақиллигимиз қўлга киритилган кунлардан дарак берувчи маълумотлар ва суратларда ифодаланган тасвирлар билан уйғунлашиб кетган, – дейди экспозиция катта илмий ходими Динора Каримова.
Бугун Ичон-қаъланинг қайси музейига кирманг, ходимларнинг муомаласи ва ташриф буюрувчиларга кўрсатаётган хизматлари эътирофга лойиқ, буни шаҳримизга келган меҳмонлар фикридан ҳам билиб олиш мумкин.
– Хивага биринчи бор келишим, – дейди Андижон вилояти Шаҳрихон туманидан Маҳарамхон хожи она Рўзиева, – опа-сингилларим билан уч йилдан бери келишни ният қилардик, мана бу йил келиш насиб этди. Хива бизга жуда манзур бўлди, ҳамма обидалар ансамбль бўлиб жойлашгани эса келганларга жуда қулай экан. Эртаклар оламида сайр қилганга ўҳшадик.
Ш.РАШИДБЕКОВА.

 


19.05.2017 11:20/ читать дальше...

Маълумки, Хива-минора-лар шаҳри. Қадимда Хоразмда бунёд этилган кўплаб миноралардан шу бугунгача Ичон-қалъа ва Дешон-қалъада сақланиб қолган 16 та минора бус-бутун бизгача етиб келган. Лекин бу минораларнинг ҳақиқий баландлиги тўғрисида маълумотлар жуда кам. Бу минораларнинг ҳақиқий баландлигини ўлчаш ишлари муҳандислик масалаларидан бири эканлигидан келиб чиқиб яқинда Маъмун академияси илмий ходимлари Ислом Хўжа минораси ўлчов ишларини бажаришди.
Ушбу минора Хива хони Исфандиёрхонинг бош вазири, буюк ислоҳотчи Ислом Хўжа ҳомийлигида тикланган.
Ислом Хўжа минораси 1908-1910 йилларда мадраса билан бир вақтда қурилган. Ушбу пурвиқор минора нафақат Ислом Хўжа мадрасасини балки, бутун шаҳар қиёфасини безаб туради. Минорада Худойберган Ҳожи, Эшмуҳаммад Худойбердиев, Болта Ваисов, Мадаминов каби машҳур усталар кошин ишларини моҳирона бажарганлар. Миноранинг 4 та нуқтаси бўйича тепа элементларининг бурчаклари ўлчаб олинди.
Тадқиқот натижаларига кўра, Ислом Хўжа минорасининг ер сатҳидан умумий баландлиги 50,5 метрни ташкил қилишини аниқладик.
Миноранинг ер ости қисмини ўрганишни мақсад қилдик. Чунки, унинг замини ва пойдевори қандай ишланганлиги бўйича тадқиқот иши қилинмаган. Бу бўйича турлича талқин ва фаразлар мавжуд эди.
Моҳир усталар миноранинг диаметрини баландлик ортгани сайин камайтириб борганлар. Минорага баландлиги 38-42 см. бўлган 120 та айланма зинапоя орқали кўтарилади. Ичкарига ёруғлик тушиб туриши учун айлана бўйлаб 10 та туйнук ишланган. Миноранинг ердан ўн метр баландликдаги қисмига ўрнатилган мармартошга Ислом Хўжа минорасининг қурилишига атаб шоир Ниёзий томонидан битилган шеърнинг тарихий матни машҳур хаттот Худойберган Девон томонидан ўйиб ёзилган. Миноранинг энг тепасига баландлиги икки ярим метрлик мисдан ишланган қубба қўйиб, устига шамол ҳаракатига қараб айланиб турадиган ҳилол ўрнатилган. 1997 йилда бу ўнта бўлакдан иборат бўлган қубба ерга туширилиб, тилла суви билан қопланди ва ўқ тешиб ўтган жойлари таъмирланган.
Шурф қазиш жараёнида минора пойдевори тўлиқ ўрганилди. Олинган натижалар қурилиш ва меъморчилик фани учун янгилик сифатида жуда катта аҳамият касб этади.
Ислом Хўжа минорасининг замини (айлана диаметри 18метр)текислангандан кейин махсус лой қатлами билан сувалган экан. Бу билан биринчидан, пойдеворни ер ости сувлари агрессив таъсиридан ҳимоя қилинган бўлса, иккинчидан, ушбу лой қатламининг юқори пластиклик хусусияти туфайли сейсмик таъсирни сўндиришга эришилган.
Миноранинг конструктив ечимини таҳлил қилар эканмиз, деворининг ер сатҳидан -1,0 метр баландликда қалин-лиги 18-19 см. бўлган мармар блоклардан гидроизоляция ва сейсмоизоляция қатлами қўйилган. Минорани тиклашда ишлатилган ушбу оқилона тадбир яъни мармар блоклар зилзила пайтида сейсмик изоляцион сирпанувчи қатлам ролини ҳам бажаради.
Ислом Хўжа минорасида ички зинапоялар ер сатҳидан 5,0 метр баландликдаги масофадан бошланган. Минорани қурилиш услубларини ва қурилиш материалларининг турли хил хусусиятларини ўрганиш бўйича тадқиқот ишлари давом этмоқда.
ЮНЕСКО томонидан “Очиқ осмон остидаги музей шаҳар” деб эътироф этилган қадимий Хивадаги кўкка бўй чўзиб турган Ислом Хўжа минораси салобати, мазмун ва шакли билан ўз даврининг юксак меъморчилик ва қурилиш санъати маҳсули сифатида қад ростлаб, кўрганларга ҳайрат бахш этаверади.
Г.ДУРДИЕВА,
Хоразм Маъмун академияси раиси ўринбосари,  техника фанлар номзоди.
Б.Давлетов,
«Ичон-қаъла» давлат музей-қўриқхонаси директори.


12.06.2017 07:00/ читать дальше...

Юксак маънавият ва маданият маркази бўлмиш Хоразм қадим-қадимдан ўзининг гео-стратегик ўрни, бошқарув салоҳияти ва айниқса, хоразмшоҳлар номи билан тарихда алоҳида ном қолдирган давлатлардан биридир. Милоддан аввалги IV асрда Хоразм Аҳмонийлардан мустақил бўлиб ажралиб чиқади. Македониялик Александр ва Салавкийлар даврида ҳам ўз мустақиллигини сақлаб қолган. Бу эса ўз навбатида, иқтисодиётнинг юксак даражада тараққий этишига ва Хоразмни энди шаклланаётган Буюк Ипак йўлидаги савдо-сотиқ алоқаларида асосий роль ўйновчи марказга айланишига олиб келди.
Кушонлар давридан бошлаб, Хоразм йирик транзит савдо марказларидан бирига айланди. Буюк Ипак йўлининг жанубий тармоғи орқали, Афғонистондан сердолик тош маржонлар, Ҳиндистондан турли хил суяк ҳайкалчалари келтирилган. Қўйқирқилганқалъа ва Жонбосқалъани археолик текшириш жараёнида Миср чиннисидан ишланган узум боши шак-лидаги буюмлар, маржонлар ва ҳайкалчалар топилган. Транзит савдо Хоразм шаҳарлари фаровонлигининг ўсишига имкон беради.
Хоразм кулолчилик буюмлари Жанубий Уралбўйидан тортиб то Бошқирдис-тонгача бўлган ҳудудлардаги ёдгорликлардан ҳам топилган. Буюк Ипак йўлининг шимолий тармоғи Хоразм орқали Қора денгиз бўйларига, ундан Европанинг бошқа ҳудудларига ўтган. Қўйқирқилганқалъа, Жонбосқалъа ва Бозорқалъадан топилган ҳар хил маржонлар Шимолий Қора денгиз бўйи ҳудудларидаги юнон шаҳарларидан келтирилган.
Юнон географи Страбон ўз асарида – “бу дарёда (Амударё ва Узбой) кема юра олади ва у орқали оқим бўйлаб кўплаб ҳинд товарлари Каспий денгизга олиб борилади. Ундан сўнг Албанияга (Кавказортидаги), кейин Кир (Кура) дарёсига чиқилиб, у орқали Понт Эвксин (Қора денгиз)га чиқилган” – деб кўрсатиб ўтган эди.
Изланишлар шуни кўрсатади-ки, Буюк Ипак йўлининг жанубий ва шимолий тармоқларининг Хоразм шаҳарлари орқали ўтиши унинг янада дунёга танилишида катта ҳисса қўшди.
Хоразм Марказий Осиё ва Европа савдо-сотиғида, маънавий ва маданий ҳаётида етакчи роль ўйнаб келган. Ҳозирги кунда ҳам воҳа ўзининг ҳунармандчилик, санъат, меъморчилик, тарихнавислик соҳалари билан машҳурдир.

Г.ЁҚУБОВА,
Хива иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи тарих фани ўқитувчиси.


08.07.2017 05:26/ читать дальше...