SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Туризм  /  ЎТМИШДАН ҲИКОЯ ҚИЛАДИ

ЎТМИШДАН ҲИКОЯ ҚИЛАДИ

« Назад

19.05.2017 11:20

Музейлар давлатчилигимиз тарихининг ўзига хос тимсоли бўлиб, улар аждодларимизнинг бой маданий мероси сифатида бизга ўтмишдан ҳикоя қилади. Улар халқимизнинг ўтмишини, юксалиб бориш босқичларини акс эттирувчи ноёб экспонатларни асраш, ўрганиш, бойитиб бориш ва дунёга олиб чиқишнинг мустаҳкам асосидир.
Қадимий Хиванинг ўзи музейлар шаҳри. Улар очиқ осмон остида туриб, кўз олдимизда тарихни жонлантириб, бевосита кўрсатиб туради гўё.
- Хивада илк музей-кўргазма 1920 йил 27 апрель куни Бутунхоразм халқ вакиллари I қурултойи қатнашчиларининг иштирокида, эски хонлар қароргоҳи Кўҳна Арк биносининг Арзхонасида очилди, – дейди “Ичон-қалъа» музей-қўриқхонаси илмий оммавий ва маданий оқартув бўлими мудири Д.Бобожонов, - Ишчилари мудир ва қоровулдан иборат музейнинг очилишига маориф ва маданият нозири Мулла Бекжон Раҳмон ўғли, “Ёш хиваликлар” партиясининг йўлбошчиси Мулла Жуманиёз Султонмуродовлар ўзларининг ҳиссасини қўшдилар. Бугунги кунда музей-қўриқхона вилоят музейшунослик марказига айланган, у ўлка олимлари, мутахассислари, тадқиқотчилари ва кенг жамоатчилик фаолларини бирлаштирган.
Жорий йилда азим шаҳримизда яна бир музей иш бошладики, унинг фаолияти мустақиллигимиз-нинг илк кунларидан то ҳозиргача бўлган давр ҳақида ҳикоя қилади. “Мустақил Ўзбекистон: Озод ва обод Ватан” экспозицияси номи билан аталувчи бу масканга киришингиз билан Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг сиймоси акс этган портретга кўзингиз тушади. Музей ичи очиқ дарслар ўтказиш учун маҳсус жиҳозланган.
– Ўнг тарафдан бошлаб мустақиллигимиз қўлга киритилган кунлардан дарак берувчи маълумотлар ва суратларда ифодаланган тасвирлар билан уйғунлашиб кетган, – дейди экспозиция катта илмий ходими Динора Каримова.
Бугун Ичон-қаъланинг қайси музейига кирманг, ходимларнинг муомаласи ва ташриф буюрувчиларга кўрсатаётган хизматлари эътирофга лойиқ, буни шаҳримизга келган меҳмонлар фикридан ҳам билиб олиш мумкин.
– Хивага биринчи бор келишим, – дейди Андижон вилояти Шаҳрихон туманидан Маҳарамхон хожи она Рўзиева, – опа-сингилларим билан уч йилдан бери келишни ният қилардик, мана бу йил келиш насиб этди. Хива бизга жуда манзур бўлди, ҳамма обидалар ансамбль бўлиб жойлашгани эса келганларга жуда қулай экан. Эртаклар оламида сайр қилганга ўҳшадик.
Ш.РАШИДБЕКОВА.