SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Туризм  /  ЎТМИШ БИЛАН БОҒЛОВЧИ КЎЗГУ

ЎТМИШ БИЛАН БОҒЛОВЧИ КЎЗГУ

« Назад

16.05.2018 13:40 Азим Хивамизнинг Ичон-қалъаси музей-қўриқхона дея ном қозонган. Дар-ҳақиқат, бу ерга қадам ранжида қилувчи ҳар бир сайёҳ очиқ осмон остидаги музейни томоша қилар экан, бу ном айнан шаҳримизга жуда-жуда муносиб эканига тан беради. Дарвоқе, қўҳна макон-манзиллар сони кўп. Уларда сақланаётган ҳар бир экспонат миллий маданиятимиз, ота-боболаримизнинг ўтмишидан ҳикоя қилади.
...1920 йил 27 апрель. Хивада илк музей очилди. 1967 йилдан эса тарихий-меъморий Давлат музей-қўриқхонага айлантирилди.
“Ичон-қалъа” Давлат музей-қўриқхонасининг 69 та залида жойлашган 15 та экспозиция Хоразм ва Хива тарихини, унинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини кўрсатиб беради.
Маънавият ва маърифат маскани. Ёш авлод тарбиясида музейлар алоҳида ўринга эга. Шу сабаб ХХ асрнинг бошларида бутун дунёда болалар музейларини ташкил этиш бошланган. “Ичон-қалъа” музей-қўриқхонасига ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари мактаб ҳамда коллеж ўқувчиларининг саёҳати мунтазам ташкил этилиши ҳам ёшлар тарбиясига эътибор намунасидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси-нинг 2014 йил 11 июлдаги “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ташриф буюрувчилар сонини янада ошишига ҳаракат қилувчи муҳим ҳужжат бўлди. Бу ҳар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари, қолаверса, ҳар йили сентябрь ойида бўладиган “Музейлар ҳафталиги” давомида ота-оналар фарзандлари билан юртимиздаги музейларга бепул киришларига шароит яратди.
Юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар халқимиз тарихи, маданияти, санъати, миллий анъаналари билан қизиқади. Бу эса музей туризмини ривожлантириш лозимлигини англатади. Бунда замонавий технологиялардан фойдаланиш, келажак авлодимизни тарихнинг  “тирик гувоҳлари” бўлмиш экспонатлар, ўтмиш тасвирлари муҳрланган миниатюралару суратлар орқали уларда аждодлар билан фахрланиш туйғусини кучайтиришда муҳимдир.
Хивада илк музей очилишини биринчи ўзбек кинематографи Худойберган Девонов суратларда муҳрлаб қолдирган. Хиваликларнинг аксариятига маълумки, Исломхўжа    мадрасаси қаршисида 1910 йилда бунёд этилган рус тузем (янги усул) мактаби бор. Ана шу мактабнинг биринчи қаватида Худойберган Девоновнинг ҳамда иккинчи қаватда “Халқ таълими тарихи” доимий кўргазмалари очилган. Х.Девоновнинг доимий кўргазмасида шаҳ-римизнинг ўша даврдаги кўринишлари акс этган фото ва видеоларни  томоша қилиш мумкин. Шунингдек, Хива хонлигидан ўша даврдаги хон ва амалдорлари, оддий халқ, кийим-кечаклари акс этган суратлар билан танишиш имконияти ҳам мавжуд.
Ичон қалъа кўчаларининг жонли тасвирлари, соддадил кишилар... Ана шундай тарихнинг кўз олдимизда жонли намоён бўлиши нафақат ички сайёҳларимиз балки, чет давлатларидан ташриф буюрувчи меҳмонларимизни ҳам ҳайратда қолдиради.
Хиванинг Дешон қалъаси ҳам кишини ўзига мафтун этадиган обидалари билан машҳур. Биринчи Хива касалхонаси, почта-телеграф биноси, Нуруллабой саройи, “Қибла тозабоғ” саройи ва бошқа қатор масжиду мадрасалар. Ҳозирда почта-телеграф биносида “Алоқа тарихи” музейи ташкил қилинган.
Дешон қалъадаги музейлардан яна бири Маъмун академиясида ташкил этилган. У “Хоразм тарихи ва маданияти доимий экспозицияси” фонди номи билан аталиб, 12 та бўлимдан иборат. Бу бўлимлар Хоразмнинг энг қадимги давридан ҳозирги кунга қадар даврни қамраб олган. Унинг яна бир жиҳати Хоразм давлатчилиги тарихини кўрсатибгина қолмай, деҳқончилик, маданият, чет давлатлар билан ўзаро алоқалар, дин, мустақиллик даврлари ҳақида ҳам хабар бериб, кенг қамровлилиги билан ажралиб туради. Музейда 300га яқин, фондида эса 1000 дан ортиқ экспонат тўпланган.
Академияда фаолият олиб бораётган илмий ходимлар музей фондини бойитишда ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Ўтган 2017 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хивага ташрифи чоғида инсоният тарихидаги дастлабки академиялардан ҳисобланган академияда ҳам бўлган эди. Хоразм Маъмун академиясини сайёҳлик йўналишларига киритиш, илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, уларни амалиётга кенг жорий этиш каби масалаларга эътибор қаратиб, музейдаги экспонатлар сонини янада кўпайтириш лозимлигини таъкидлади. Жорий йилнинг 24 апрель кунги ташрифида ҳам Президентимиз ўтган бир йил мобайнида Хива шаҳридаги бебаҳо маданий ёдгорликлар асл қиёфасини йўқотмаган ҳолда таъмирланганининг гувоҳи бўлди. Хусусан, Нуруллабой тарихий мажмуаси реконструкция ва реставрация қилинди. Ресторан, қабуллар уйи, галерея, амфитеатр қурилди. Ўтган йилнинг ўзида музей фондига 20 дан ортиқ экспонат қабул қилинди. Бу юртбошимиз эътибори ва академия илмий ходимларининг саъй-ҳаракати натижасидир.
Шунингдек, Шерғозихон мадрасаси ҳам таъмирланиб экспонатлар билан бойитилди. Бу ерда туркман шоири Маҳтумқули, қорақалпоқ шоири Ажиниёзлар таҳсил олган. Мадрасада уларнинг доимий кўргазмалари ташкил этилган.
- Ҳақиқатан келиб кўриш керак бўлган шаҳар экан. Биринчи марта келишим Хивага, – дейди Нукус шаҳрилик Жолғизбой Хайдаров. – Ота-боболаримиз таҳсил олган мадрасани зиёрат қилганимдан хурсандман. Бу ерда уларнинг кўргазмаларини томоша қилиб фахр ва ғурур туйғусини туйдим.
- Масофа унча узоқ бўлмаса-да, Хивага биринчи келишим, – дейди яна бир қорақалпоғистонлик Ўсарбой Генжимов. – Энди тез-тез келиб тураман. Ичон-қалъа ажойиб қалъа экан. 
Мадраса залларини ўзгача қизиқиш билан томоша қилаётган хорижий сайёҳларнинг ҳам юртимиз ҳақидаги таассуротлари билан қизиқдик.
- Буюк инсонлар туғилиб ўсган жойни келиб кўришни хоҳлар эдик – дейди фалас-тинлик Амал Жабареен. – Ал Хоразмий, Беруний, Ибн-Сино каби алломалар ҳақида китоблардан ўқиганмиз. Энди эса уларни тарбиялаб вояга етказган юртдамиз. Бундан жуда мамнунмиз. 
- Ҳа, тўғри шаҳрингиз жуда чиройли,- дейди Раифа Жабареен. Айниқса, одамлари очиқкўнгил ва меҳрибонлиги бизга ёқди.
Суҳбатдошларимизга кўнгилли саёҳат тилаб “Қози калон” мадрасасидаги Хоразм мусиқа тарихи бўлинмасига йўл олдик.
- Бўлим 1992 йилда ташкил этилган бўлиб I-XX асрлардаги Хоразм мусиқаси тарихини ёритувчи экспонатлар жой олган – дейди бўлим мудири Комил Аминов. – Бу ерда ислом динидан олдинги даврга оид мусиқа асбоблари ҳам бор. Экспонатлар Тупроққалъа ва Қўй қирқилган қалъадан топилган.
Шунингдек, бўлимда Ибн-Сино, Ал Хоразмий, Фаробийларнинг мусиқа санъа-тига оид асарлари ҳам жой олган.
Бўлимимизда 3 майдан 3 июнгача “Хоразм мақом санъати дарғалари” кўргазмаси ташкил қилинди. Бу шаҳримизга келган меҳмонларни мусиқа санъати ва унинг ривожланишига улкан ҳисса қўшган инсонлар ҳақида кенгроқ таништиришга имкон беради. Меҳмонлар Хоразм мусиқа санъати намуналаридан тинглаб, баҳраманд бўлиш учун шароит яратилган.
Ушбу мақола муаллифлари материалларни тайёрлаш жараёнида жаҳон нигоҳидаги музей-қўриқхонани саёҳат қилиб, ўзимиз ҳам мазмунли хордиқ чиқардик.
Ойдин ЮСУПОВА,
“Ичон-қалъа” Давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими.
Шахруза МАТЯҚУБОВА,
“Хива тонги” махсус мухбири.