SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Туризм  /  ҚАДИМИЙ ВА АРДОҚЛИ КАСБ

ҚАДИМИЙ ВА АРДОҚЛИ КАСБ

« Назад

19.05.2017 11:19

Гиламчилик халқ амалий санъатининг кенг тарқалган тури бўлиб, кўп асрлик миллий анъана ва узоқ тарихга эга. Гилам тўқиш қадимдан чорвачилик билан шуғулланган халқлар орасида кенг тарқалган. Гилам хона ичини безаш, иссиқ сақлаш, товушни камайтириш учун хизмат қилади. Гиламчилик тарихи милоддан аввалги I-минг йилликка бориб тақалади. V-VII аср қўл ёзмаларида Хоразмда гилам тўқиш санъати ривожланганлиги хақида ёзилган. Гилам, жой-намоз тўқилиб чет мамлакатларга сотилган. Қадимда гилам тўқиш билан асосан аёллар шуғулланиб, уй шароитида ер дастгоҳларида, қўлда тўқилган. Гиламнинг патли ва патсиз хиллари, тиқма ва босма хиллари бўлади.
Ичон қалъадаги Хоразм амалий санъати экспозиция-сидан XIX-XX аср бошлари-да XX асрнинг 70-80 йилларида тўқилган халқ усталарининг ёрқин санъат асарлари дурдоналари кенг ўрин олган.
XX асрнинг 50 йилларига келиб гилам тўқиш устаси Бибижон Жуманиёзова гилам тўқиш сирларини ўргатган.
Гиламларда туркман нақшлари кўп учрайди, нақшлар жигар ранг, қизил ёки тўқ рангли бўлади. Бу ерда турли хажмдаги гилам, хуржун, тўрва халталарни кўрасиз. Намойишга қўйилган портрет гиламлар ва паласлар хивалик гилам усталари А.Сапаева, Р.Норметова томонидан тўқилган. Бир сўз билан айтганда Хоразм гиламчилиги ўзининг миллий анъаналари-ни сақлаган ҳолда янги тажрибалар билан бойимоқда. Бизнинг гиламларимиз чет давлатларнинг музей экспозицияларида, доимий кўр-газмалардан жой олган.
Гиламларда хосият кўп. У фақат тўшаладиган буюмгина эмас, деворларга, турли кўргазмаларга файз бағишловчи санъат асари ҳам ҳисобланади.
Хива азалдан мато тўқиш маскани. XIII асрда бу юртга ташриф буюрган италиялик машҳур сайёҳ Марко Поло Хивада тўқилган гиламларни кўриб, Ўрта Осиёга саёҳати тўғрисидаги китобида шундай ёзади: “Биласизми, бу қадим, кўҳна шаҳарда шундай нозик ва нафис, бежирим ва гўзал гиламлар тўқилар эканки, бундай гиламларни дунёнинг бошқа жойларида учратмадим. Қизил, кўк, жигаррангли гиламлар ўзининг чиройи билан эмас, пишиқ-пухта, чидамлилиги билан ҳам ажралиб туради”. Бу Хива нафақат илм-фан, адабиёт ва санъат маркази балки, ажойиб ҳунармандлар юрти ҳам эканлигидан далолат беради. Зевар Қурбонова, Ойбиби Жуманиёзова, Анабиби Матрасулова гиламчиликда илғор тўқувчилардан ҳисобланади. Хозирги кунда қўлда тўқиш билан Санобар Абдуллаева, Бакпошша Юсупова ва уларнинг бир қанча шогирдлари шуғулланяптилар. Шу билан бирга ҳозирда Ичан қалъада ипак гилам тўқиш цехи ташкил топган.
Зеро, бугун шу бобомерос, момомерос касб садоқат ва эътиқод билан улуғланаётгани, айни пайтда миллий қадриятларимизнинг эъзоз топаётганлигининг ёрқин ифодасидир.
Ш.Майлиева,
«Ичон-қалъа»
музей- қўриқхонаси Хоразм амалий санъати бўлими катта илмий ходими.