SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Туризм  /  ИҚТИСОДИЁТ ТАЯНЧИ

ИҚТИСОДИЁТ ТАЯНЧИ

« Назад

23.03.2018 08:12

Айни кунларда нишонланаётган Наврўз байрами тантаналарида элдошларимиз қатори чет эллик ва маҳаллий сайёҳлар ҳам иштирок этмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида муҳим ва долзарб вазифалар қатори иқтисодиётнинг муҳим таянчи ҳисобланган туризмни ривожлантиришга эътибор қаратилгани диққатга сазовордир.
“Ҳозирги кунда миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири – бу туризмдир, дейилади Мурожаатномада. - Ўзбекистон туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўлган давлат ҳисобланади.
Юртимизда 7 минг 300 дан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд ва уларнинг аксарияти ЮНЕСКО рўйхатига олинган”.
Юртимизда халқаро ва маҳаллий сайёҳликни кенг йўлга қўйиш имкониятлари катта бўлган ҳудудлардан бири – бу қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳримиздир.
Кейинги даврда тарихий шаҳардаги меъморий, маданий обидаларни ўрганиш, таъмирлаш ишлари кенг йўлга қўйилаётгани, замонавий поездлар қатнови учун темир йўл барпо этилаётгани, ободонлаштириш юмушлари бошлаб юборилгани шу соҳа ривожига замин яратади.
Наврўз ва бошқа байрамларда дам олиш кунлари узайтирилиб, сайёҳларга йўл ва меҳмонхона хизматлари учун имтиёзлар белгилангани барчани қувонтирмоқда.
Халқимизда меҳмон келса - ризқ келади, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Туризм соҳасида халқаро алоқаларни ривожлантириш сайёҳлар оқимининг ошишига, бинобарин мамлакат хазинасининг тўлиб-тошишига хизмат қилади.
Бу эса ўз навбатида сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш тизимларини такомиллаштиришни тақозо этади. Барча қулайликларга эга меҳмонхоналар барпо этиш, транспорт, алоқа, овқатланиш, савдо, шунингдек, кўнгилли дам олиш билан боғлиқ хизматларни намунали йўлга қўйиш шулар жумласидандир. Шу билан бир қаторда туризм соҳаси учун қадрлар тайёрлаш ҳам муҳим масала ҳисобланади.
Бу соҳага ҳисса қўшиш мақсадида Хива педагогика коллежида ҳам туризм йўналиши ташкил этилган бўлиб, талабаларга иқтисод ва бошқа фанлар қатори чет тиллар ҳам пухта ўргатилмоқда.
Гулчеҳра ЮСУПОВА,
Хива педагогика коллежи иқтисодиёт фани ўқитувчиси.