SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Туризм  /  ДУНЁ ОШИҚАЁТГАН ОШИЁН

ДУНЁ ОШИҚАЁТГАН ОШИЁН

« Назад

19.09.2017 05:54

Ичон-қалъада обидаларга қараб ўзларининг тилларида гап бермай суҳбатлашаётган янги сайёҳлар гуруҳига ҳавас-ла, боқар экансиз, етти иқлимга донғи кетган кўҳна кентингиз билан янада фахр-ланасиз.
Хива айниқса, байрамларда, яхши кунларда бошқача манзара кашф этади. Халқаро “Рақс сеҳри” фестивали баҳона қанча-қанча хорижлик меҳмонлар билан суҳбатлашдик, мустақил диёримиз, унинг одамлари ҳақида таассуротларини ўртоқлашдик.
- Жаҳонда жуда чиройли ва тарихий шаҳрингиз билан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди, - дейди ҳиндистонлик жаноб Винад Кумар, - фестиваль оқшомлари Ичон-қалъа турфа рангларда жилоланди. Бундай манзараларни унутиб бўлмайди. Буни кўриб, Хивага яна келиш ҳоҳишингиз ошаверади.
Грециялик сайёҳ Мариавва Хисми: - Саёҳатимиз рақслар фестивалига тўғри келганидан жуда хурсандмиз. Ўзбек халқининг миллий рақслари жилоси бизни мафтун этди. Куйлар оҳанги, қўллар ҳаракатига маҳлиё бўлиб, беихтиёр ўзим ҳам ўрнимдан туриб кетганимни билмай қолибман.
Ўрта Осиё тарихига қизиқаётган испаниялик олим Жесус Гил Фуесанта Ўзбекистоннинг узоқ ўтмиши ва бой тарихи ҳақида гапираркан, фестивалга алоҳида тўхталди:
- Маданият ва санъатнинг бу даражада юксалишида миллий рақсларнинг илдизи ҳам узоқ ўтмишга бориб тақалишини Хивада ҳис қилиб турибман. Айниқса, хоразмликларнинг куй-навоси ўзига хослиги, жўшқинлиги билан ажралиб турди.
Сайёҳлар тилидан бундай сўзларни эшитиш нақадар мароқли. Улар оқимининг кўпайишидан осори атиқаларимизни кўз қорачиғидек асраш, шаҳримизга янада оро бериш истаги ошгандан ошаверади.

Ш.МАШАРИПОВ.