SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ --- Инсонийлик ва мардлик тимсоли

ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ --- Инсонийлик ва мардлик тимсоли

« Назад

31.08.2020 11:28

Хўш, унинг озодлик учун курашчи, қаҳрамонга айланиши, юртга, халққа нисбатан меҳр-муҳаббати юксак, эътиқодда собит, адолатпарвар, олижаноб фазилатларга эга инсон сифатида шаклланиши қандай кечган?
Жалолиддиннинг ёшлик йиллари ҳақида маълумотлар бизгача кам етиб келган. Лекин Хоразмшоҳлар саройида XII аср охири, XIII аср бошларида кечган воқеаларни кузатиб, унинг ёшлик йиллари ҳақида баъзи хулосаларга келиш мумкин. Маълумки, Хоразмшоҳ Ануштегинийлар саройида тарихий асарларда тилга олинмайдиган, бироқ барча ҳукмдорлар амал қилган ёзилмаган қонун бор эди. Улар ўғуз қабиласига мансуб Бекдили уруғидан бўлган қиз-ларни маликаликка танларди. Улардан туғиладиган ўғил фарзандлар тахт ворисларига айланарди. Бошқа маликалардан туғилган фарзандлар валиаҳд бўлолмасди. Бу ҳол мамлакатни бир сулола вакиллари изчил бошқаришига, турли қабилалар, уруғлар ўртасида тахт учун курашлар юзага келмаслигига, давлатнинг тараққий этишига хизмат қиларди. Бу ҳолат Оловуддин Такаш ҳукмдорлигининг охиригача давом этди. 1200 йилда Оловуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ тахтга ўтириши билан бу ёзилмаган қонунга путур етди. Бунинг сабаби бор эди. Такашнинг катта ўғли тахт вориси Носириддин Маликшоҳ 1197 йилда вафот этади. Натижада Такашнинг қипчоқларга мансуб хотинидан туғилган ўғли Оловуддин Муҳаммад тахт ворисига айланади. Лекин Хоразмшоҳ Такаш мамлакат ярим ўғуз, ярим қипчоқ Оловуддин Муҳаммад қўлида қолиб кетмаслиги учун унга Бекдили уруғидан бўлган малика Ойчечакни олиб беради. Ундан 1199 йилда туғилган фарзанд Жалолиддинни Муҳаммад Хоразмшоҳга валиаҳд қилиб белгилайди.
Аммо Такаш вафотидан кейин Оловуддин Муҳаммадни ҳам, мамлакат ҳукмронлигини ҳам қўлга олган Туркон хотун ўғузларни салтанат ишларидан четлаштириб, қипчоқларни давлат таянчларига айлантиришга уринади. Жалолиддинни валиаҳдликдан четлаштириб, унинг ўрнига Муҳаммад Хоразмшоҳнинг қипчоқ хотинидан туғилган ўғли Ўзлоқшоҳни тахт вориси деб эълон қилдиради. Воқеаларнинг бундай кечиши Туркон хотуннинг Жалолиддин билан онасига адоват билан қараганини, улар ўртасида зимдан қара-ма-қаршилик, душманлик кечганини кўрсатади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Жалолиддин дастлабки тарбия ва таълимни онаси қўл остида олади. Отаси Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳам ўғли Жалолиддинга меҳрибонлик кўрсатади. Уни доимо ўзи билан бирга олиб юради, Туркон хотун хуружларидан ҳимоя қилади. Бу борада муаррихлар “Бошқа укаларининг вақтичоғлик қилиши ва дунё неъматларига берилган бўлишига қарамасдан Султон Жалолиддин ҳеч қачон отаси ёнидан айрилмасди, давлат ишларида унга ёрдам берарди”, деб ёзади. Онанинг дастлабки таълим тарбияси, саройдаги зиддиятлар, момоси Туркон хотуннинг нафрати, отаси султон Муҳаммаднинг муҳаббати, мамлакатдаги улкан ўзгаришлар, илм-маърифатнинг юксалиши барча-барчаси ёш Жалолиддин ҳаётида ўчмас из қолдиради. Етуклик пиллапоялари ўша даврдан бошланади. Бу ҳақда тарихчи Отамалик Жувайний “Тарихи жаҳонгушо” асарида “Султон Муҳаммаднинг ўғиллари орасида ёш жиҳатидан энг каттаси, жасорат ва билим жиҳатидан устуни, салтанат тожи ва илоҳиёт чироғининг нури Султон Жалолиддин эди”, деб маълумот беради. Бу қисқагина маълумот Жалолиддиннинг ёшлик давридан бошлаб ниҳоятда илм-маърифатли, имон-эътиқодда собит, салтанат ишларини англаб етишда моҳир, ҳарб соҳасида мард ва жасур бўлиб вояга етганлигини англатади.
Тарихий битиклар муаллифлари Жалолиддин шахсияти ҳақида сўз юритганда уни ниҳоятда мулоҳазакор, камтар, яқинлари, сафдошларига яхшиликлар кўрсатган, улардан меҳр-муҳаббатини аямаган инсон сифатида эътироф этади. Бундай олижаноб хусусиятлар унинг отасига, укалари — Ғиёсиддин Пиршоҳ, Рукниддин Ғурсанжтий, Қутбиддин Ўзлоқшоҳ, Оқшоҳ ва бошқаларга нисбатан муносабатларида ҳам намоён бўлади. Тарихий асарлардан маълумки, ҳукмдорлар саройларида ота-болалар, ака-укалар ва бошқа яқин қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат, дўстона ҳамкор-лик туйғулари ҳамиша ҳам устувор бўлавермаган. Аксинча, тахт учун кураш, отани болага, акани укага қарши қилиб қўйган. Оқибатда кўп мамлакатларнинг ички ҳаётида тахт талашиш билан боғлиқ фожиалар содир бўлган. Жалолиддин мана шундай хунрезлик-лардан ўзини тийган. Эътибор беринг, у тахт вориси қилиб белгиланган. Лекин Туркон хотуннинг тазйиқи билан валиаҳдликдан четлаштирилади, ўрнига укаси Қутбиддин Ўзлоқшоҳ тахт вориси қилиб белгиланади. Бундай пайтда Жалолиддин бошқалар каби Туркон хотун билан, отаси ва укаси билан тахт учун курашга киришиши мумкин эди. У бундай йўл тутмайди. Отасига садоқат билан хизмат қилади. Укаларига эса меҳрибонлик кўрсатади. Муаррих Рашидиддин “Жомъе ут-таворих” асарида ака-укалар ўртасидаги муносабатлар тўғрисида тўхталиб шундай ёзади: “Ака-укалар орасида мустаҳкам дўстлик, меҳр-оқибат ришталари ва бирдамлик бор эди. Айниқса, Жалолиддин укаларига бу борада ибрат бўладиган даражада иш тутар, уларга ниҳоятда меҳрибон эди. У ҳаётга ақл кўзи билан қарар ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашга интиларди. Аммо фалак қозиси унга вафо қилмади, укаларининг кўпчилиги мўғуллар қўлида ўлим топди. Булар султонни оғир қайғуга солди”.
Жалолиддин қалбида бундай олижаноб туйғуларнинг бўй кўрсатиши унинг яхши таълим-тарбия олганлигидан ва юксак инсоний хусусиятларга эгалигидан дарак беради.
Унинг отаси билан муносабатлари ҳам ҳурмат-эҳтиром асосига қурилган эди. У Оловуддин Муҳаммаднинг барча юришларида қатнашади, жанг-ларда мардлик кўрсатади. 1216 йилда Хоразмшоҳ хонлар хони ҳисобланган Қорахитой ҳукмдори Гурхон устига юриш бошлайди. Аммо Изғир дарёси бўйида Гурхонни мағлуб қилиб қайтаётган Чингизхоннинг ўғли Жўжи бошчилигидаги мўғул қўшини билан тўқнаш келади. Жангда мўғуллар Хоразмшоҳ қўшинининг чап ва марказий қисмига ҳужум қилиб, уларни оғир аҳволга солади. Шунда Жалолиддин бошчилигидаги ўнг томон мўғулларга ҳужум қилиб, мардлик кўрсатади ва қўшинни мағлубиятдан асраб қолади. Хоразмшоҳ Муҳаммад ҳам ўғли Жалолиддиннинг ўзига нисбатан садоқатини, ҳурмат-эътиборини яхши билар, унинг мардлигига тан берар, шунинг учун бошқа ўғилларини қўл остидаги мулкларни бошқаришга жўнатиб юборса ҳам уни ёнидан четлаштирмас эди. Шу тариқа Жалолиддин отасининг барча зафарли юришларида фаол иштирок этади. Ҳатто отаси мўғуллар босқинидан қочиб Каспий денгизидаги Ашур ода оролига борганида ҳам унга садоқат билан ҳамроҳлик қилади. Хоразмшоҳ ана шу оролда ҳаётининг сўнгги дамларида салтанат ворислигини Ўзлоқшоҳдан олиб Жалолиддинга топширади. Мамлакатни мўғуллар чангалидан фақат Жалолиддингина қутқара олади, деб ишонч билдиради.
XX асрдан кейин Хоразмшоҳлар тарихи ҳақида ёзилган баъзи асарларда Жалолиддин билан отаси ўртасида жиддий зиддият, қарама-қаршилик бор эди, деб кўрсатилган. Лекин тарихий асарларнинг бирортасида бундай зиддият ҳақида маълумот учрамайди. Фақат Жувайнийнинг “Тарихи жаҳонгушо”сида мўғуллар юртга бостириб келган пайтда Жалолиддин отасига душманга қарши кураш йўлини тутиш керак, деган фикрни билдиргани айтилади, холос.
Жалолиддиннинг отасига нисбатан ҳурмат-эҳтироми унинг вафотидан кейин ҳам давом этади. Муаррих Шиҳо-биддин Муҳаммад Насавий “Султон Жалолиддин Менгбурний ҳаёти тафсилоти” асарида шундай воқеани келтиради: “Султон Ҳилотни босиб олганидан кейин қўл остидаги барча ўлкаларга фатҳнома юбориш тўғрисида фармойиш берди. Мен фатҳномада Жалолиддин унвонини унинг отаси Улуғ султон (Муҳаммад Хоразмшоҳ) унвонлари каби битиш тўғрисида вазир Шарафул мулкдан кўрсатма олдим. Аммо Султон ўзига нисбат берилган бу унвонларни рад қилди, бу борада норозилик билдириб шундай деди: “Мен ҳам қўшиним сонининг кўплиги ва хазинадаги бойлигимнинг мўллиги жиҳатдан Улуғ султоннинг катта мамлукларидан бири даражасига етганимда ёрлиқларга битиладиган унвонимни отамнинг унвонлари сингари ёзишга рухсат этаман. Ҳозирча эса йўқ!” Менинг уятдан тилим танглайимга ёпишиб қолди. Унинг айтган гаплари ҳақ эди”.

(Давоми "Хива тонги" газетасининг навбатдаги сонида)