SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  УНУТИЛМАС ОНЛАР

УНУТИЛМАС ОНЛАР

« Назад

21.02.2017 02:02

Шоир ва таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Матназар Абдулҳакимни ҳаётида орттирган дўсту биродарлари, яқинлари, мухлислари кўп. Синфдош, курсдош, шифокор, фермер, ҳуқуқ-тартибот ходими, қўйинг-чи, турли соҳа вакиллари аллома шоирнинг шеъриятидан баҳраманд. Уларнинг ўзига хос “ўтиришма”лари, дилтортар суҳбатлари, мушоиралари бўларди...
Содиқ дўстлар ҳозир ҳам ана шундай учрашувларни, ширин хотираларни алоҳида соғинч билан эслаб туришади. Улардан бири Озод ака Каримов, “Ичон қалъа” Давлат музей-қўриқхонаси заҳираси бош муҳофизи, Матназар ака билан кечган самимий мулоқотларини шундай эслайди:
-1969 йилда мен ҳам Таганрог педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирдим. Бизнинг гуруҳимизда 30 нафар хоразмлик йигит-қизлар бор эди. Матназар ака бизгача ўқишга кирган, мазкур олийгоҳнинг 3-курсида таҳсил оларди. У ўзбекистонлик талабаларнинг орасида саҳийлиги, ҳамиша ёрдамга тайёрлиги, маслаҳатлари билан ажралиб турарди.
Матназар ака факультет деворий газетаси таҳрир ҳайъати аъзоси, қизиқарли мақолалар, ўзбек ва рус шоирларининг, шунингдек, ўзининг ҳам шеърларини чиқарарди. У институтимиз фахри, спорт ҳаётида баскетбол ва волейбол бўйича ўтказиладиган мусобақаларда факультетимиз шарафини ҳимоя қиларди.
Биринчи Президенти-миз ташаббуслари билан қайта ташкил этилган Маъмун академиясининг қайта фаолият бошлаганини Матназар ака мамнуният билан қарши олди. Ўзи ҳам бу ерга биринчилардан бўлиб ишга таклиф қилинди. “Ичон-қалъа” музей-қўриқхонасига тез-тез келиб турар, воҳа шоир ва ёзувчиларининг бизда сақланаётган қўлёзма асарлари билан танишиб чиқарди. Адабиётшунос олим сифатида Огаҳий, Мирзо Бедил, Паҳлавон Маҳмуд каби сўз санъаткорлари шеъриятининг тадқиқотчиси, уларнинг ўнлаб китобларини нашрга тайёрлаб, ўзбек адабиёти хазинасига баракали ҳисса қўшди.
Орадан йиллар ўтар, лекин Матназар Абдул-ҳакимнинг ўлмас шеърияти, у билан учрашган онларимиз, суҳбатига аржумандлигимиз ҳеч қачон унутилмайди.