SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  УМИДИМ ЮЛДУЗЛАРИ

УМИДИМ ЮЛДУЗЛАРИ

« Назад

19.06.2017 05:28

... Мана, акамни, мени, синглим ва укамни аллалаган қадрдон бешик бугун ўзининг беҳавотир бағрида яна бир гўдакни қучиб, сокин тебранади.
Айвонида шуврғони узумлар пишиб, тагида райҳонлар иси уфуриб турган бобом бобаракотнинг файзли хонадони яна бир авлод вакили камол топишига гувоҳ бўлаётир.
Эрта баҳорда қалдирғоч келмасдан қулоғимга сирға тақишга улгурган илиқ меҳрли бувижонимнинг иссиқ қучоғида йўқотган нарсамни топгандай қалбим қувончга тўларди.
Бир куни онамнинг қаршилигига қарамай бувамнинг араваларига миниб, ўтнинг устида ухлаб қолибман. Арава кўприкдан ўтаётиб, йиқилиб тушганимда элатнинг одамлари югуриб келиб, мени кўтариб олишган. Энди бувим мени ҳаммадан кўп яхши кўради, бутун эътибори менда бўлади деб йиқилганимга ҳурсанд бўлганим ёдимга тушса, ўз-ўзимдан ҳижолат бўлиб қулоғимгача қизариб кетаман.
Беш ёшлигимда бувам бирда ётиб қолдилар. Ипак қурти боқаётган уйда бувамни ётқизишга жой йўқ. Ипак қуртлари билан бувам ётган жой орасига мато қоқиб, долонда ётқизиб, унинг оғзига нам пахта қўйиб турардик. Ипак қуртига уйининг тўридан жой берган бувамнинг машаққатли ҳаёти уч кунда якун топди. Сирдар-ёда ўқиб юрган амакимга бувамни сўнгги манзилга белига белбоғ боғлаб тобутни кўтариб бориш насиб қилмагани қариндош-уруғ барчамизнинг юрагимизда битмас оғриқ каби эслаганда санчиқ беради.
Орадан кўп ўтмай бувим ҳам ётиб қолдилар. Бувижоним алаҳсираб онасини чақирардилар. Бувимнинг онасини чорловини эшитиб она муҳаббати одам боласига икки дун-ёда ҳам ҳамроҳ бўлиши дилимга озгина юпанч бўлди. Бувам ва бувимни қабристонга қадар қўлма-қўл олишиб, елкаларида кўтариб борган савобталаб инсонлар аҳли қариндошдай дардкаш, отамдай кўзимга иссиқ, қалбимга яқин бўлиб қолган.
Қалбимга яқин инсонлар орасида мен яхши кўрган ва мени яхши кўрган устозларим ҳам бор. Энг ҳушнуд дамларим уларнинг муборак ҳузурида, уларнинг кўз ўнгида намоён бўлди.
Ўсмирлик давримдаги шиддат ва шижоат, кўзлардаги чексиз ҳаяжон бари-барига гувоҳсан она мактабим. Сенинг бола қалбидай оқ деворинг менга ҳашаматли қасрлардан ҳам гўзалроқ кўринади.
Ўйлаб қарасам, кўзию қарашларида мусаффолик барқ урган дўстларимнинг дийдори бебаҳо неъмат.
Яхшилик боғининг боғбони бўлган, бутун фазилатлари нигоҳида жам бўлган отамнинг ҳар сўзи хазинаи ҳикмат.
Ҳаётнинг аччиқ заҳматларини бол дея тотган ҳалолликни меҳнати билан исботлаган онамнинг борлиги улкан саодат!
Иншооллоҳ, мен бу саодатни қалб қўримда асрагайман волидам. Асраб-авайлаб жондан азиз фарзандларимга мерос қолдиргайман.
Қошию киприклари отасига ўхшаган умидим юлдузларига қарайман.
Комроним юрагимни шукрона тўлдирди.
Меҳри кўзида балқиб турган Камоладдин.
- Менинг онам малика! –деб ўз-ўзини ҳурсанд қилиб юради.
- Пайғамбаримиз (с.а.в)- Фарзандлар жаннат райҳонларидир деганлар.
Шунинг учун ҳам фарзандларни бағримга боссам димоғимга ёқимли ҳид урилади.
Оллоҳ таоло мўмин – мусулмон бандаларига солиҳ фарзандлар берсин. Яратган эгам инсоният фарзандига онг, шуур, ақл-фаросат, меҳр–оқибат, диёнат неки саодатга бошловчи фазилатлар улашаётганда менинг фарзандларим ҳам қаторда бўлишсин, эҳсонда бенасиб бўлишмасин илохим.
Мана шу олий тилаклар, ўйлар, фикрлар, туйғулар бор вужудимни чулғаб олган, ҳаётим мазмунига айланган десам тўғри бўлади.
Юрагимдан ҳис қилиб, тилга олганим ҳар бири тушларимда ҳам мени тарк этмайди. Кўзимни юмиб руҳим тан қафасидан чиққудай бўл-са, бобомнинг боғларида бўламан. Сап-сариқ бўлиб пишган анжирлар, қўшалоқ гилослар шафтоли шохига чиқиб мева тераман. Ҳеч нарса ўзгармаган ҳаммаси олдингидай.
Бу ҳол яна яна такрорланаверади. Қанча такрорланса, шунча завқ бағишлайди, мени ҳеч зериктирмайди.
Менга бор қувончу изтироби билан дилимга илиқлик баҳшида қилган бундай туйғуни сиз ҳам ҳис килганмисиз!?
Мен бу туйғуларимнинг жамини бир умумий ном билан Ватан деб атайман.
Сен кўзимга нур, дилимга сурур берган бебаҳо хазина, аждодларимдан қолган мероссан, Она - Ватаним!
Адолат Машарипова,
УрДУ қошидаги 4-академик лицей ўқитувчиси.