SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  “ШЕЪРЛАР ҲАМ ҚАЛБ ПАРЧАСИ...” - Шоира Уллибиби Отаеванинг 70 йиллигига

“ШЕЪРЛАР ҲАМ ҚАЛБ ПАРЧАСИ...” - Шоира Уллибиби Отаеванинг 70 йиллигига

« Назад

26.04.2018 10:07

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари охири, етмишинчи йиллар бошларида ўзбек адабиётига истеъдодли, ўз услуб ва сўзига эга бўлган кўплаб ёш ижодкорлар дадил қадамлар билан кириб келишди. Улар  сафида элдошимиз Уллибиби Отаева ҳам бор эди.
Таниқли рус шоири Сергей Есениннинг
“Гўдакликдан маълум ҳар одам,
Бола бошдан, деган гап тўғри,” деб ёзганидек, (Эркин Воҳидов таржимаси) Уллиби Отаеванинг эл севган қаламкаш сифатида танилишига энг аввало яратганнинг унга ато этган нодир қобилияти, қолаверса, маънавиятли, зиёлилар бош бўлган оилада вояга етгани ва энг муҳими, тинимсиз ўқиб-изланиши, интилиши сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.
Булғуси шоиранинг илк шеърлари ўрта мактабнинг юқори  синфида ўқиб юрган йилларидаёқ – 1965-1966 йилларда Хива туман газетасида мунтазам ёритиб борилди.
Ўша йиллар ёшларга эътиборли устозлар ташаббуси билан туман газетаси таҳририяти қошида “Ёш қаламкашлар” тўгараги ташкил этилди. Машғулотларга нафақат шаҳар ва тумандаги бадиий ижодга ҳавас қўйган йигит-қизлар, балки катта ёшдаги қалам соҳиблари ҳам фаол иштирок этишарди.
Газета муҳаррири Полвонназар Машарипов, тарихчи, адабиётшунос Юсуф Рўзиматов, таниқли шоир ва адиблардан Дўстжон Матжон, Рўзимат Отаев ва бошқалар машғулотларда қатнашиб ижод йўлида илк қадамлар ташлаётган ёшларга ўзларининг маслаҳат ва йўл- йўриқларини беришарди.
Устозлар ҳам, тенгдошлар ҳам ўша пайтлардаёқ бўлғуси шоира Уллиби Ота-еванинг камтарлиги, одоб-ҳаёси, интилишларига ҳавас билан қарашарди.
Кейинчалик тўгарак аъзолари сафидан Уллиби Ота-ева сингари ҳаётини ижодга, илм йўлига бағишлаган Олимжон Бекжонов, Бипошша Жуманиёзова, Қодир Абдуллаев ва бошқа инсонлар етишиб чиқдилар ва элга танилдилар. Улар билан бир тўгаракка қатнаб, ҳамфикр бўлганлигим билан ҳали-ҳалигача фахрланиб юраман.
Мактабни тамомлагач, У.Отаева Самарқанд Давлат университетининг филология факультетида таҳсил олди. Талабалик йилларидаёқ ўз шеърлари билан республика матбуоти орқали кўпсонли мухлисларга танилди, энг муҳими юртимизнинг таниқли ёзувчилари, жумладан, Зулфияхоним эътиборига тушди, меҳрини қозонди.
Университетни муваффақиятли тамомлаб, “Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририятида фаолият кўрсатган йиллар Уллибиби Отаева ижодининг энг сермаҳсус, гуллаб-яшнаган даврлари бўлди. У нафақат шеърлари, достонлари, балки воҳа ҳаётининг турли жабҳаларини, айниқса, маданий-маърифий, маънавий соҳадаги ютуқлар, муаммолар ва истиқболли режаларни таъсирчан мақолалар, публицистик асарлар, лавҳа ва очерклари орқали ёрқин акс эттиришга эришди.
Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти томонидан 1976 йили Уллибиби Отаеванинг “Нашида” номли илк шеърлар тўплами чоп этилди ва мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди. Тўпламга муҳаррирлик қилган машҳур шоир Рауф Парфи “Уллибиби Отаеванинг номи ўқувчиларга кўпдан таниш, унинг шеър-лари теран, фалсафий мушоҳадаларга бой, рангин шеърлардир” дея юқори баҳо берган эди.
Ҳақиқатан ҳам шоира қаламига мансуб сатр-ларни мутолаа қилган ҳар бир зукко ўқувчи буни дилдан ҳис қилади. Гўзал ўхшатишлар, ҳайратбахш ташбеҳлар, фикрлашга чорловчи қиёслашлар завқ-шавқингизни оширади. Шоиранинг осмонча орзуларига ошно бўласиз, “тўлғоқ азобида толган  куртакларни” ҳис қиласиз, осмонўпар тоғларда ҳам армон борлигини англаб етасиз.
Шоира қайси мавзуда қалам тебратмасин, ижодкор сифатида катта масъулиятни ҳис қилади. Инсон қалбининг туб-тубидаги ҳис-туйғуларни жуда нозик-лик билан ифода этади, кутилмаган хулосалар, дейлик илгари кўрмаган, билмаган ёки кўриб, билган бўлсангиз ҳам тасаввур қилмаган ҳо-латларни ҳис қилишингизга туртки беради.
Дейлик суратларда кулиб турган одамларни кўп кўрганмиз. Ўйлаб кўр-ганмисиз? Улар шу қадар беташвишмиканлар? Шоиранинг “Суратлар” шеърини ўқисангиз бунга жавоб топасиз.
Суратларда кулиб 
              турамиз,
Ишлар беш, деб ўйлар 
                           одамлар.
Улар шундай беғамлик
                               рамзи,
Гўё йўқдай ташвишли
                            дамлар.

Балки шу пайт қай бир
                  ташвишнинг,
Оғирлигин туйиб 
                       турганмиз.
Ҳа, биз гоҳи сураткаш  
                              ишин,
Беш бўлмоғи учун 
                       кулганмиз.
Уллиби Отаеванинг “Бармоқлар сеҳри” (1980), “Замин дарғаси” (1991) ва вафотидан кейин 1998 йилда нашр этилган “Шукрона” номли тўпламларига жамланган шеърларининг барчасида ҳаётга бўлган меҳр-ни туясиз. У.Отаева нафақат шоира, балки адабиётшунос сифатида ҳам хайрли ишларни амалга оширди.
Айниқса, мумтоз адабиётимиз вакиллари, жумладан, Алишер Навоий ғазалларига ёзган шарҳлари Шарқ шеърияти сир-асрорларини анг-лаб етишда ихлосмандлар учун муҳим қўлланма бўлиб  хизмат қилди ва қилмоқда.
Армонли томони шундаки, айни ижодининг гуллаган чоғларида шоира касаллик туфайли Москва шаҳрида 1996 йил оламдан ўтди.
 Кўнгилга тасалли берадиган жиҳати эса ўзидан инсон сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам нурли излар қолдирди. Одилбек акадек дили-дилига туташ инсон билан оила қуриб, яхши фарзанларни камолга келтиришди. Ҳамкасблари ҳам, элдошлари ҳам унинг фақат ижодига эмас самимийлик, камтарлик, кўнгли поклик каби кўплаб инсоний фазилатларига ҳавас қилишарди.
 Шоиранинг шундай   сатрлари бор:
 Шеърлар ҳам қалб парчаси-меҳригиё гўдакдай,
“Қўл- оёғинг боғлашиб”, сўзсиз  измига солар.
Майли, боғлоғлик бўлсин оёқ-қўлларим фақат
 Шеърларим олисларга парвоз қила олсалар...
Шоиранинг орзулари амалга ошди. Гарчи умри қисқа бўлса-да, қалбининг гавҳарлари – шеърлари умрбоқийликка, ардоққа юз тутди. Вақт, давр чегараларидан ошиб парвоз этди. Минг-минглаб мухлисларнинг кўнгил мулкига айланди ва айланмоқда.
Шу кунларда шоирани 70 йиллиги нишонланиб, хотираси ҳурмат билан ёдланаётган давраларда улар баралла янграмоқда.
Отабек ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.