SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  ШАХЗОДА ДАЪВАТИ, УСТОЗ ШИЖОАТИ

ШАХЗОДА ДАЪВАТИ, УСТОЗ ШИЖОАТИ

« Назад

17.12.2017 10:07

Муҳаммад Ризо Огаҳий ҳазратлари нафақат улуғ шоир, тарихчи ва давлат арбоби шунингдек, моҳир таржимон ҳамдир. У Шарқ халқлари адабий ва маданий меросига оид ҳамда жаҳон маънавиятининг дурдоналари саналган ноёб асарларни туркий тилга ўгириб бу борада ҳам жуда катта мерос қолдирган сўз санъаткоридир. Йигирмадан зиёд ана шундай тарихий, диний-аҳлоқий ва бадиий асарлар ўзбек таржимачилиги тараққиётига жуда катта ҳисса бўлиб қўшилди. Ана шундай асарлардан бири Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асаридир.
Маълумотларга қараган-да Огаҳий бу асарни 1862-63 йилларда таржима қилган. Бу нодир китоб Огаҳийдан аввал ҳам, кейин ҳам бошқа мутаржимлар томонидан туркий тилга ўгирилган. Лекин адабиётшуносларнинг ҳолис баҳоси ҳамда таъкидлашларича, Огаҳий таржимаси ўз мукаммаллиги, бадиий савияси юқорилиги билан бошқалардан ажралиб туради. Огаҳий “Гулис-тон” таржимасида тўлиқ матнини беришдан ташқари унга сўзбоши ҳам ёзганлар ҳамда муаллиф ҳақида маълумот келтириш билан бирга Саъдий ижодий фаолиятига юксак баҳо берганлар.
Муаллиф ва асар мазмуни ҳақида сўз юритар экан, китобга “Гулистон” от қўюб, сегиз боб била сегиз беҳишт ёнғлиғ зийнат берибдур” дейди Огаҳий. “Гулистон” таржимасига ёзган дебочасида ўзининг таъкидлашича, бу хайрли ишни бошлаган даврда Огаҳий ҳазратларининг соғлиғи унча яхши бўлмаган Шундай бўлса-да, бу ишга алоҳида бир иштиёқ билан киришганларини қайд этганлар:
“…Шаҳзода Муҳаммад Раҳим тўра… фақирға ҳазрат шайх” Саъдий…нинг “Гулистон” отлиғ китобин турк тила била таржима қилмоқ хизматини буюрди… Агарчи фақир ушбу овонда бир шиддатлиғ касал меҳнатидин ниҳоятсиз нотавон ва ғоятсиз хас-та жон эрдим. Аммо ул жанобнинг мундоқ марҳаматидин… сиҳат, балки қувват шарбати лаззатин тотиб, бақадри ҳол бу ҳужаста фол хизматни буткармоққа мажолим борича жидду жаҳд ишин зуҳурға еткурдим”.
Огаҳий ҳазратлари бир ғазалида “очилмоғиға ғунча андоқки сабо боис” дея таъкидлаганларидек, яхши инсонларнинг хайрли ундови, қўллаб-қувватлаши баҳона улуғ бир иш амалга ошган ва у халқимизнинг, келажак авлодларнинг бебаҳо маънавий мулкига айланиб қолди.
Отабек ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Ғазаллар

Ошиқ ўлдинг, эй кўнгул, жонинг керакмасму санго,
Ўтға кирдинг жисми урёнинг керакмасму санго.

Истабон ул юз тамошосини кўздин дам-бадам,
Қон тўкарсан, чашми гирёнинг керакмасму санго.

Ҳар дам эткунг орзу кофир кўзи наззорасин,
Қил ҳазарким нақд имонинг керакмасму санго.

Лутфинг этдинг хаста кўнглумдин дариғ, эй шоҳи ҳусн,
Бу гадойи зору ҳайронинг керакмасму санго.

Ўзгаларга илтифотинг айладинг махсус, бу
Мустаҳиқи лутфу эҳсонинг керакмасму санго.

Сели ғамдин хонавайрон ўлдиму ёд этмадинг,
Айтким, бу хонавайронинг керакмасму санго.

Огаҳий ҳолин кўриб доим тағофил қилғасен,
Шоири донойи давронинг керакмасму санго.
***
Маскан айламиш ул юз узра чашми соҳирлар,
Ваҳ, недин экан кирмиш жаннат ичра кофирлар.

Холларимудур оё жабҳасида ул ойнинг,
Йўқса ҳинддин келмиш чин аро мусофирлар.

Лаблариға гар шогирд ўлса айб эмас Исо,
Ким, олардур ўлганга жон берурда моҳирлар.

Эрнию сўзи шавқи ичра кўзларим ҳар дам,
Сочғуси оёқиға лаъл ила жавоҳирлар.

Ғойиб ўлди ақл очғоч оразин не тонг сўрсам-
Ким, икки лаби эрди ул маҳалда ҳозирлар.

Неча боқса худбинлар баҳра топмас ул юздин-
Ким, кўрар ўзи аксин кўзгу ичра нозирлар.

Истасанг висолини сабр қил фироқиға,
Ким етар муродиға сабр бирла собирлар.

Даҳр фикрини билкул маҳв қил кўнгулдинким,
Хотир ўлмас осуда кетмайин хавотирлар.

Огаҳий, ҳамул доно шаҳ дуосини қилким,
Топти лутфидин онинг эътибор шоирлар.