SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  САНГАРЛИК ЧЕМПИОН

САНГАРЛИК ЧЕМПИОН

« Назад

06.10.2020 10:06

Сангар - Хиванинг қадимий ва машҳур гўшаларидан бири. Бу ердан таниқли полвонлар, курашчилар ва бошқа соҳа вакиллари етишиб чиққан. Шунингдек, халқ таълими фахрийларидан бири Аминбой ака Абдуллаев ва унинг оиласи ҳам шу қадрдон масканда умргузаронлик қилишади.
Ўнта бўлса ўрни бўлак деганларидек, набираларидан бири Шахлохон болалигидан катта спортга қизиқди. Мактаб чоғиданоқ, оғир атлетика билан шуғуллана бошлади. 
- Паҳлавон Маҳмуддек она юрт довруғини ошираман! Ватаним байроғини баланд кўтараман!
Шу ният мақсади - орзуга айланди. Мақсадга эришиш йўлида тинимсиз машқ қилди, устозлари маҳоратини ўрганди. Пирназар Мадримов, Оғажон Мадримов, Хушнуд Салаев каби тажрибали ва кучли спорт усталари кўмагида шаҳар, вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда иштирок этди.
Омад ўз-ўзидан келмаслиги аниқ. Айниқса, катта спортда. Чунки барча хатти-ҳаракатинг томошабин кўз ўнгида кўриниб туради. Ортингда жонажон Ўзбекистон шарафи, ота-онанг, ёру дўстларинг, устозларинг нигоҳи бутун вужудингни бир зум тарк этмайди. Чапдаст қўлларинг билан оғир штангга грифини кўтаришга чоғланар экансан, ҳаёлингдан нималар ўтмайди?!
- Ўзинг мадад бер, пирим!
Бу табаррук дуога йўғрилган сўзларни Шахлохон республика ва жаҳон спорт саҳнларида минг бора такрорлаган. Ота-онаси дуолари, устозлари меҳри уни ҳамиша янги зафарлар сари бошлайди. Беш карра Ўзбекистон, уч карра Осиё чемпиони Шахлохон Абдуллаева бугунги кунда Урганч Давлат университетининг жисмоний маданият ва хотин-қизлар инс-труктори йўналиши бўйича таҳсил олиш билан бирга, навбатдаги мусобақаларга ҳам қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
- Муваффақиятларнинг сири нимада? – дея сўраймиз катта спортимиз вакиласидан.
- Аввало мени оқ ювиб, оқ тараган она халқимга чексиз ва чексиз таъзим қиламан. Ҳар гал аренада “Шакхла-хан Абдел-лаева, Узбе-кистан” деб эълон қилишганида ва ниҳоят ғалабам шарафига байроғимиз кўтарилаётганда танам жимбирлаб кетади. Волидаи муҳтарамам, бобо-бувиларим-нинг муштоқ чеҳралари кўз олдимдан ўтади. Бундай лаҳзаларни сўз билан тасвирлашни ўзи қийин.
Россия, Литва, Жанубий Корея, Непал, Таиланд давлатларида ўтказилган қизғин бахслар бир умр ёдимда қолди. Устозларим Бахром Мендибаев, Маҳмуд Тагаев, федерациямиз раиси Шахрулла Шариповларнинг ғалабаларимдаги ҳиссаси катта.
- Шахлохон бундан-да, кўпроқ юлдузли онларга эришиши мумкинми?
- Албатта! Инсоннинг куч-қудрати чексиз-чегарасиз. Аммо баъзан ҳаётдаги тасодифлар, кутилмаган зарбалар эсанкиратиб қўяр экан, кишини. Кутилмаганда онам қаттиқ касалга чалиниб қолдилар. Ишонасизми уларни шифохонама шифохона кўтариб юрдим. Бу миннат эмас, фарзандлик бурч! Мана шундай оғир дамларда устозим Шахрулла ака менга яқиндан мададкор бўлдилар. Айнан шу кишининг кўрсатган беғараз ёрдами билан онам тузалиб кетдилар. Ўзим ҳам спортга қайтдим. Ҳозир яхши формадаман. Пандемиядан сўнг албатта, яна ареналарда учрашамиз.
- Қизим – жону дилим, - дейди оғир дарддан фориғ бўлган Мухайё Абдуллаева, - худога шукр ҳаммаси ортда қолди. Энди фақат олдинга қараб интиламиз, ортга қайтиш йўқ. Марра – бизники! Бутун ҳаётимни қизимга, унинг спорт шарафини ҳимоя қилишга, Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришга бағишлайман.
Алломалардан бири киндик қонинг тўкилган тупроқни қанча-лик азиз тутсанг, шон-шарафинг ҳам шунчалик улуғдир деган экан. Ана шу йўлда элига, юртига содиқ Шахлохон Абдуллаевага спортда янгидан-янги довонларни эгаллашига омад ва қувончлар ёр бўлишини тилаймиз.

 

Ш.МАШАРИПОВ.