SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  ОГАҲИЙ АДАБИЙ МЕРОСИ ОЛИМЛАР НИГОҲИДА

ОГАҲИЙ АДАБИЙ МЕРОСИ ОЛИМЛАР НИГОҲИДА

« Назад

17.12.2019 08:37

Бугунги кунда илм-фан-нинг барча соҳаларида бўлгани сингари ўзбек тилшунослигида ҳам чуқур илмий асосланган тадқиқотлар олиб борилмоқда. Миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлган тилимиз тарихи, бу тилда яратилган асарларнинг лисоний жиҳатларини ўрганиш борасида ҳам қатор ишлар қилинмоқда. Жумладан, буюк шоир ва тарихчи Муҳаммад Ризо Огаҳий қолдирган улкан маънавий меросни тилшунослик нуқтаи назаридан чуқурроқ тадқиқ қилишга киришил-моқда. Бу ҳолатни кейинги йилларда ўзбек тили тарихини ўрганишга оид изланишларнинг янги босқичга кўтарилгани, Огаҳий асарлари қўлёзмаларининг танқидий матнлари тузилиб, илм аҳлига тақдим қилинаётгани, шунингдек, асарларининг лингвистик хусусиятларини ёритишга  бағишланган тадқиқотларнинг кенг миқёсда олиб борилаётганида кузатиш мумкин. Шу билан бир қаторда, тилшуносликда ҳозиргача Огаҳий тарихий асарлари лексикаси монографик планда махсус ўрганилмаган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда “...матншунослик, адабий манбашунослик, тилшунослик, фалсафа, маданият тарихи соҳаларида миллий маданий меросимизнинг ҳали ўрганилмаган кўпгина қатламларини очиб беришга йўналтирилган илмий тадқиқотларга алоҳида эътибор қаратилаётгани”  Огаҳийнинг тарихий асарлари лексикасини илмий ўрганишни янада кенгайтиришга асос бўлмоқда.
Жаҳон тилшунослиги, адабиётшунослиги ҳамда матншунослигида Огаҳий-нинг тарихий асарлари билан боғлиқ илмий изланишлар Хива хонлиги тарихини ўрганиш контекстида олиб борилган. Жумладан, А.Н.Самойлович қорақалпоқлар, П.П.Иванов туркманлар ва қорақалпоқлар, Н.Мингулов қозоқлар тарихини ёритиш мақсадида асардан парчалар эълон қилганлар.  А.Д.Калмиков  ўзининг  “Хива” асарида “Фирдавс ул-иқбол”дан айрим таржималарни келтирган. Б.В.Лунин Хоразм тарихини ўрганган олимлар ҳақидаги мақоласида асар ва унинг ўрганилишига умумий шарҳ берган. Баъзи манбаларда қўлёзманинг тавсифи ҳам келтирилган. 
Ўзбек тилшунослигида ҳам тарихий асарлар лексикаси бўйича тадқиқотлар олиб борилган. Огаҳий асарлари тил хусусиятларига бағишланган илк мақола Субутой Долимов томонидан “Огаҳий поэзиясида омоним ва синоним сўзлар” деб номланиб, “Ўқитувчилар газетаси”нинг 1957 йил 51-сонида эълон қилинган. Зарифбой Дўсимовнинг “Огаҳийнинг “Зубдат ут-таворих” асарининг лексик-грамматик хусусиятлари ҳақида” мақоласида эса мазкур асарнинг лисоний ўзига хосликлари кўрсатиб берилган. XVII ‒ XIX асрлар эски ўзбек тили морфологик хусусиятларини текширган Акбар Матғозиев кўплаб объектлар қатори Мунис ва Огаҳий қаламига мансуб “Фирдавс ул-иқбол”, Огаҳийнинг “Зубдат ут-таворих”, “Гулшани давлат”, “Шоҳид ул-иқбол” каби асарлари мавжуд қўлёзмаларидан фойдаланган ҳолда таҳлилга тортган. Ҳамидулла Дадабоев ўзбек тили тарихий ҳарбий терминларининг тадқиқи асносида Огаҳий тарихий асарларига кўп бора мурожаат қилган ва татовул, қароқчиламоқ, чаповулчиламоқ, никомиш, арғишчи каби сўзларнинг фақат Огаҳий тарихий асарларида учрашини таъкид-лаган.
 Олимнинг “Огаҳий тари-хий асарларидаги ижтимоий-сиёсий терминлар тизими хусусида” номли мақоласида баён қилинган назарий фикр ва амалий таклифлар шоир, муаррих ва таржимон ижодкор тили лексикасини ўрганишда муҳим. Кейинги йилларда Нафас Шодмонов томонидан “Шоҳид ул-иқбол”, Нурбой Жабборов томонидан “Зубдат ут-таворих”, Эркин Миркомилов томонилан “Мифтоҳ уи-толибин”, Абдулла Ўрозбоев томонидан “Риёз уд-давла” ва “Гулшани давлат” асарларининг тўла ҳолатда нашрга тайёрлангани, Нурёғди Тошев томонидан эса “Жомеъ ул-воқеоти султоний”, Ҳилола Назирова томонидан “Зубдат ут-таворих”нинг илмий-танқидий матни яратилгани Огаҳий тарихий асарлари нашрига эътибор кучайганлигини кўрсатади. Сафарбой Рўзимбоев, Абдулла Аҳмедовларнинг Нусратулло Жумахўжаев билан ҳамкорликда ҳамда Исмоил Бекчон ва Неъмат Полвоновлар томонидан “Фирдавс ул-иқбол”нинг нашр қилдирилгани маданий-маърифий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди. Огаҳий асарларининг янги силсиласида бу икки нашр ижобий хусусиятлари умумлаштирилиб, жиддий таҳрир қилинган. Огаҳий лирик асарлари лексикаси борасида узоқ йиллардан бери фаолият олиб бораётган доцент Рўзимбой Йўлдошевнинг  50 га яқин мақоласи эълон қилинган.
Огаҳий тарихий асарлари бўйича амалга оширилган ишларни холис баҳолаб, шундай хулоса қилиш мумкинки, эндиликда айни мавзу тилшуносликнинг умумий қонуниятлари, асрлар давомида йиғилган бой тажрибалари асосида комплекс ўрганишни тақозо этади.

Абдулла ЎРОЗБОЕВ,
Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими,
 филология фанлари 
доктори.