SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Амир Темур қўчаси 52-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  МУҲАММАД РАҲИМХОН – ФЕРУЗ

МУҲАММАД РАҲИМХОН – ФЕРУЗ

« Назад

18.05.2020 08:23

1890 йилдаги кўргазмага қўйилган ажойиб мис ўйма-корлиги иши учун уста Мавлонберди ва Сафар боболар Россия империяси Молия министрлигининг бронза медали ва фахрий ёрлиғини олишга мушарраф бўлишган.
1898 йил 12 апрелда Муҳаммад Раҳимхон II Кўҳна Урганч, Хўжаэли ва Қўнғирот ҳокимларига: “Қадимдан қол-ғон ёдгор нимарсаларни йўқ қилдирмасунлар, ҳар тариқа кўҳна жой ва қалъа ва иморатлар бўлса, не тариқа бино бўлғонларини ва кўҳна тилла ва танга ва фуллар бўлса борлаб топиб мунда юборсун”, деб буйруқ беради. Лекин, тўпланган буюмлар Россияга юборилиши натижасида Хиванинг ўзида музей очилиши орқага сурилиб, 1920 йилдагина амалга оширилади. 
1920 йил 11 апрелда Хоразм Муваққат ҳукумати вакиллари ва РСФСР ҳукумати фавқулодда вакили иштирокида бўлиб ўтган қўшма йиғилишида Хива шаҳрида “Хива халқи-нинг ўтмиши ва ҳозирги пайтдаги маданиятига оид барча буюмларни, шунингдек, хонлик зулмининг жазо қуролларини халққа кўр-сатиш ва келгуси авлодлар учун сақлаб қолишни назарда тутиб, халқ музейи ташкил этилсин” - дейилган қарори қабул қилинади. 
Ушбу қарорни ижросига киришган Маориф ва маданият нозирлигининг 17 апрелда халққа қилинган эълонида жумладан, шундай дейилган: “Қалъа шўроларининг маҳка-маларига, 26 апрел 1920 йилда Хивада музей ва виставка очиладур. Шунга керакли нимарсаларни тезлик бирла аҳолидан сўрашиб олиб, мазкур муддатдин икки кун аввал Хивага еткурмакларингиз зарурийдир”. Эълонда махсус кишилар қўлларида мандат билан аҳолидан музейбоп буюмларини  соҳибининг қўлига хат бериб олишлари кўрсатилган. Бу хат билан буюмнинг соҳиби истаган пайтда ўз буюмини қайтариб олиши ҳам мумкин бўлган. 
Музей-кўргазма 1920 йил 27 апрель куни  Бутунхоразм халқ вакиллари I қурултойи қатнашчиларининг иштирокида, эски хонлар қароргоҳи Кўҳна Арк биносининг арзхонасида очилди. Ишчилари битта мудир ва қоровулдан иборат музейнинг очилишига Маориф ва маданият нозири Мулла Бекжон Раҳмон ўғли, “Ёш хиваликлар” партиясининг йўлбошчиси Мулла Жуманиёз Султонмуродовлар ўзларининг катта ҳиссасини қўшдилар.
1924 йилгача Хива шаҳри-нинг ичкари қалъасидаги 1831-1839 йилларда қурилган улкан Тошҳовли саройида Оллоқулихоннинг авлодлари яшаганлар ва бу саройни ўз мулки ҳисоблаб, унинг жиҳозларини сота бошлаганлар. Бундан хабар топган ҳукумат аъзолари музейни Тошҳовли биносига кўчириб, саройни ҳам ўз ҳисобига киритишган ва Хива музейи яна бир экспозицияга кўпайган. 
1957 йилда Тош ҳовли саройида музей экспонатлар фонди ва тарих музейи қол-дирилиб, бу ердаги бошқа музейбоб экспонатлар даврларга ажратилиб Ичон-қалъадан ташқарида  “Хоразм тарихий инқилобий музейи” ва “Хоразм табиати” музейи номи билан Нуруллабой саройига кўчирилган. 
Тарихдан маълумки, Буюк ипак йўлида жойлашган ушбу шаҳардан хоразмлик олимларнинг асарлари ва кўпгина бадиий ҳунармандчилик намуналари  дунёга тарқалган. Ушбу осори-атиқалар ҳануз-гача Рим, Париж, Лондон, Копенгаген, Берлин, Истамбул, Қоҳира, Санкт-Петербург, Москва, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги йирик музейлар экспозицияларини безаб турибди. ХIХ асрда жаҳон бўйлаб музейлар ташкил қилиниши амалиётга тадбиқ қилинган бўлса, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, қадимий тарихга ва меъморий обидаларга бой бўлган шаҳарларнинг ўзини музей шаҳарлар деб аташ анъанага киритилди. Ўзбекистон Рес-публикаси Вазирлар Кенгаши-нинг 1969 йил 29 июль 343- сонли қарорига мувофиқ Хива Давлат тарихий меъморчилик “Ичон-қалъа” музей-қўриқхо-наси ташкил қилинди. Му-зей-қўриқхонанинг ташкил қилиниши ва ривожланишига Давлат мукофоти совриндори, халқ рассоми Абдулла Болтаев, адиб ва драматург Юнус Юсупов-Айёмий, Журналистлар уюшмаси аъзолари Мадамин Ёқубов, Анвар Исмоилов, Ю.Рўзметов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Т.В.Середа, уста - Собиржон Юсуповлар ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Бу пайтга келиб, Хивада асосан иккита катта - улар-нинг бири Хива хонининг Нуруллабой саройида жойлашган инқилоб тарихи ва Хоразм воҳаси табиатини акс эттиришга бағишланган музей бўлса, иккинчи катта музей эса шаҳарнинг ичкари қалъа-сидаги Оллоқулихоннинг Тош-ҳовли саройида тарих музейи фаолият кўрсатаётган эди. Хиваликларнинг сўзларига қараганда бу музейдаги экспонатлар бой бўлиб, унда жуда кўп қадимги буюмлар, санъат  асарлари, хонлик даврининг қимматбаҳо тошлар ва олтин-кумушлар билан безатилган қурол-яроғлар, чинни буюмлар намойишга қўйилган. Хонлик тузуми давридаги бойнинг уйи ва камбағалнинг уйи интеръерлари томошабинларда катта таассуротлар қолдирган.

 Хива шаҳрининг ХIХ аср охири ва ХХ асрнинг бошларидаги кўриниши, унинг ички ва ташқи қалъа деворларининг ўз ҳолича сақланиб қолганлиги шаҳарнинг ўзи-ни музей деб аташ ва уни қўриқхона деб эълон қилиш учун асос бўлди. Шуниси қизиқарлики, шаҳар ХХ асрнинг 60-йилларида ҳам юз йил олдинги кўринишини бузмаган эди. Ундаги меъмо-рий обидаларнинг асл ҳолича туриши, шаҳар ичидаги аҳо-лининг яшаш уйларининг ташқи кўриниши, кўчалар-нинг энсиз ва торлиги, уйларнинг томларини текис қилиб бостирилиши ва сомон сувоқ қилинганлиги ҳар бир кишини ҳайратга соларди. Шаҳар ичида яшайдиган аҳолининг ташқи қиёфаси, унинг кийимларида сақланган анъанавийлик ва кишиларнинг муомаласидаги одамийлик, буларнинг барча-барчаси шаҳарнинг қўриқхонага айлантириш учун асос эди.
Хива шаҳрининг экспонатлари: қалъа девори билан ўралган тўрт дарвозали шаҳар, хонлар саройлари, масжид, мадраса, минора, мақбара ва шунга ўхшаган иморатлардир. Бу обидаларнинг ичида Хива халқининг минг йиллик тарихидан гувоҳлик берувчи алоҳида музейлар жойлашган. Ўзбекистоннинг энг кўҳна музейларидан бири бўлган “Ичон-қалъа” Давлат  музей-қўриқхонаси ҳудудида 54 та тарихий меъморий обидалар бор. Қадим шаҳарда ҳозирги вақтда 375 хонадон сақланиб қолган. Уларда бугун 2610 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қўриқхонанинг 19 та доимий экспозицияларида Хоразмнинг қадимдан бугунги кунигача бўлган тарихи акс эттирилган.
Дунёнинг қадимий шаҳар-ларидан бири бўлган Хива асрлар мобайнида инсоният-нинг маънавий ва моддий маданияти ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келган. Хивани бежиз очиқ осмон остидаги музей-шаҳар  деб аташмайди. Жаҳон туризмининг марказларидан бири саналган бу шаҳарда 140 дан ортиқ меъморий обидалар ва археологик  ёдгорликлар сақланиб қолган.         
1990 йил 12 декабрда Хива шаҳрининг «Ичон-қалъа» қисми  Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фан, маориф ва маданият тараққиёти  билан шуғулланувчи бўлими- ЮНЕСКОнинг маданий мерослар қўмитаси қарори билан жаҳон маданий мероси шаҳарлари рўйхатига киритилди. 1997 йилда эса қадимий шаҳарнинг 2500 йиллик юбилейи жаҳон миқёсида нишонланди.
2019 йилда «Ичон-Қалъа» Давлат музей-қўриқхонасида илмий-маърифий, илмий тўплов, илмий изланиш ишларини ривожлантириш натижасида музей-қўриқхонага ташриф буюрган тамошабинларни умумий сони 401.781 тага етди, шундан 144738 нафар хорижий ва 257043 нафари маҳаллий сайёҳлардир. 
Йил давомида музей-қўриқ-хона илмий ходимлари томонидан вилоят туманларига илмий экспедициялар ташкил қилиниб, 874 та музейбоп материаллар тўпланди. Улардан 438 таси асосий фондга, 436 таси эса илмий-ёрдамчи фондга киритилди. 
Муҳаммад Раҳимхон (Феруз) II нинг фойтун араваси реставрация, Кўҳна арк маж-муасидаги арзхона ва зарбхона интерьерлари, Хива хонлиги бўлимига қарашли «Қозихона» интерьери реэкспозиция қилинди. 
Музей-қўриқхонада шунингдек, хориждаги музейлар билан тажриба алмашиш ишлари ҳам самарали йўлга қўйилган. Янги ташкил қилинадиган «Қадимги Хоразм», «Хоразмшоҳлар» ва «Хоразм хонлари» тарихий экспозицияларини шакллантириш жараёнида хорижий музейларда сақланаётган Хоразм тарихига оид маълумотларни тўплаш ва улардан нусха олиш учун музей илмий котиби, тарих фанлари номзоди Комилжон Худойберганов Япония, музей фонди мутахассиси Хамза Мадалиев Украина ва Россияда хизмат сафарида бўлишди. 2019 йил 2-3 июнь кунлари Москвадаги Шарқ халқлари музейи ва Евроосиё археология музейлари билан ҳамкорлик хақида меъморандумлар имзоланди. 
Музей фаолиятига инновацион технологияларни қўллаш борасида 6 та йўна-лишда - ақлли ахборот тахтачалари, смарт-откриткалар жамланмаси, смарт-музей, интерактив харита, жонли каталог, виртуал музей, ша-ҳарнинг 3D кўринишлари ишлаб чиқилди. Музейнинг “Қадимги Хоразм тарихи”, “Жоме масжиди” ва “Амалий санъат” бўлимларида 7 та тилда ахборот берувчи 32 та аудиогид қурилмаси ўрнатилган. Тошҳовли саройини таъмирлаш мақсадида АҚШ элчихонаси томонидан ажратилган 150 минг АҚШ доллари қийматидаги грант қўлга киритилди. 
2019 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий уй-музейи таъмирланиб, қай-та жиҳозланди ҳамда музейда 17 декабрь куни Огаҳий таваллудининг 210 йиллиги кенг миқёсда нишонланди. 
Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йилнинг март ойида Ичон-қалъа мажмуасига ташриф буюриб, Амир Тўра мадрасасида амалга оширилган ишлар билан танишди. Ушбу мадраса Хитойнинг грант маблағлари ҳисобидан қайта тикланди. Натижада у шаҳардаги энг гавжум туристик объектлардан бирига айланди. 
- Тарихий биноларни сақ-лаш ҳамма даврларда энг катта муаммо бўлиб келган. Хива Ўзбекистонда тарихий обидаларни таъмирловчи реставраторлар мактаби бўлган. Бугун ана шу мактабни қайта тиклаш вақти келди, - деди Президентимиз. - Амир Тўра мадрасаси реставраторларни ўқитадиган мактаб бўлади. Бу ерда усталарга Самарқанд, Фарғона, Қўқон реставрация мактаблари анъаналари ўқи-тилади. Сайёҳлар кундузи реставраторлар ишини кўрса, кечки пайт бу ерда тарихий саҳналар, хон қабуллари намо-йиш этилади. Шундай қилсак, бу обидаларда ҳаёт қайнайди. 
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, музей-қўриқхонада 30 март - 2 апрель кунлари Бутун дунё туркий халқлар анжумани - ТУРКСОЙ йиғилиши ўтказилиши режалаштирилганди. Бундан ташқари, Тош-ҳовли саройида 27 апрелда дунёга машҳур япониялик фотосуратчи Жин Акинонинг фотокўргазмасини ташкил қилиш ҳамда унда намойиш қилинган фотосуратлар асосида жаҳоннинг беш хорижий тилида китоб-альбом чоп этиш мўлжали бор эди. Коронавирус пандемияси туфайли ушбу режалар амалга ошмади. Бироқ карантин муддати якунлангач, музей-қўриқхонадаги фаолият яна давом этади.
Мана бир асрдан зиёдки, Хива музейи мутахассислари ўлка табиати ва тарихининг ноёб буюмларини тўплаб, уларни асраб-авайлаш, жаҳоннинг турли бурчакларидан келаётган сайёҳларга намойиш қилиш, келгуси авлодга етказиш билан шуғулланмоқда. 


Ш.МАТЯҚУБОВ,
“Ичон-қалъа” Давлат музей-қўриқхонаси директори.
Д.БОБОЖОНОВ,
музей-қўриқхона илмий ходими.