SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Амир Темур қўчаси 52-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  МАҚОМ ВА РАҚС ҲАЙРАТИ

МАҚОМ ВА РАҚС ҲАЙРАТИ

« Назад

12.09.2018 09:39

... Бошини оҳиста тебратиб, берилиб мусиқа ёки мақом тинглаётган онахону отахонларни кўп кузатганмиз. Бу манзарада хотиржамлик, чуқур ўй, ҳаёту ҳаёлот жамулжам.
Мақом мусиқа, шеърият ва рақс санъатларини ўзида мужассамлаштирган жонбахш оҳангдир. Миллат руҳи сингиб кетган бу санъатни авлодларга етказиш, мазмун- моҳиятини англатиш, дунёга тарғиб қилиш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Халқаро мақом анжуманини ўтказиш тўғрисида” ги қарорига асосан 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида илк Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилди. Унинг очилиш маросимида Юртбошимиз қатнашди ва нутқ сўзлади (Президентимизнинг ушбу нутқи марказий газеталарнинг 7 сентябрь сонида босилган).
Халқаро тадбирда дунёнинг 73 давлатидан санъатшунос олимлар, мутаҳас-сислар, хонанда-созандалар иштирок этди.
Оқсарой майдонида ташкил этилган ушбу анжуман ҳар бир иштирокчига кўтаринки руҳ бағишлади.
“Шоир Комилжон Девоний ёзувчи ва мусиқашунос оиласидан чиққан деса муболаға бўлмайди, ”- дея эътироф этади Бобожон Тарроҳ Азизов ўзининг “Хоразм навозандалари” китобида.
... 2018 йил 1 сентябрь, мустақиллик байрами муносабати билан Комил Девонийнинг ўғли Ҳамза Комиловнинг хонадонида бўлиб ўтган суҳбатимизда (Суҳбатдошлар “Нуроний” жамғармаси Хива шаҳар бўлинмаси раиси Отаназар Пирназаров, меҳнат фахрийси Нодир Отажонов, вилоят қўғирчоқ театри директори Даврон Отабоев), Ҳамза оғанинг  ҳаётига оид муҳим бир воқеадан воқиф бўлдик.    Ҳамза  Комилов суҳбатидан:
- Таниқли ҳушовоз  ма-қомдон Шерозий (Мадраҳим Ёқубов) Ўзбекистон  ҳукумати раҳбари Усмон Юсупов билан учрашувда гўзал ва шўх тароналарни моҳирона ижро қилади. Усмон ота ҳофиздан мумтоз наволардан ҳам куйлаб беришни сўрайди. Шерозий устоз “Истамас” радифли ғазални мумтозона йўлда куйлайди. Куй ва ғазални мамнуният билан тинглаган ҳукумат раҳбари ғазалнинг муаллифи кимлигини сўрайди. Ҳофиз бу ғазалнинг муаллифи Комил Девоний эканлигини айтади.
- У киши ҳозир қаерда?- деб сўрайди Усмон Юсупов.
Афсус, у киши қатағонга учраганлигини маълум қилади ҳофиз.
Усмон ота нафақат ғазалнинг гўзаллиги ва мазмундорлиги, балки шоирнинг маҳорати, илмий салоҳияти ва фозиллигидан ҳайратланади. 
Замонасининг етук шоири, Хоразм олти ярим мақомининг билимдони, мусиқашунос, тенгсиз ҳаттот ва наққош, давлат арбоби Комил Девонийнинг ҳаёт ва ижод йўли ёш авлоднинг комил инсон бўлиб вояга етишида муҳим омил бўлиб хизмат қила олади.
Комил Хоразмий ихтиро қилган “Танбур чизиғи” нота йўлида Хоразм олти ярим мақомини Комил Девоний Расул Мирзо билан ҳамкорликда тўлалигича ниҳоясига етказганлар.
Бу нодир асар Комил Девонийнинг қўлёзмаси сифатида Ўзбекистон консерваториясида, Хоразм Давлат Университетида, Тошкент санъатшунослик илмий текшириш институтида ўрганилмоқда.
Мусиқашунос олим, Ўзбекистон санъат арбоби Отаназар Матёқубов ушбу асарни ўрганиш натижасида Комил Девоний қўлёзмаси хато-камчиликларсиз,  биронта нуқсонсиз ниҳоятда гўзал тарзда ёзилганлигини ҳайрат ила эътироф этади.
Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 17 ноя-брдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида мумтоз мусиқа санъати усталарининг ҳаёти ва ижод йўлларини ўрганиш, тарғиб қилиш, миллий мусиқий меросимизни тиклаш ва аслий ҳолида кейинги авлодга етқазишда чуқур аҳамият касб этиши кўрсатиб ўтилган.
Хоразм олти ярим мақомини, мумтоз куй ва ғазалларни бизгача етиб келишидаги устоз-шогирд мактабининг забардаст намоёндалари Муҳаммад Раҳимхон– Феруз, Комил Хоразмий, Огаҳий, Комил Девоний, Расул Мирзо, Баёний, Матёқуб ва Матюсуф Харротовлар, Бобожон Тарроҳ, шунингдек,  Матпано Худойберганов, Шерозий, Ҳожихон, Комилжон Отаниёзов, Рўзмат Жуманиниёзовлар ва уларнинг қутлуғ изларидан мардона бораётган Ўзбекистон халқ ҳофизи Фарҳод Давлетовларнинг ижод йўлларини илмий асосда тарих зарварақларига мухрламоқ лозим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Шаҳрисабзда биринчи Халқаро мақом санъати анжуманининг ўтқазилиши дунё ҳамжамиятида катта тарихий воқеа сифатида эътироф этилмоқда.

                * * *

Шаҳрисабздаги Халқаро мақом санъати анжуманига ҳамоҳанг равишда кўҳна Хивада анъанавий “Рақс сеҳри” фестивалига ҳам тараддуд кўрилмоқда. Ҳадемай “Ичон қаъла” яна байрам оғушига чулғанади.
Хорижий сайёҳлар ва мамлакатимиз ҳудудларидан ташриф буюраётган рақс намоёндалари юзларида табассум билан қўҳна замин кўркига боқадилар. Адрасу атласларга бурканган қалби гўзаллар майда қадамлари билан Хива нақшларининг жилолари билан сирлашаётгандайлар гўё.
Ишончимиз комилки, фес-тиваль давомида шаҳримиз меҳмонлари, айниқса, хорижий сайёҳлар, рақс шайдолари ҳайрат оламига сайр қиладилар. Рақс сеҳри ила кўнгилларни обод этадилар.

Шахруза МАТЁҚУБОВА,
“Хива тонги” мухбири.
Давлатназар ЮСУПОВ,
мусиқашунос.