SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  КЎНГИЛ МУАЗЗАМ ГЎШАДИР

КЎНГИЛ МУАЗЗАМ ГЎШАДИР

« Назад

09.02.2017 02:37

Халқимиз азалдан ободликни мукаррам тутиб келган. Шу боис ҳам ҳикматларда қиёмат қўпганда ҳам қўлингдаги кўчатни экиш жоизлиги таълим берилади. Сайҳон ерга ниҳол экилса, йиллар ўтиб бу ер кўркам манзара касб этади. Қўр тўка бошлаган дарахт соясида одамлар дам олиб, ҳузур топадилар. Лаззатли мевасидан тотиб роҳатланадилар. Эски иморатлар ўрнига янгилари тикланса, манзиллар янада кўркамлашади. Йўллар кенг ва равон бўлганида эл-юрт тароватига тароват қўшилади. Аслида буларнинг барчаси одамзотнинг ободликка интилиши даставвал унинг яшаётган манзил-маконидан бошланади. Ҳовлига турфа гуллар экиб, хонадонни саранжом-саришта тутишнинг ўзи ободлик дебочасидир. Бундай гўзал ва тароватли манзара кўнгилга кўчирилса-чи, бу эса инсон интилиши керак бўлган энг асосий мақсад саналади.
Ҳовли ва хонадондаги бетартиблик хунук кўринишни келтириб чиқаради. Хунуклик кўзга ташланган ондаёқ диллардаги хижиллик, изтироб алангаланади. Бундай ёмон манзаралар орасида яшаш, мутахассисларнинг фик-рига кўра, умрнинг қисқаришга ҳам сабаб бўлар экан. Буни чуқур англаб етганлар манзил-макони вайрона, хароб аҳволда бўлса, таъмирлашга, кўркамлантиришга ҳаракат қилади.
Аслида ободлик тушунчаси халқимиз тафаккурида жуда кенг маънога эга. “Юрт ободлиги”, “эл фаровонлиги”, “хонадон саранжон-саришталиги” кабилар қаторида “кўнгил ободлиги” деган тушунча ҳам мавжуд. Аждодларимиз кўнгил ободлигига азалдан энг муҳим масала сифатида эътибор қаратишган. Инсон сўлим ва гўзал масканда яшаб туриб ғам-аламлардан дили зада бўлса, ҳаёт нашъаси унга татиши даргумон. Муаммо ёхуд дарду ҳасратлари қалашиб ётган кўзига кенг ва чиройли гўшалар ҳам тор ва файзсиз кўринади. Ундан ҳол сўргувчи, ҳасратини тинглаб, таскин ва зарур маслаҳатларни бергувчи топилмаса дили тобора вайронага айланиб бораверади.
- Донолар инсон инсоннинг ҳолидан огоҳ бўлишини одамийлик шеваси деб талқин қилишган. Ўксиб турган кишидан ҳол сўрашнинг савоби нақадар чексизлиги ҳақида кўп таъкидланиб, ҳатто бу иш муқаддас қибламиз саналмиш Каъбани зиёрат қилиш, уни обод этиш билан тенглаштирилган. Айниқса, Алишер Навоий асарларида бу мавзуга тез-тез мурожаат қилинади.
Васл ила қилғил бузуғ
кўнглим иложинким, қилур
Шоҳ адл этмак била
вайроналар таъмирини,
деб хитоб қилганлар шоир бобомиз “Бадоеъ ул васат” девонидаги ғазалларидан бирида.
Дарҳақиқат, хаста, дардманд, дили ўксиган кишилардан ҳол сўраш – шоҳлик маснадидаги тадбирлар билан тенг. Чунки ҳол сўрагувчи кўнгил муҳитидан хабардор бўлади. Кўнгил кошонаси нималар билан зийнатланган? Ҳаёт ишқи деб аталмиш нақшу нигорларни ғамнинг қора дудлари босиб қўймаяптими? Дард тўзони шодлик чаманини пайҳон этмадими? Булардан воқиф бўлиш улуғ мансаб эгаларига хос фазилатдир. Шу боис ҳам Алишер Навоий ҳижрондан изтироб чекаётганида қошига ҳол сўраб келган дўстни шоҳ маснадига кўтаради. Чунки, аҳволи руҳияга ўз дийдори ила фараҳлик бағишловчи дўст –ўксик кўнгил учун одил ҳукмдор саналади. Ғамгин дил соҳиби эса дўстнинг қошида ўзини мададга муҳтож фуқародай ҳис этади.
Бошқа бир ғазалида ҳазрат Алишер Навоий:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг
хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон
бўлса обод айлагай,
деб ўзининг қимматли сабоғини берган.
Каъба қадимий Ҳижоз ўлкасининг Макка шаҳрида жойлашган. Уни ҳаёт давомида имкон топган одам ҳеч бўлмаганда бир марта зиёрат қилиши мусулмонлар учун фарз амал ҳисобланади. Ҳўш, инсон учун бу табаррук мас-кан каби азиз ва авлороқ бўлган ўзга бир маъво борми? Алишер Навоий одамзот кўнглини Каъбатуллоҳ сингари қадрли деб билишга чақиради. Ўзгалардан ҳол-аҳвол сўраш, чорасизларни қўллаб-қувватловчи бўлиш нафақат Каъбани зиёрат қилиш, балки уни таъмирлаб, қайта тик-лаб, обод этиш билан тенг эканлиги даҳо шоир дарсларида жуда кўп бора уқдирилади. Ривоятларга кўра, Каъбатуллоҳни дастлаб Одам Ато Оллоҳнинг ҳукми билан бунёд этган экан. Даврлар ўтгач, ер юзидаги Парвардигорнинг уйи деб аталмиш Каъба вайронага айланади. Иброҳим Халилуллоҳ Яратганнинг ҳукми билан уни қайта тиклайди. Асрлар суронида бу муқаддас гўша яна вайрона ҳолатга келиб қолади. Арабларнинг бани Ҳошим қавми уни қайта бунёд қилишга киришади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг йигитлик даврида тўртинчи бор қайта таъмирланган ҳақида тарихий манбаларда батафсил маълумотлар учрайди.
Хабарларнинг барчаси Каъбани обод қилиш, уни таъмирлаш улуғ савоб иш эканлигини англатиб туради. Кўнгил Каъбага қиёс қилинар экан, уни эъзозлаш, обод қилиш эса пайғамбарлар азиз тутган савоб иш билан тенг деб тушунилади.
Шоир наздида фақат йиқилган иморатларни қайта тиклаб, ободончиликка ҳисса қўшиш эмас, балки ўксик дилларга қувонч ва шодлик улашиш, муҳтожлар мушкулини осон қилиш адолатли ҳукмдор мартабасига эришиш билан баробардир.
Аслида ҳар бир инсон ўз руҳий дунёсининг ҳукмдори. Унинг адолат ва одамийлик тамойилига нечоғлик содиқлиги қалб салтанати – сийратидан белги беради. Сийрати пок инсонлар эса ўзгалар кўнглини муқаддас ва муаззам гўша деб билади ва уни ҳамиша ардоқлашга, зиёрат қилишга ошиқади. Зеро, буни Мир Алишер Навоийнинг мангуликка дахлдор сабоқлари ҳам шууримизга нақш этиб туради.


Эрпўлат БАХТ.