SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  ХАЛҚ ДАРДИНИ КУЙЛАГАН ШОИР

ХАЛҚ ДАРДИНИ КУЙЛАГАН ШОИР

« Назад

02.02.2019 10:34

Ўзбек халқининг нуфузи ва салоҳиятини дунёга танитган буюк инсонлар воҳамизда кўп. Уларни ҳамиша фахр ва ифтихор билан эслагинг келади. Ана шундай суюкли кишилардан Ўтар боболар сулоласидир.
Ўтар бобо деб шухрат қозонган Полвонниёз Ўтар Гадойниёз ўғлини “уч хон кўрган табиб” дейишади. Табибчилик Ўтаровлар шажарасининг севимли касби бўлган. Улар халқнинг дардига малҳам бўлиб, катта обрў-эътибор қозонишган.
Шажара шаънини улуғлаган ва юртга танитган Ўтар бобонинг учинчи фарзанди шоир Аваз Ўтардир. У 1884 йил 25 августда дунёга келган. Ўтар бобо илмли ва маърифатдан хабардор бўлганлиги боис ҳам фарзандларини комил инсон бўлиб етишиши учун меҳр ва ғамхўрлигини аямаган. У Аваздаги учқунлаётган истеъдодини билгач, уни саккиз ёшида мактабга беради. Кейин эса Мадамин иноқ мадрасасида таҳсил олади. 14 ёшида шеър ёзишни машқ қила бошлади. У Навоий, Бедил, Жомий, Хўжа Хофиз, Машраб ва Низомий каби улуғ ижодкорларнинг асарларини қунт ва қизиқиш билан ўрганади. Тез фурсатда истеъдодли шоир сифатида халққа танила бошлайди. Шеърлари созанда ва хонандалар томонидан  куйга солиниб, қўшиқ бўлиб, куйланади.
Шоирнинг устозлари Баёний, Табибий, замондоши Жуманиёз Хивакий, дўсти Хасанмурод Қори–Лаффасий Аваз Ўтар истеъдоди ва ижодига юксак баҳо берганлар.
Шоир ҳақидаги маълумотлардан хабардор бўлган  Муҳаммад Рахимхон Соний–Феруз Аваз Ўтарни саройга чақиртиради ва уни ижод аҳли сафига қўшади. Унга Ахмад Табибий устозлик қилади. Табибий Авазга ғамхўрлик кўрсатади, илм ва шеърият борасида кўп нарса ўргатади. Аваз ҳам устозига бенихоя ҳурматда бўлган, ўз шеърларида уни улуғлаб, миннатдорчилик изҳор қилади:
Не ғам эмди, Аваз, назм илмида бўлсанг Табибийдек,
Ки дерлар, кўрган эл назмингни усто-зинға салламно.
Шоирнинг ҳаёти ва адабий меросини ўрганиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилган. Аваз ҳақида Бобожон Таррох томонидан ёзилган “Хоразм навозандалари” китобида муҳим маълумотлар келтирилган. Хусусан, у Аваз Ўтарни фақат шоир сифатида эмас, балки сартарошчилик, табибчилик илмини эгаллаганлигини ҳам ёзиб қолдирган.
Аваз Ўтар ҳаёти давомида жуда кўп азоб-уқубатларга дучор бўлган шоирдир. Бу албатта, унинг халққа қайишгани, эл-юрт манфаатини кўзлаб баракали ижод қилгани сарой атрофидаги айрим кимсаларга ёқмай қолади. Шоирни ёмон отлиққа чиқариш учун устидан жуда кўп бўхтонлар ёғдиришади. Ҳажвий шеърларини хонга етказадилар. Шоир ижодини ўз манфаатларига хизмат қилдира олмаган кимсалар 1909 йилда Муҳаммад Раҳимхон Соний буйруғи билан 200 дарра урдирилиб, тан жазоси берилишига эришадилар. Уни “жинни” деб, ҳозирги Янгиариқ тумани Остона қишлоғидаги “Оқ мачит”га бадарға қилишади.
Аваз Ўтар таъна бўхтонлар, қувғин азоблар, жазо қийноқларга қарамай ўз йўлида дадил турди, демократик ғояларни изчил давом эттириб, янги ижодий чўққиларга кўтарилади.
Шоир ижоди жуда ранг-баранг, қамрови ниҳоятда кенг. У ўз ижодида эркпарварлик, озодлик ва адолат ғояларини илгари сурди. Айниқса, турмуш иллатларига қарши қаратилган хажвий асарларни ёзди. Аваз Ўтар инсоний фазилатларни, чинакам инсоний муҳаббатни эҳтирос билан тараннум этувчи жўшқин лирик шеърлар қаторида ижодида алоҳида ўрин тутган хажвий шеър-лар туркуми–“Фалоний” асари ҳам шу давр маҳсулидир.
Шоир яратган энг яхши ижод намуналари сифатида “Уламоларга хитоб”, “Халқ”, “Сипоҳийларга”, “Замон”, “Мактаб”, “Ҳуррият”, “Тил”, “Фидоий халқим”, “Топар экан қачон” шеър-ларини кўрсатиш мумкин.
Аваз Ўтар асарлари “Ойна”, “Вақт”, “Мулла Насриддин” каби ўша даврдаги нашрларда чоп этилган.
Аваз Ўтар халқ ҳаётини кўриб, қаттиқ ачинган. Буни қуйидаги мисраларда ҳам кўриш мумкин.
Йўқ жаҳон мулкида биздек ожизу бечора халқ
 Зулм тиғи бирла бўлған бағри юз минг пора халқ...
Эй Аваз, бўлмас шунингдек, бархо оввора халқ.
Шоирнинг айниқса, “Тил” ҳақидаги шеъри неча йиллар ўтишдан қатъий назар ўз қадрини йўқотгани йўқ. Хамон тил ўрганиш, тилга эътиборли бўлишга даъват этиб туради. Бу шеър хонандалар томонидан қўшиқ қилиб ҳам айтилиб келинмоқда:
Ҳар тилни билув энди бани одама жондур,
Тил воситайи робитайи олами ёндур.
Ғайри тилни саъй қилинг билгали ёшлар,
Ким илму ҳунарлар биланки ондин аёндур.
Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек,
Билмакка они ғайрат этинг фойдали кондир.
Бу ғазал бугун ёзилгандек, давр кун тартибига қўйган буюк ишлар хақида фикр юритаётгандек бизга хизмат қилади.
Аваз Ўтар ўзининг бутун онгли ҳаётини халқ манфаатига бағишлади. Халқнинг бахт-саодати йўлида ёниб ижод қилди. Шоир қолдирган адабий мероснинг умумий хажми 20 минг мисра ғазал, мухаммас, рубойи, қитъа, фард ва бошқа лирик шаклларда ёзилган шеърлар “Саодат ул-иқбол” (“Бахтли иқбол”) номли девонида жамланган.
Аваз Ўтар асарларининг бадиий ва ғоявий жиҳатдан юксаклиги сабаб унинг ижоди мактаб ва бошқа ўқув юртларида дарс сифатида ўтилмоқда.
Зулм ва таъқиб остида яшаган Аваз Ўтар қисқа умр кечирди. 1919 йилда 35 ёшида оламдан ўтди.
Аваз Ўтар ўзининг ўлимини олдиндан сезиб, шеър ёзиб қолдирган:
Фидойи халқим ўлсун танда жоним,
Бўлуб қурбон анга руҳи равоним.
Гар ўлсам дарбадар мазлумлар учун,
Будур мақсуди қалби нотавоним.
На яхши ўйлаким, маъқулу манзур,
Аваз, халқим учун тўкулса қоним.
Бу йил улуғ демократ шоир Аваз Ўтар туғилганига 135 йил, вафот қилганига бир аср тўлади. Орадан неча йиллар ўтса-да, Аваз Ўтар ва унинг ёзган асарлари халқ қалбида яшайверади.

Барди ЖУМАНИЁЗОВ,
Ўзбекистон Журналистлар 
ижодий уюшмаси аъзоси.

(Мақолани тайёрлашда шоирнинг       невараси Машариф Ўтаровнинг “Ўтар бобо” китоби ҳамда профессор Нурмуҳаммад Қабуловнинг Аваз Ўтар хақидаги илмий мақолаларидан  фойдаланилди.)