SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  ЙИГИРМАНЧИ АСР ПРОМЕТЕЙИ (Саховатпешаликда дунёга донг таратган инсон ҳақида)

ЙИГИРМАНЧИ АСР ПРОМЕТЕЙИ (Саховатпешаликда дунёга донг таратган инсон ҳақида)

« Назад

16.06.2020 10:27

Куба президенти Фидел Кастро Рус тан олган, Россия эстрада юлдузи Алла Пугачёва таъзим қилган, украиналик ака-ука боксчи Кличколар отаси сифатида кўрадиган, саховатпешалик бўйича дунёга донг таратган қорақалпоғистонлик Алланияз Утениязов ҳақида эшитганмисиз?
Алланияз Утениязов 1936 йилда Қорақалпоғистоннинг Кегейли тумани Қазаяқли қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келган. 1950 йил охирларида Қорақалпоқ давлат педагогика институтининг роман-герман факультетининг инглиз тили йўналишида таҳсил олган. Унинг номи талабалик йилларидан чиқа бошлади. Пахта йиғим-терим пайтида бир кунда 400 килогача пахта, 1 минг 200 килогача пахта ғўзасини терган Алланиязга “комбайн” деб ном беришди. Бошқа энг илғор теримчи деганларнинг ўзи бир мавсумда 2,5-3 тонна пахта терса, Алланиязнинг марраси 12-15 тонна бўлди. Пахтада терган пахта учун пул берилар эди. Бу пулларни у хайрия ишларига сарф қиларди.
У 1-курсни тугатгандан кейин ёз-ги таътил пайтида қишлоғидаги Қур-баниязовлар оиласига уй қуриб берди. Бу унинг биринчи марта қурган уйи эди. Хизматига ҳеч қанақа ҳақ олмади.
1962 йилда институтни тамомлаб ўз қишлоғидаги 4-умумтаълим мактабида инглиз тили ўқитувчиси сифатида бошлаб, 42 йил давомида дарс берди.
Фидоий устоз ўқувчиларга дарс ўтиш билан бир қаторда қишки ва ёзги таътил пайтларида ёлғиз бошли, ёрдамга муҳтож 42 нафар қарияга уй қуриб бериб, бу меҳнат-лари учун бир сўм ҳам ҳақ олмаган. Шунингдек, у битта ўзи 2 та мактаб, 2 та акушерлик пункти, 2 та болалар боғчаси ва битта кутубхона қурди. Ундан ташқари 174 та хонадоннинг уйларини капитал таъмирлаган. Ҳамма қурган уйлари учун шахсан ўзи ҳеч қандай техникаларнинг ёрдамисиз 860 минг дона ғишт қуйган. Бу ишларининг барчасини текинга битта ўзи амалга оширган.
Алланияз Утениязов ҳақида Ўзбекистондаги деярли барча газета-журналларда мақолалар чоп этилди, телевидение ва радиоларда тинмасдан тарғиб қилинди. Собиқ Иттифоқдаги кўп ададли “Правда”, “Комсомольская правда”, “Семья” ва бошқа нашрларда қатор мақолалар чоп қилингандан кейин уни бутун дунё таний бошлади. Хусусан, “Правда” газетасининг 1985 йил 29 сентябрь сонида чоп қилинган “Лик доброты” (муаллифи халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Тулепберген Қаипбергенов) мақоласидан сўнг Алланияз Утениязов номига дунёнинг турли бурчакларидан мактублар оқиб кела бошлади.
Шу пайтдаги Куба давлатининг президенти Фидел Кастро Рус: “Сиз ўз инсонийлик меҳнатингиз билан барча одамзод боласидан жуда юқори турасиз. Бу ишларингиз ёш авлодларни тарбиялашда намуна бўлади. Мен сизга тан бераман...” деб ёзди. Россия эстрада примадоннаси Алла Пугачёва: “Сизнинг холис хизматларингиз мен учун ибрат, миннатдорман. Сиздек одамнинг юртимизда бор эканлигига қувонаман. Халққа бепул қилган меҳр-шавқатингиз олдида таъзим қиламан...” деса, машҳур Муслим Магомаев: “Муҳтарам, муаллим. Сизни ва оила аъзоларингизни 1 май байрами билан чин дилдан қутлайман. Сизга теран соғлик тилайман. Ўзингизнинг хайрия-саховат ишларингизни, бор ақл-истеъдодингиз билан давом эттира бергайсиз. Сиз XX асрнинг Прометейисиз... (Прометей худодан олов урлаб одамларга яхшилик кўрсатган юнон мифологик қаҳрамони)” деб энг илиқ дил сўзларини изҳор этиб телеграмма йўллаган. Аргентиналик миллионер Сапун эса ўз мактубида: “Менинг қўл остимда 4 минг киши ишлайди. Аргентинада энг бой одамлардан бириман. Хусусий мол, парранда фермаларим, фабрикаларим бор. Лекин, менинг бойлигим сизнинг бойлигингиз қошида чирик дунёдир. Сизнинг инсонийлик маънавий бойлигингиз ҳеч қачон ўлмайди, чиримайди, мангу қолади. Сизнинг қилган хизматингиз дунёда катта янгилик бўлди. Ўқиб кўриб, ҳайрон қолдим. Менга катта туртки бўлди. Мен ҳам хайр-саховатли бўлишга бел боғладим. Менинг сизга учта саволим бор. Шунга жавоб беришингизни илтимос қиламан:
1. Бу ишларни ўз хоҳишингиз билан амалга оширасизми ёки биров ишла деб айтадими?
2. Сизда қандай куч бор?
3. Маҳаллий аҳоли бу ишларингизга қандай қарайди?” деган.
Икки карра Иттифоқ Қаҳрамони А.Рязанов: “Ўқитувчилар қурултойига келсанг, болангни ҳам ола кел. Бизнинг хонадоннинг эшиги сиз учун ҳамиша очиқ” деб, хатига жавоб ёзишни сўраса, бокс бўйича жаҳон чемпиони Виталий Кличко: “...Сиз биз учун идеал одамсиз. Мен ҳар доим рингга жангга чиқишдан аввал сизни тасаввур қиламан ва Сизга ишонаман. Шу пайтда ўзимга куч-қувват тўплагандек сезаман ва ғолиб бўламан” дейди.

(Давоми газетамиз кейинги сонда).