SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  ИНТИЛ -- МАРРА СЕНИКИ

ИНТИЛ -- МАРРА СЕНИКИ

« Назад

01.06.2019 10:19

Кейинги йилларда йигитлар қаторида қиз болаларнинг ҳам спортга кириб келиши, нафақат Осиё, балки жаҳон чемпионатларида ҳам қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб, мамлакат нуфузини ошириб, юрт байроғини тобора юксакларга  кўтаришаётгани  қувонарли  ҳолдир.

Якка кураш спорт турига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қатнашчилари Шахлохон Абдуллаева, Зухра Отажанова, Нилуфар Қурязова, Розахон Давлетова, Мафтуна Юсупова, Севинч Комилова, Фарида Мадримова, Зиёда Қодирова, Фарангиз Бекчанова, Хуршида Каримова, Севинч Абдушарипова, Машҳура Бакмаматова ҳам спорт мусобақалари, очиқ чемпионатлар, шунингдек, халқаро мусобақаларда қатнашиб, шаҳримиз, вилоятимиз тимсолида Республикамиз шанини муносиб ҳимоя қилиб, совринли ўринларни қўлга киритиш орқали устоз-мураббийларнинг ишончини оқлаб келишмоқда. 
Оғир атлетикачи бу қизлар педагогика коллежининг 3-босқичида таҳсил олишади. Уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари, нуфузли мусобақаларга тайёргарлик кўришлари ва қатнашишларида шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, коллеж маъмурияти, Ёшлар иттифоқи, қолаверса, ота-оналар Кенгаши яқиндан кўмакчи, елкадош бўлишмоқда. 
Ўтган йили вилоятимизда ўтказилган “Youth & Junior” AWC 2018 чемпионатида  Шахлохон Абдуллаева, Зухрахон Отажонова  6 та кумуш медални қўлга киритиб, ОТМга ўқишга кириш учун йўлланмага эга бўлишди.
- Биз ёш спортчилар учун бор имконият ва шарт-шароитларни яратишга тайёрмиз. Улардан талаб қилинадиган нарса эса, фақат ўз устида ишлаш, жисмонан чиниқиш, юртимиз байроғини кўкларга кўтаришдир,-дейди яккама-якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори О.Полвонов.
Спорт мактаби қатнашчиларидан Нилуфар Қурёзова, Роза Давлетова, Зиёда Қодировалар ҳам жорий йил 24 апрель-2 май кунлари Нукус шаҳрида таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида спортнинг оғир атлетика тури бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиб, 3 та олтин медал билан олий таълим муассасаларига кириш имкониятини қўлга киритишди. 
- Бу қизлар менинг ўз қизларимдек бўлиб қолган. Улар билан ишлашдан асло чарчамайман. Мураббий учун энг катта бахт бу шогирдининг камоли ва натижасини кўрмоқдир. Бундан ортиқ бахт ва мукофот бўлмаса керак,-дейди оғир атлетика бўйича олий тоифали мураббий Зулфия Ахтямова.
Ушбу спортчи қизлар жорий йилнинг сентябрь ойида Хивада ўтказилиши режалаштирилган спорт мусобақасига пухта тайёргарлик кўришмоқда. Барчанинг мақсади  ғалабани  қўлдан  бой бермаслик.

Д.МАШАРИПОВ, 
“Хива тонги” махсус мухбири.