SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Амир Темур қўчаси 52-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  ИЧОН-ҚАЛЪАДА ҲУРЛИК ВА САОДАТ ТАРОНАЛАРИ

ИЧОН-ҚАЛЪАДА ҲУРЛИК ВА САОДАТ ТАРОНАЛАРИ

« Назад

03.09.2018 09:13

Қадим ва муаззам қалъада истиқлол шодиёналари бу гал икки кун давом этди. Туман ва шаҳримиз аҳолиси турфа рангларда жилоланаётган тантаналар намойишининг гувоҳи бўлдилар. Ҳа, биз бундан 27 йил муқаддам тамал тошини қўйган мустақиллик давлатчилигимиз асосининг кунини катта ифтихор ва ғурур билан нишонламоқдамиз.
... Қўҳна Арк. Тарихи минг-минг йилларга бориб тақаладиган бу майдон не-не синоатларни ўтказмади. Ўтмиш тала-тўплари, давр тўфонлари бир зум тасаввурингизда ҳосил бўлади ва  “бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор” деб, бу кунларга шукроналар қиламиз.
Ҳа, биз чиндан ҳам бахтиёрмиз, ҳурлигимизни ўтмиш билан бугунимизни шоҳидлаётган қутлуғ мас-канда қарши олаётирмиз.
Даставал туманимиз аҳлининг энг илғор вакиллари-фермерлар, фахрийлар, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими ходимлари, қўйингки, барча соҳалардан таклиф қилинганлар байрам ўтказиладиган, чиройли ва ранг-баранг безатилган майдондан жой олдилар.
Туман ҳокими О.А.Матяқубов йиғилган-ларни, уларнинг тимсолида барча-барчани истиқлол айёми билан самимий муборакбод этди.
Маданият бўлими томонидан тайёрланган қизиқарли ва мазмунли чиқишларда эл суйган санъаткорлар, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, куй-қўшиқлар, дилбар рақслар гулдастасини туҳфа этишди. Айниқса, ёш спортчилар ва аскарларнинг намойиш қилган маҳорат ҳамда эпчил ҳаракатлари юртимизда чинакам баркамол авлод етишиб келаётганидан дарак берди.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида “Чанашиқ” ва “Дашёқ” ҳудудларида бажарилган ишлар ва ис-тиқболдаги режалар саҳна кўринишлари орқали ижро этилгани йиғилганларда она юрт келажагига дахлдорлик ҳиссини яна бир бора ошириб юборди.
Бевосита тантанани юксак ҳаяжон, кўтаринки завқ билан томоша қилаётган франциялик сайёҳлар Хива ҳақидаги таассуротларини ўртоқлашдилар:
- Шаҳрингиз жуда ажо-йиб ва ғаройиб экан. Тарихий обидаларнинг жилокорлиги ва жойлашуви кўзни қамаштиради. Айниқса, қалъангизда ўтказиладиган анъанавий фестиваль ва тадбирлар  бизда катта қизи-қиш уйғотди. Саёҳатимиз давомида шаҳар фуқаролари билан эсдалик учун суратга тушдик. Ҳар ким ҳам ўзга давлатдан келган бошқа миллат вакилини ўз яқинидек қабул қилавермайди. Биз ўзбек халқининг дўстона бағрикенглигидан қувон-дик, - дейди Дупин Паррел.
- Тарихий қалъангизга келиб, истиқлол шодиёналари устидан чиқдик.  Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар, “Лазги”га мазза қилиб рақсга тушдим. Мен саёҳатимни бундай завқли ўтказаман деб ҳеч ўйламагандим. Кейинги сафар албатта, оила-аъзоларим билан бирга келаман, - дейди қўқонлик Меҳринисо Қурбонова.
- Бундай байрамларни кўриб, чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўласан, киши. Яшаган сайин яшагинг келади,-дейди меҳнат фахрийси, узоқ йиллар катта жамоа раиси бўлиб ишлаган, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Қадамбой Бобожонов,- шаҳру қишлоқларимиз обод, чиройли ва мафтункор қиёфага эга бўлмоқда. Муқаддас заминимиз ҳа-миша фаровон, меҳнаткаш халқимиз доимо омон бўлсин!

***
Муҳтарам Президенти-мизнинг ташаббуслари билан ўтган йили қайта шаҳар мақомига эга бўлган бутун дунё кўришга ошиқаётган қадим кентимизда ҳам истиқлол шодиёналари зўр кўтаринкилик ва хушчақчақлик руҳида нишонланди. Шаҳар ҳо-кими Э.О.Яқубов табрик нутқида Хиванинг яқин ис-тиқболдаги кўркам қиёфаси ва бунга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи элдошларимиз меҳнати алоҳида таъкидланди.
Мустақилликнинг   асрларга тенг буюк ўз-гаришлари, эришилган му-ваффақиятларимиз турфа рангларда, дилтортар тароналарда шарафланди.
- Ислом Хўжа Хивага бундан 100 йиллар муқаддам темир йўл олиб келишни орзу қилган эди. Қаранг, Юртбошимизнинг саъйи-ҳаракатлари билан бу қутлуғ иш қарийб 1,5 йил ичида амалга оширилмоқда, - дейди шаҳар маданият бўлими мудири Равшанбек Қурбонов,-биз бу лавҳаларни саҳна кўринишлари орқали одамлар кўз ўнгида гавдалантириб беришга ҳаракат қилдик.
Аср қурилиши дея ном олаётган пўлат тулпорлар эндиликда сайёҳлар оқимини оширишга, шаҳ-римизни пойтахтимиз билан боғлашга олтин камар бўлиб хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ.
- Юртбошимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан мукофотланганим мени беҳад қувонтирди, шунинг билан биргаликда масъулиятимни янада оширди. Истиқлолимизнинг 27 йиллик тўйи барча юртдошларимизга муборак бўлсин, - дейди “Гранит” хусусий корхонасининг раҳбари Мансур Маҳмудов.
Ичон-қалъада янграган хурлик ва саодат тароналари узоқ-узоқларга таралади.
Шаҳар ва туманимизнинг барча қишлоқ ҳамда ма-ҳаллаларида истиқлол шодиёналари давом этмоқда.

Шержон МАШАРИПОВ,
Отабек ИСМОИЛОВ,
Шаҳруза МАТЁҚУБОВА,
Дилмурод МАШАРИПОВ (суратлар),
 “Хива тонги” мухбирлари.