SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Амир Темур қўчаси 52-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  Халқимизнинг севимли адиби, шоир ва драматург Эркин Самандар 85 ёшда!

Халқимизнинг севимли адиби, шоир ва драматург Эркин Самандар 85 ёшда!

« Назад

10.04.2020 11:00

ХИВА

Бу шаҳарми ё бир сеҳр,
Тошларми бу, мўъжизами ё?
Обидалар бағрида не сир,
Нақшларда ёнар не зиё?

Пештоқдаги ғазалми ё ранг,
Нафосатнинг сеҳри эмасми?
Тошда нидо қилувчи мисра
Огаҳийнинг шеъри эмасми?

Нақшларда кўзларим ўйнар,
Байт чақнайди бўёқлар аро.
Ё усталар шоир бўлганлар,
Уста бўлган ёхуд шуаро.
Устунда шеър, деворларда шеър,
Мармарга ҳам ғазал ўйилган.
Осмонўпар минорларда шеър,
Лаълга қатиб пешлаб қўйилган.

Қуббасида жимирлар шуъла,
Бағрида шеър туғёни яшар.
Амударё бўйида Хива
Очиқ қолган китобга ўхшар.

Аламдийда ўтмиш-ку аён,
Турмуш деган зилдай оғир юк.
Айланса ҳам чарх каби замон,
Деворларда шеър қолди тирик.

Унинг ҳар банд, ҳар бир сатрини
Такрорлашга ташнадир қалбим.
...Қуллуқ сенга, аччиқ дардини
Ширингина шеър қилган халқим.

 

ОЖИЗА ХАЛФАГА

Қорачиғсиз кўриб дунёни,
Гул ҳуснига бўлибсан ошиқ.
Тошганидан қалбинг туғёни,
Тилингдан ҳеч тушмайди қўшиқ.

Мен тинглайман ундан ишқ сасин,
Унда қат-қат армон кўраман!
Хонишингда баҳор нафасин,
Гул жилвасин аён кўраман.

 

Қўшиқ – ожиз кўзингга шуъла,
У туфайли кўрдинг гулни ҳам.
Юрагингда қайнаб ашула,
Кўз олдингда нурланди олам.

Ҳайрон боқиб кузатаман жим
Гулзор ичра сени ҳар саҳар.
Нени суюб, нени куйлардинг,
Кўзинг очиқ бўлганда агар?..

 

ЛАЗГИ

Дилимга лахча ўт солдинг,
На ўтки, чулғадинг олдинг,
Уни сен тор қилиб чалдинг,
Сеҳр, кўркинг ибо, лазги.

Наҳордек жилвагар, серноз,
Баҳордек дурмиши пардоз,
Вафодек нодиру мумтоз,
Амудек сержило, лазги.

 

Кўзимга лоласан бир дам,
Гўзал қиз боласан бир дам,
Боқиб ором олар дийдам,
Сафосан бебаҳо, лазги.


Хазина – нурли бўстоним,
Дури сен, роҳати жоним.
Уйимга келса меҳмоним,
Ўзинг серилтижо, лазги.

Юрарман мақтовинг сўйлаб, 
Ўзингдек мавжланиб, қайнаб.
Яшаргайман яна ўйнаб,
Қариб бўлсам адо, лазги.

 

ЧОРВОҚДА

Шўх-шўх ўйнар эдим,
Сен билан қирғоқда мен.
Энди қўмсаб изларингни,
Ҳол-баҳол юрмоқдаман.

Қайга кетди деб сўрар кўп,
Сув уриб қирғоққа бош.
Бир аниқ гап айта олмай,
Лол бўлиб турмоқдаман.

Мавжли уммонга чиқармиз,
Дер эдик ирмоқ билан.
Сувга айтгум энди дардим – 
Юз ювиб ирмоқда ман.

Сен юрарсан катта йўлда,
Бахтиёр дўстлар билан.
Тунлари қирғоқда уйғоқ – 
Кундузи Чорвоқда ман.

Сен дилимда ёнган ўтга
Қанча сув чепган билан,
Кўп авайлаб ўчган ўтни 
Қайтадан ёқмоқда ман.

 

ХОРАЗМ ФАРЗАНДИМАН

Мен туғилган кўҳна воҳа шуҳратин олам билар,
Кўп замондин кўп шуаро унга ашъор битдилар.
Донғини мен ҳам жаҳонга бонг уриб айтгим келар,
Хоразм фарзандиман мен, Хоразм фарзандиман.

Кўҳна Урганч тошлари сайр айлаган боғим менинг,
Ястаниб ётган қадим Султон Увайс тоғим менинг,
Ушбу боғу ушбу тоққа кўмдилар оҳим менинг,
Хоразм фарзандиман мен, Хоразм фарзандиман.

Бу улуғ маскан кўнгилларга зиё қилди ато,
Қаҳридан шамшир ясаб, ёвларга санчди бехато,
Қалбимга  илму алифу ал-жабрни қилди жо,
Мен алифдек тик яшаб ўтган диёр фарзандиман.

Мен зикр этсам асрлар қаърида кўргум шуур,
Мен тикилсам, ўтган ул зулмат ичида ёнди нур,
Ал-Берунийга забон берган диёр ҳам шул эрур,
Илмини нурдек таратган дониш эл фарзандиман.

Гоҳ булут остида қолди, гоҳ кулди юлдузи,
Қирди бу юртни неча ёв, босди Жўжи чингизий,
Сув бўлиб қон оққанини сўйласин Жайхун ўзи,
Сўйласам мен, шу жабрдийда Ватан фарзандиман.

Сувга ғарқ бўлганда Урганч, бормиди дарёда айб,
Йиғласа мотам йўлида йўқдир ҳеч гирёда айб,
Тожу тахт илгида айбу бераҳм дунёда айб,
Айбсиз айбдор саналган танти эл фарзандиман.
 

Мен у кунлар ҳасратида ўртаниб ёнмай нечун,
Ҳали ҳам вайроналарда изғиса аччиқ тутун,
Жон фидо этди Жалолиддин она тупроқ учун,
Мен шу тупроқ ворисиман, мен шу эл фарзандиман

Ҳаммадан кўпроқ билар бу юрт надир қайғу, алам,
Дардини дафтарга чизди, қалбини этди рақам,
 Куйлади ошиқ Ғарибу нола урди Шоҳсанам,
Нола урган ошиқ элнинг ошиғи – фарзандиман.

Хива бу, гумбаз, минора, нақши нуқра шаҳри бу,
Токчада қолган китоблар одамийлик шарҳи бу,
Паҳлавон Маҳмуд сўзин ёд олди Машриқ, Мағриби,
Машриқу Мағрибда машҳур ўлканинг фарзандиман.

Ким ғазал битди юракда қайнаган илҳом билан,
Ким давр сурди қўлида май лимо-лим жом билан,
Мен мулоқотда эрурман Огаҳий бобом билан,
Боболар изин ўпарман, қутлуғ эл фарзандиман.

Оқ сутин ичдим ва унда ташладим мен илк одим,
Илк меҳр, илк севги шавқин шу заминда тобладим,
Гулларнинг рангларини кўзларимга жойладим,
Минг жило, минг ранг сочиб кулган замин фарзандиман.

Дилрабо, оташ қўшиқлар бахтимиз парвозидур,
Тоабад ўзбекнинг фахри Комил устоз созидур,
Икки соҳил ифтихори Ҳожихон, Шерозидур,
 Кўксида тор нола этган куйчи эл фарзандиман.

Неажаб товланса хил-хил, боғу бўстон бу, ахир,
Янгилик кашф этмадим мен, тилда достон бу, ахир,
Ўзбекистон бу ёронлар, Ўзбекистон бу, ахир,
Не учун фахр этмагайман, мен ахир, фарзандиман.

Ким билан ошно тутинмай, ким-ла суҳбат қурмайин,
Хивами, Урганчми ё Тошкентда  яшаб турмайин,
Қайси элга бормайин, қай  гўшаларда юрмайин,
Фахр этарманки, Самандар,Хоразм фарзандиман.