SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  ДАҲО ПОЙИДА СУҲБАТ

ДАҲО ПОЙИДА СУҲБАТ

« Назад

08.07.2017 07:35

Қадим Хива. Қадим Эски Қиёт қишлоғи. Биз бир гуруҳ суҳбатдошлар эзгу сўз, эзгу ният ила Огаҳий боғига қадам ранжида қилдик. Шоирнинг мўъжазгина уй-музейи ўзининг таровати билан бизни суҳбатга чорлаётгандай эди. Музей деворида маҳобатли ранг тасвир меҳмонларни сергак торттираётгандай, зеро тасвир Огаҳий бобомизнинг ҳаёти ва ижодининг мажмуидек эди.
- Таниқли мусаввир Тўра Қурёзов ижод маҳсули ушбу монументал асарга қараб, - рассом Огаҳий мисолида қиётликларнинг турмуш тарзи, ҳаёти, изтироблари ва қувончи тасвирлангандек, назаримизда, - дея суҳбатни бошлади Хива тумани ҳокими Эркин Ёқубов шу қишлоқда узоқ йиллар хўжаликка дарғалик қилган Отаназар Пирназаровга юзланиб.
-Тўғри айтасиз, - дея сўз бошлади ҳозирда «Нуроний» жамғармаси раиси О.Пирназаров. – Рассом Тўра Қурёзов ушбу асарни чизишдан олдин бир неча кун Қиёт, Эски Қиёт аҳли билан танишиб, уларнинг турмуш тарзи, ҳаётий кечинмалари, юз қиёфалари, дунё қарашларини кузатди. Ҳазрат Огаҳийнинг асарлари, ғазалларини ўқиб ўрганди. Қишлоқнинг оқсоқол, катхудолари билан суҳбатлашди.
Ҳақиқатан ҳам тасвирдаги образларда қиётликларнинг қиёфалари муҳрланган. Ниҳоят барчанинг нигоҳи картина марказидаги Огаҳийнинг орифона қиёфасига қаратилди ва худди ҳазрат суҳбатни давом қилдиринглар, деган хур фикрга чорлаётгандай туюлди. Шу дамда Матназар Абдулҳакимнинг ушбу сатрлари ёдимизга келди:
«Огаҳий шеърларини мутолаа қиляпман. Мен бундай доираларни ўзига хос бир маънавий байрам, инсон руҳиятининг фоний дунё андуҳлари устидан ғалабаси, эзгуликнинг кайфиятидаги барқарор бир муваффақияти сифатида нишонлайман. Шеъриятнинг тип-тиниқ ҳамда соҳир парваришидан ақлимни ва туйғуларимни такрор-такрор баҳраманд этиб, манфийликнинг мурдор ҳамлаларини даф этишдек қутлуғ жаҳду жадалларга ҳозирланаман. Яна ҳам инсонроқ бўлиб келгим келади.»
Биз Матназар Абдулҳакимдан ибрат олиб, Огаҳий ғазалларига мурожаат қилгимиз келди:
Қилғил томошо қомати
зебоси бирла оразин,
Гар кўрмасанг гул бўлғанин
пайванд шамшод устина…
Огаҳийнинг машҳур «Устина» радифли ғазалидан ушбу байтни шифокор, адабиёт ва шеърият ихлосманди Рустам Абдуллаев гўзал талаффуз билан мушоҳада қилди.
Яна картинага боқиб Огаҳийнинг гўзаллик, севги-муҳаббат, ер, кўк, деҳқончилик, мироблик фаолиятидан лавҳалар, айниқса, оби ҳаётдан унумли ва тўғри, исрофгарчиликка йўл қўймаслик ҳақида бизга мурожаат қилаётгандай тасаввуримизда ва бу борада фикрлар, мулоҳазалар билдирилди.
Мусаввир Огаҳий бобомизнинг кўзларини ниҳоятда гўзал, меҳрга бой, фалсафий қарашларини топаолгандай назаримизда. Шу ўринда шифокор олим Машариф Ғоибов Журжонийнинг кўз ҳақидаги илмий ишларидан мисоллар келтириб, Кўзлар «қора», «мовий» ва Журжонийнинг келтиришича, Хоразмда «шаҳло» кўзлар мавжудлиги, бу кўзлар ғоятда сеҳрли ва меҳрга бой эканлиги тўғрисида илмий фикрлар баён қилди.
Суҳбат чоғида Э.Яқубов Огаҳийнинг кўз таърифи ҳақида тўхталиб, шоир Отабек Исмоиловга юзланди:
Мушкин қошининг ҳайъати
ул чашми жаллод устина.
Қатлим учун нас келтирур
нун элтибон сод устина
байтида ёрнинг кўзини чашми жаллодга ўхшатгани, қошларни мушки анбардек тим қора хушбўй ифорли бўлиши билан бирга «қатл» учун ҳукм чиқаришга чоғланаётган ҳакамга ўхшатилаётганлигини, араб ёзувидаги «нун» ва «сод» харфлар сўзлар ўйини ҳақидалиги, лекин сизнинг китобингизда «сод»нинг устига «нун»ни қўйиш билан кўзнинг тасвири ифодаланаётганини кузатдик.
О.Исмоилов: - бу тўғрида Навоий, Огаҳий ижодларидаги мумтоз шеъриятда ҳарф ва сўз ўйинлари билан бирга тасвирий санъат ила ифодаланиш усуллари мавжуд бўлиб, ғазалнинг янада таъсирини кучайтиради, мазмунни бузмаган ҳолда шаклни сержило тасвирлайди. Гўзал ва ранго-ранг ташбеҳлар барчага ҳайрат бағишлайди.
Юқорида Рустам Абдуллаев келтирган:
Қилғил томошо қомати
зебоси бирла оразин,
Гар кўрмасанг гул бўлғанин
пайванд шамшод устина
байтини мутолаа қилиб, болалик чоғларимиздаги бир ҳолат эсимга тушди.
Бизнинг эски ҳовлимиз Хива шаҳрининг ўртасидан оқиб ўтадиган «Кичик ёп» (Серчали) ёнида бўлиб, ёпнинг қирғоғида узунлиги 15-20 метр келадиган виқорли тераклар бўларди. Уйимизда эски китоблар кўп бўлиб, онамиз кўп мутолаа қилар эдилар. Биз жуда катта қизиқиш билан тинглар эдик. Ўша дамларда бир китобда «қизил гул» (атиргул)ни теракларнинг учига пайванд қилинганлиги ҳақида ёзилгани ёдимда. Аммо бу сўзнинг маъносини, муаллифини билмаганмиз. Лекин тасаввуримизда ўша виқорли теракларнинг учида «қизил гуллар» тебраниб, гўзалликларини намойиш қилаётгандай туюларди. Дарҳақиқат, Огаҳийнинг байтида афсонавий «шамшод», «сарв бўй терак»ларнинг учига пайванд қилинган гулларнинг гўзаллигини кўрмаган бўлсанг, ёрнинг сарв қоматига монанд гул юзу оразини кўр, томоша қил, деб мисол қилмоқчи шоир. Бундай сермавж мулоҳазалардан кейин юртимизнинг машҳур санъаткори, Ўзбекистон халқ ҳофизи Фарҳод Давлетов суҳбатга қўшилди.
- Узоқ вақтлардан бери бугунгидай мазмунли суҳбат, китоб мутолааси, ижодий баҳс-мунозаралар, ғазалхонлик, шеърхонликни соғинган эдик. Ушбу суҳбатнинг ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Зеро, даврада сермулоҳаза, нозик дидли, юксак маънавиятли, талабчан тингловчилар бўлса, ҳофизу хонандалар ўзларининг ижрочилик маҳоратини тўлалигича намоён қиладилар, изланадилар, ижросидан завқланадилар.
Шоир Комил Девоний ибораси билан «Аҳли мажлис тингласа, қайси ғазалхон истамас», дея Огаҳий ғазали билан «Феруз I” ашуласини юқори пардаларда мафтункор ва шиддатли овози билан суҳбатга тароват бағишлади. Ҳофиз ўзининг дил сўзларини баён этар экан, миллий меросимиз, мумтоз ғазаллар ижросида эҳтиёткорлик билан ёндашиш лозимлигини таъкидлади. Чунки, мумтоз ашулаларнинг матнида бирон сўз, ҳатто битта ҳарф ёки товуш ноўрин талаффуз қилинмаслиги керак. Бу борада ёшлар учун устоз-шогирд мактабини ташкил қилмоқчи эканини билдирди. Шу билан бирга мақомларнинг тарғиботини тинимсиз олиб бориш лозимлигини, мақом кечалари уюштириш мақсадга мувофиқ бўлиши тўғрисида тўлқинланиб гапирди. Соз ила суҳбат яна давом этди. Ижодкор ёшлардан қиётлик Ўринбой Юсупов, Мақсуд Матниёзов, Эркинбой Машариповлар Огаҳий ғазалларидан куйладилар.
Суҳбатдошлардан Комилжон Худойберганов тарихчи олим сифатида ўзининг илмий изланишлари, тошлардаги битиклар, меъморий бинолар пештоқларидаги ёзувлар ифодалари, ёғоч, ганж, ўймакорлик, мискар, заргар, ҳунарманд усталарнинг санъат даражасидаги ишларидаги нақшлар, битикларда мусиқий уйғунлик борлиги ҳақида илмий фикрларини изҳор этди.
Таниқли созанда С.Оллаёров, меҳнат фахрийси Зуҳур Қурбонов, маданият ходимлари Ш.Матёқубов, Б.Давлетов, меҳнат фахрийси, мухандис Н.Отажонов, Қ.Атаев, И.Маткаримовлар мумтоз сўз, ғазал, миллий қадриятлар, маданий меросимиз мақомлар ривожи, тарғиботи албатта, юксак дидли тингловчилар тарбияси тўғрисида фикр алмашдилар.
Мумтозона суҳбат, суханбарлик барчанинг кўнглида шодонлик туйғуларини жўш урдириб юборди. Шу ўринда шоир Иброҳим Юсуповнинг “Бу дунё” шеъри ёдимизга келди.
Одам ўғли ўз кўнглингни
шод айла,
Очилсанг очила берар
бу дунё,
Ўтганларни васиятин
ёд айла,
Йиғнасанг сочила берар
бу дунё.
Мақоламиз ниҳоясида яна Матназар Абдулҳакимга мурожаат қиламиз: “Огаҳий асарлари мутолааси – муҳаббат маърифатидир”.
Биз бўлсак, умримизнинг ҳар бир дақиқасида Огаҳий ҳазратлари меҳр кўрсатган комил инсоннинг қошидамиз. Биз ўз аъмолимиз учун ана шу инсоннинг дилини мезон деб биламиз, қадамимизни ана шу комил инсонга мақбул бўладиган даражада ташлаймиз. Сўзимизни ана шу комил инсонга манзур бўладиган даражада айтамиз. Зеро, ул зот ёзган эдилар-ки:
Ҳар ким ўқиса, дуо билан
ёд этгай,
Руҳимни бу ёд этмак ила
шод этгай,
То тангри ани бу карами
борасида
Жойини икки жаҳонда
обод этгай.


Давлатназар ЮСУПОВ,
фольклор тадқиқотчи.