SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Марказ-1.  4-уй.

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  Бошида ШЕРОЗИ, Қўлида сози

Бошида ШЕРОЗИ, Қўлида сози

« Назад

31.08.2020 11:26

Мадраҳим Ёқубов - Шерозий 1890 йили Хива шаҳрида таваллуд топди. Болалигидан мусиқага ихлос қўйган бўлғуси ҳофиз ўз даврининг таниқли хонанда  ва созандалари  Қуржи ота - Қурбонниёз Авазметов, Полли дузчи ва бошқаларга шогирд тушиб дутор, гармон чалишни, ижро маҳоратларини ўрганди. Иқтидори, интилиши туфайли элга танилди.
Истеъдоди ва беназир ижроси эътироф этилган Шерозий хонанда ва созанда сифатида 1923 йили Москвада Бутун-иттифоқ қишлоқ хўжалиги кўр-газмасида, 1937 йилда эса ўзбек санъати декадасида иштирок этиш бахтига мушарраф бўлди.
Ўша даврларда, кейинчалик ҳам  байрам тадбирлари, халқ сайллари, тўю томошалар Шерозий иштирокисиз ўтмаган.
Маълумки Хоразмда илк театр Хивада ташкил қилин-ган. 1933 йил у вилоят маркази Урганч шаҳрига кўчган.Театр-нинг илк фаолиятидан бошлаб жамоа сардори саналган Шерозий кўплаб шогирдлар тарбиялади. 1939 йил эса театр қошида гармончилар ансамбли ташкил этиб, истеъдодли хотин-қизларни жалб қилган ҳолда уларга устозлик қилди.
Шерозий ҳалқ қўшиқлари,  Хоразм достон ҳамда мақом, сувора йўлларидаги куй ва ашулаларни маҳорат билан куйлаш билан бирга ўзи ҳам “Гул Ватан”, “Асрлар орзиқиб” каби ўнлаб янги қўшиқлар яратган.
Шерозий ўз даврида маш-ҳур санъаткор ва сўз усталари Қурбон ота Исмоилов, Мат-юсуф Харратов-Чокар, Баёний, Партав, Мулла тўйчи Тош-муҳаммедов, Тамарахоним, Юнус Ражабий, Ҳожихон Болтаев, Ўрта Осиёнинг биринчи фото ва кинотасвирчиси Худойберган Девонов ҳамда бошқалар билан нафақат қадрдон дўст, балки ижодий ҳамкор, ҳамфикр бўлган.
Шунингдек, Комилжон Отаниёзов, Матёқуб Раҳимов, Султонпошша Раҳимова, Ваҳобжон Фаёзов, Матниёз Юсупов каби ўнлаб машҳур хонанда ва созандаларга устозлик қилган Шерозий умрининг охиригача (1973 й.) юрт хизматида, эл ардоғида бўлди.
Бошида шерози дўппи кийиб, гармон созини бағрига босиб, жўшиб куйлаган Шерозий хақида халқимиз томонидан эҳтиром тариқа-сида ижод қилинган:
“Бошинда шерози,  қўлинда сози,
 Саҳарларда галар  булбул овози”

каби термалар ҳозирда ҳам шўх-шодон давраларда тез-тез янграб туради.
Санъаткор хотирасини абадийлаштириш бўйича қилинаётган ишлар ҳам давом этаётир. “Ичон-қалъа” музей-қўриқхонанинг “Хоразм мусиқа тарихи” бўлимида Шерозий ҳаёти ва ижодий фаолиятини акс эттирувчи экспозиция ташкил этилди. Ундаги нодир экспонатлар ташриф буюрувчиларни алоҳида эътибор ва қизиқишга сазовор бўлмоқда.
- Бу ердаги экспозиция ва кўргазмаларда эрамиз аввалидан то ҳозирги давргача бўлган мусиқа тарихига оид 500 га яқин экспонатлар жой олган, - дейди бўлим мудири Комилжон Аминов. - Улар, шунингдек, Шерозий бобо ижоди акс этган экспозиция ҳам янги осори-атиқалар билан бойитиб борилмоқда.
Бобоси касби ва анъаналарининг давомчиси, мусиқа-шунос невараси Зокиржон Мадраҳимов ташаббуси билан Урганч шаҳрида ҳам Шерозий уй-музейи ташкил этилган. Музейга ташриф буюрувчилар ҳофиздан  ёдгорлик буюмларни кўриб ижросидаги куй-қўшиқларни тинглаб беҳад завқланадилар.   Санъаткорнинг катта ўғли, филология фанлари доктори, профессор, раҳматлик Ота-назар Мадраҳимов ҳамда шоир ва адиб Сотим Аваз қаламига мансуб “Мадраҳим Шерозий” номли китоб, шунингдек, Матниёз Юсупов ва бошқалар томонидан ноталаштирилган ёзма ва аудио манбалар мухлислар ва ёшлар томонидан ўқиб-ўрганилмоқда.
 

О.ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар  уюшмаси аъзоси.