SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  “БИЗ ХАЛҚИМИЗ ХИЗМАТИГА КЕЛДИК!”

“БИЗ ХАЛҚИМИЗ ХИЗМАТИГА КЕЛДИК!”

« Назад

07.08.2017 05:00

Халқимиз ўзи севган, ихлос қўйган фидойи фарзандлари табаррук номларини ҳеч қачон унутмайди. Ана шундай беназир инсонларнинг бири, бетакрор санъаткор Комилжон Отаниёзовдир.
Хоразмда, нафақат Хоразмда, балки ўзга юртларда ҳам буюк ҳофиз билан учрашган, суҳбатлашган инсонлар кўп. Барчасида Комилжон ака ҳақида илиқ таассуротлар, сўнмас хотиралар бисёрлиги шубҳасиз.
Хиваликлар ҳам машҳур хонандани алоҳида меҳр билан эслайдилар. Айтишларича, у кишининг борган, бормаган давралари ҳатто афсоналарга, ривоятларга айланган.
...Чекка қишлоқдаги оддий деҳқоннинг ўғил уйлантириш тўйига Комилжон аканинг келиши анча олдиндан маълум бўлиб, хонадонда тараддуд қизғин бошлаб юборилди. Чопарлар уйма-уй, элатма-элат юриб, тўй кунини айтиб чиқишди. Шу куни тумонат одам йиғилди денг. Қани энди жой топилса. Энг кичкина мухлислар томларга, дарахт тепаларигача чиқиб олишди. Ҳамма Комилжон аканинг келишини сабрсизлик билан кутишарди. Ҳаммадан кўп тўйбоши асабийлашарди.
- Келмайди унинг, - деди у хонадон соҳибига ўткир нигоҳ ташлаб, - ундан кўра ўзимизнинг маҳаллий машшоқларни айтсанг бўлмасмиди?!. Ҳалиям кеч эмас, чақир ўша колхўз бадиий ҳаваскорларини.
Тўй деярли тарқай бошлаганди. Бирдан том бошида хомуш ўтирган болакайлар ғимирлаб қолишди, баралла қичқириб юборишди.
- Ана келишяпти. Кўк “Волга”да!...
Зум ўтмай Комилжон ака одатдагидай қўлини кўксига қўйиб, тўйхонага кириб келди. Отаназар доирачига имо қилиши билан, торни қўлига олиб, сайратиб юборди. Куй-қўшиқларга уланди. Унинг овозини эшитиб, тўйхонадан узоқлашган меҳмонлар ҳам қайтиб кела бошлади. Тонг отгунча куй-қўшиқларнинг кети узилмади. Хонадон эгаси ҳам хурсанд, меҳмонлар ҳам.
Комилжон ака тўй охирида бир ҳўплам чой ичди-да, даврадан тушган пулларни тугунчага боғлаб, уй эгасига тутқазди.
Кечикишининг сабаби маълум бўлишича, шу куни кечқурун ҳофизни вилоят марказидаги концертга так-лиф қилишган экан. “Ҳа энди бир-икки қўшиқ айтиб, тўйгача етиб борасиз-да” дейишгани нақ икки соатга чўзилибди. Устига устак устознинг ғанимлари атайлаб, “талабларига биноан”ни айттираверишибди.
...Хиванинг “Ичон-қалъа”-сида туғилиб, вояга етган Исмоил Бойжонов санъат фидойиларидан бири эди, раҳматлик. Образли қилиб айтганда ҳаётлигида бир соз чалиб ўтди. Буни қарангки, ўн тўрт йил Комилжон аканинг пешини тутди, у кишидан сабоқ олди.
- Отам вафот этганда, ёнимда ҳамдард бўлиб турдилар, - дерди Исмоил ака, - Халққа яқинлигини шундан ҳам билса бўладики, ҳеч қачон одам ажратмасдилар. Айниқса, оддий кишиларнинг хизматига боришни канда қилмасдилар. Бирдан бир айтадиган гапи “Биз ҳамиша халқимиз хизматидамиз. Шу эл, шу халқ бизни эъзозлаб, мана шундай даражага етиштирди. Демак, биз халқимиздан то абад қарздормиз”.
Ҳаётининг сўнгги йилларида Комилжон ака ирдимзонлик Косипий таҳаллуси билан шеърлар ёзадиган дурадгор уста билан дўст тутинди, ижодий ҳамкорлик қилди. Шоир раҳматликни уйининг тўрида Комилжон ака совға қилган тор ҳозир ҳам осиғлик турибди.
... Хиванинг 2500 йиллиги нишонланган кезлар эди. Ҳофизнинг умрини охиригача ёнида бўлган Отаназар ака Абдолниёзов (Оллоҳ у кишини ҳам ўз марҳаматига олган бўлсин) кейинги пайтларда анча бесаранжом бўлиб қолди.
- Уста тушларимга кириб чиқаяпти. Бир зиёратига бориб келмасам бўлмайди, укалар, - деб биз таҳририятдагиларга мурожаат қилдилар. - Бирга хамроҳ бўлиб борсак...
Отаназар аканинг гапини икки қилиб бўлмасди. Охирги пайтларда бетоб бўлиб, анча ўзларини олдириб қўйгандилар. Абдулла Сафоев, ушбу сатрлар муаллифи, Отаназар аканинг невараси рулда – тўртовлон йўлга чиқдик. “Иморат бобо” қабристонига зиёратга боришимиз керак. Йўл-йўлакай устознинг ибратли фазилатлари, у билан кечган ажойиб-ғаройиб воқеалар ҳақида ҳикоя қила кетдилар.
- Бир куни саҳармайдондан Тошкентдан Хоразмга қараб, “Волга-21”да йўлга чиқдик. Жиззахнинг тоғли ҳудудларига етиб келганимизда мотор қизиди.
- Отаназар сен машинанинг у ёғ-бу ёғига қараб тургин. Мен унгача баланд қояларга салом бериб келаман, - дедилар уста юқорига ишора қилиб.
Комилжон ака тоққа яқинлашаркан, бир ажиб манзарадан донг қотиб қолди. Тоғ ичкарисидан ўзининг овози эшитилиб турарди. Нима гап экан, деб илгарилаб борса, тоғликлар Комилжон аканинг қўшиқларини магнитафонда айлантириб, тўй ўтказишаётган экан. Одамлар қаршисида тирик Комилжонни кўришиб, анг-райиб қолишибди.
Бу воқеа ҳали хануз ўша ерлик аҳолининг ёдидан чиқмайди. Шу куни чинакам қўшиқ байрами бўлди. Комилжон ака бу гал ҳам пул тўла тугунни тўй соҳибининг қўлига тутқазди.
Иккинчи воқеа эса бундан ҳам қизиқ. Комилжон аканинг “дўстлари” (уста шу сўзни қўштирноқда ўқишни хуш кўрарди. Изоҳ – О.А) бир гал ўз мақсадларига эришди. Яъни Комилжон аканинг масаласини Ўзбекистон комфирқа бюросида муҳокама қиладиган бўлишди. Нима эмиш – унвонли санъаткор мактаб, масжид қурармиш, зиёратгоҳ обод қилармиш. Бунга энди сира тоқат қилиб бўлмасди. Мажлисни шахсан Шароф ака олиб бордилар.
- Комилжон ака шу гаплар ростми? - деб сўрадилар Шароф Рашидович.
- Ҳа, Шароф ака рост! Дунё иморатларининг кўрками мактаб бўлса, масжид эса алҳамдулиллоҳ аҳли мусулмонмиз, элу юртимиз тинчу фаровонлигини дуо қилувчи маскандир. Қабристонга келсак, ҳамманинг борар сўнгги манзили шу! - дебдилар.
- Отангизга раҳмат, Комилжон ака. Доим мана шундай хайрли, савоб амалларнинг бошида юринг!, - деб Шароф ака қайтага катта миннатдорчилик билдирибдилар.
Ажиб ўхшашлик: юртимизда бу йил икки буюк шахс-нинг 100 йиллик юбилейлари кенг нишонланмоқда. Ҳайратона суҳбат бўлиб, зиёратгоҳга қандай етиб келганимизни ҳам билмай қолдик. Отаназар ака аввало устози қабрини айланиб, қўллари билан сийпалаб, кўзларига суртдилар, кейин тиз чўкиб, қуръон тиловат қилдилар.
- Мана устоз дийдорлашдик. Руҳингиз шод, охиратингиз обод бўлсин!
Зиёратдан қайтишда Отаназар ака устози билан боғлиқ учинчи ҳикояни бошладилар.
- Биласизлар, устани бир оёқ ва бир қўли яхши ҳаракатланмай қолди. Шифокору табиблар малҳам қидириб кўришди, охиригача даво топишолмади. На илож, яратган эгам берган дард экан. Кунларнинг бирида қамоқхонадан Комилжон ака номига кутилмаган мактуб келди. Хатнинг мазмуни шундай эдики, маҳбуслардан бири айнан устани дарддан фориғ қилиш йўлларини билишлигини, тезда оёққа туриб кетишлигини ёзибди.
Икки-уч кун ўтар-ўтмас, озод этилган ўша кишининг ўзи устанинг Тошкентдаги уйи остонасида пайдо бўлди. Ҳол-аҳвол сўрашиб, “муолажалари”ни бошлаб юборди. Ҳатто алланималар деб валдираб, “куф-суф”лар ҳам қилди. Лекин устада ўзгариш бўлмади. Ўшанда уста менга юзланиб – Ота-назар меҳмонни ортиқча уринтирмай, қўлига 1000 сўм пул, устига костюм-шим кийгазиб, вокзалга кузатиб қўй! – дедилар.
- Ахир... – демоқчи эдим, гапиришимга йўл қўймадилар.
- Сабабини бориб келганингдан сўнг айтаман.
Сохта табибни кузатиб қўйдим. Олис вилоятларнинг биридан экан.
- Нима учун менинг остонамга бош уриб келганини биласанми? – дедилар оҳиста келганимдан кейин, - қамоқдан чиққан одам бола-чақасига нима олиб боради? Менда доим пул борлигига фаҳми етади, шунинг учун ҳам у мени танлади.
Комилжон аканинг фаҳм-фаросатига яна бир марта қойил қолганман ўшанда. Ҳа, уста ана шундай саҳий, қалби дарё, ҳеч кимларга ўхшамаган инсон эдилар.
Сўнгги нафасигача Комилжон аканинг хизматида шогирдлик бурчларини сидқидилдан адо этган Ота-назар акани ҳам кўп ўтмай она тупроқ ўз бағрига олди.
Бу воқеага 20 йиллар чамаси вақт ўтди. Лекин ажойиб фазилатли улуғ инсонларнинг дурдона сўзлари, хайрли амаллари кўнгил кўзидан ўчмайди.


Ш.МАШАРИПОВ.

 

Устоз санъаткор юбилейи кунларида тадбиркор Одилбек Шарипов падари бузруквори, марҳум Собиржон Шариповдан эсдалик ушбу суратни таҳририятимизга тақдим этди.
Суратда: Комилжон Отаниёзов санаторияга дам олишга борган хивалик Собиржон Шарипов, Мадамин Ёқубов, Ражаб Эшмуродов, Болтабой Ҳакимов, Собир Мусаев каби қадрдон дўстлари ва мухлислари билан. 1963 йил 15 декабрь. Ессентуки (Сурат биринчи марта эълон қилинмоқда).