SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  АВЖИ СОЗИ САРБАЛАНД ҲОФИЗ

АВЖИ СОЗИ САРБАЛАНД ҲОФИЗ

« Назад

17.11.2017 06:30

Мақом қўшиқларининг моҳир ижрочиси, Ўзбекистон халқ ҳофизи Фарҳод Давлетов шу кунларда мухлислар, дўсту ёронлар ардоғида умр баҳорининг қутлуғ 60 йиллик шодиёнасини қарши олмоқда.
Биз “Хива тонги” ижодий жамоаси халқимиз ёқтирган санъаткори ҳаёти ва ижодий фаолиятининг ёрқин лаҳзаларини акс эттирувчи мақолани Сиз азиз мухлислари эътиборига ҳавола этишни лозим топдик.
Ўзбек мусиқаси оламида узтоз-шогирд мисолида олий мактаб мавжудки, бу мактабга содиқ иқтидор эгалари устоз мартабасига муносиб тарзда халқимиз ҳурматига, эл-юрт эътиборига ва эътирофига сазовор бўлиб, уларнинг номлари санъат саҳифаларига зарҳал харфлар билан битилмоқда. Матпано Худойберганов, Ҳожихон Болтаев, Мадраҳим Шерозий, Бола бахши, Комилжон Отаниёзов, Қувондиқ Искандаров, Рўзмат Жуманиёзов, Отажон Худойшукуров, Ортиқ Отажоновлар ижод йўллари бунга ёрқин мисол бўла олади.
Номлари зикр этилган пири комиллар санъат йўлларидан мағрурона ва мардона бораётган ноёб истеъдод эгаси, Ўзбекистон халқ ҳофизи Фарҳод Давлетов бугун 60 ёшни қаршиламоқда. Фарҳод асрлар оша устоз- шогирд давомийлигида такомиллашиб, сайқалланиб келаётган ўзбек мусиқа санъатининг гултожи, мақомларнинг моҳир ижрочиси ва тарғиботчиси сифатида ўз мавқеига эга.
Ўзининг оташнафас ва бетак-рор овози, кенг диапозони, устозона ижроси билан республикамизнинг барча ҳудудларида ўз мухлисларига эга. Шунингдек, юртимиздан ташқари Голландия, Германия, Франция, Корея, Россия, Қозоғистон мамлакатларида ҳам ўзбек мумтоз санъатини кенг тарғиб қилиб келмоқда. Фарҳод Хоразм мақомлари билан бирга Бухоро “Шашмақоми”, “Тошкент-Фарғона чормақоми”, мумтоз ашулаларнинг моҳирона ижро соҳиби сифатида эътирофга лойиқ. Таниқли ҳофизлар, хонанда ва созандалар Абдуҳошим Исмоилов, Маҳмуд Тожибоев, Эркин Рўзиматов, Раҳматжон Қурбоновларнинг ижро услубларини юқори баҳолаб, улар билан ҳамкорлиқда репертуарини бойитиб келмоқда. Ўз навбатида шогирдлари, Ўзбекистон халқ артистлари, ака-ука Ғафур ва Ғулом Эшчоновлар, Республикада хизмат кўрсатган артист Оғабек Собиров, навоийлик ҳушовоз хонанда Раимбой Жуманиёзов, “Ниҳол” мукофоти совриндори Жайхун Матмуротов, Шерзод Машарипов, Бектош Худойберганов, Мақсуд Матниёзов, Ортиқ ва Севдиёр Давлетовларга мумтозона ижро йўллари билан ўрнак бўлмоқда.
Фарҳод ёшлигидан ижодий мухитда, бобоси Хоразм мақом-донларидан Отабой Рўзметов (Ота ших)хонадонида мунтазам бўлиб ўтадиган устоз санъаткорлар, шоиру фузалолар, чин санъат мухлислари анжуманларини тинглаб вояга етади.
Суҳбатда шогирд-устоз ришталари чуқур эҳтиром ва эътиқодга, метиндек интизомга асосланган бўлиши, устоздаги санъат сирларини узлуксиз кузатиш билан эгаллаш, одоб-аҳлоқ, кийиниш муомала ва албатта ижро маданиятини ўзлаштириш шогирднинг касбга, устозга бўлган ихлоси, меҳри ва ёндошуви натижасида шаклланиши мумкин де-я хулоса қилади, ҳофиз.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни ижодкор зиёлилар билан учрашувида айнан ижодкорнинг одоб-аҳлоқи, кийиниш, муомала маданияти намунали бўлиши лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтдилар. Бу қоида ва асл ижод аҳли учун қатъий мезон сифатида қабул қилиниши лозим. Асл ўзбекона инсоний фазилатларни чуқур ҳис эта олган ҳофиз шоир Жўшқиннинг қуйидаги сатрларидаги
Бу дунёда дунё талашган одам,
Саноқли сония ҳисобли ҳар дам.
Умринг ўчмасиннан мисли бир шам,
Инсонлар ичинда зиё бўлиб қол,
Дунёлар ичинда дунё бўлиб қол.
ғоясига амал қилган ҳолда “инсонлар ичинда зиё бўлиб” яшашга, ижод қилишга интилиб келмоқда.
Хонанда ижодида матн танлаш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Фарҳод аввало, мумтоз шеърият вакиллари Алишер Навоий, Феруз, Машраб, Эркин Вохидов ғазалларига мурожаат қилади. Улардаги ҳурфикрлардан ўрганади, лаззатланади. Замондош шоирлар Эркин Самандар, Ошиқ Эркин, Омон Матжон, Матназар Абдулҳаким, Комил Авазлар билан ижодий ҳамкорликда асарлар яратади. Устоз Эркин Самандарнинг
Вафосизлар аро кўнглим
Вафо истар, вафо истар...
Қадам Саидмуроднинг
“Қарғалар бўлмасин йўлдошинг сенинг”...
сўзларини хитоб қилиб, Ошиқ Эркин лутфини
“Яйраб куйладинг эркам,
Созинг мунча ёқимли”....
де-я яйраб куйлайди.
Эл эътироф этган, шеърият осмонида ўчмас юлдуз бўлиб чақнаган дардман шоир ва таржимон Матназар Абдулҳаким билан ҳамкорликда яратилган
Ёр жабрини ўйласам гар,
Кўзларимга қон келур.
Йиғламоқдин бор -умидим,
Ул лаби ҳандон келур...
Ушбу ашула ҳофиз репертуарини безаб келмоқда.
Қатта саҳнада ҳаёжон бор. Фарҳод Давлетов Хивада, воҳанинг барча ҳудудларида, Республика миқёсида бўлиб ўтадиган катта тадбирларда, нуфузли фестивалларда мунтазам иштирок этиб, мухлислар эътирофларига мушарраф ҳолда хатто, чет элларда ҳам ўзбек санъатини тарғиб қилиб келмоқда. Лекин, Ўзбекистон консерваторияси катта залидаги учрашув-концертларда катта ҳаяжон билан куйлаганлигини алоҳида таъриф этади. Зеро, бу муқаддас даргоҳдаги тингловчилар ғоятда синчков мухлислар, мўътабар устозлар, чет эллик мусиқа ихлосмандлари ва умидли ёшлардан иборат.
Бу саҳнада куйлаш - Бахт! Саодатга элтувчи эътироф ва албатта, лаззатбахш этувчи воқеадир.
1987 йилда Ўзбекистон консерваториясида Республика мақом-чилар кўрик-танлови бўлиб ўтган эди. Фарҳод биринчи бор консерватория саҳнасида катта имтихондан ўтди ва кўрик-танлов ғолиби бўлди.
Бугун эса Фарҳод консерваториянинг севимли ҳофизи. Консерватория талабаларига маҳорат дарсларидан ўргатиб келмоқда.
Фарҳод аввало, юксак инсоний фазилатларни, содиқ шогирдларни, ибратли оила бахтини санъатдан топганлигига шукроналар билдиради.
Эл-юрт ардоғидаги санъаткор, Ўзбекистон халқ ҳофизи Фарҳод Давлетовни маданият ва санъат аҳли номидан қутлуғ 60 ёши билан чин қалбдан муборакбод этиб, “Авжи созинг сарбаланд бўлсин!” де-я ижодий парвозлар тилаб қоламиз.

Давлатназар ЮСУПОВ,
мусиқашунос.