SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Амир Темур қўчаси 52-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  АҚЛГА СИҒМАС МАНЗАРА: ҚАБР УСТИДА ҚЎШИҚ АЙТИЛАДИМИ?

АҚЛГА СИҒМАС МАНЗАРА: ҚАБР УСТИДА ҚЎШИҚ АЙТИЛАДИМИ?

« Назад

11.02.2020 11:45

Ўтмишнинг ҳар бир обидаси бугунги давр одамлари учун ҳайратланарли туюлиши табиий. Чунки меъморий жиҳатдан афсоналардагидек таассурот уйғотадиган минораю мақбараларни томоша қилган кишининг қалби энтикиб кетади. Шундан бўлса керак, кўпчилик уларнинг ёнида суратга тушиб, видеотасвирлар олишга шошилади. Бироқ, тарихий обидалар ёнида сурат ва видеотасвирга тушишнинг ҳам ёзилмаган ўз қоидалари бор.
Кейинги пайтларда қатор телеканалларда ёш хонандаларнинг клиплари ана шундай тарихий обидаларда тасвирга олинаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу бир томондан яхши, зиёрат туризмини ривожлантиришда ўзига хос тарғибот вазифасини ўташи мумкин. Лекин айрим клип-ларда машҳур авлиё ва алломаларнинг мақбараларида олинаётгани кўнгилда оғриқ уйғотмоқда.
Яқинда Хоразмдаги хусусий телеканаллардан бирида «Шираси чак-чак томади, Анор менга ёқади» деган нақоратга эга жуда дилтортар ашула янг-раб қолди. Ўзига хос ёқимли овоз... Бироқ ёш хонанда ўша қўшиқни Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг мақбарасида куйлаяпти?!
Паҳлавон Маҳмуд мақба-раси Хивадаги энг нақшинкор обида бўлиб, ўзининг мовий кошинлари билан такрорлан-мас ва бошқаларига ўхшамай-диган даражада тенгсиз саналади. Шунингдек, ушбу мақбарага кираверишда чап томонда Қўнғирот сулоласига мансуб Хива хонлари ва уларнинг авлодлари дафн қилинган. Хонанда клипидаги  жойнинг шундоқ ёнида эса «Шажараи турк» ва «Шажараи тарокима» асарларининг муаллифи Абулғози Баҳодирхон қабри бор...
Клипнинг қолган қисм-лари эса Исломхўжа мажмуасидан шундоқ чиққан жойдаги гумбазлар ёнида тасвирга олинган. Бу гумбазларнинг улуғ аждодларимизнинг қабрлари экани ёш болага ҳам аён-ку!
Нафақат вилоят, балки пойтахт телеканалларида ҳам муқаддас қадамжоларда тасвирга олинган клиплар тез-тез намойиш этилмоқда. Икки ёшнинг муҳаббат саргузаштлари тасвирланган клипларнинг бири Жума масжид мажмуасида тасвирга олинган экан. Қўшиқ янг-раяпти, масжид ичида икки ёш бир-бирига эҳтирос билан суйкалишяпти. Худо инсоф бергурларнинг хабари йўқки, бу тарихий обида бир замонлар ота-боболаримизнинг қони билан ювилган.
Манбаларда қайд этилишича, Чингизхоннинг ўғли Жўжи Хоразмни истило қилганида шу масжидда ибодат қилаётган мусулмонларни ёшу қари демай қиличдан ўтказган экан. Айрим шахсларнинг қабри масжид ичида ҳозирга қадар сақланиб қолган.
Хўп, айрим хонандалар ёшлигига бориб, муқаддас қадамжолар ҳурматини жойига қўймаётгани рост, аммо “Ичон-қалъа” давлат музей-қўриқхонаси маъмурияти қаерга қараяпти? Улар ўз назорати остидаги ҳудудда клип олишга рухсат беришдан аввал сценарий ёки режиссёр лойиҳаси билан танишиб, зарур маслаҳат ва кўрсатмаларини бериб боришса, минг чандон яхши бўлар эди.
Хива — мафтункор ва афсонавий тарихий обидалар маскани бўлиш билан бирга, улуғ аждодларимиз ҳоки ётган манзил ҳамдир. Шу боис унинг қайсидир жойида қўшиқ айтиш, рақсга тушиш ёхуд шунчаки ўйин-кулгу қилишдан аввал фаросатни ишга солиш керак. Табаррук масканларда қўшиқ айтиш миллатимизга ярашмайдиган одобсизлик эканини билишимиз, билмаганларга эса билдиришимиз керак. Зеро, қабрлар қошида қўшиқ айтилмайди, ўйинга тушилмайди, аксинча, муқаддас Қуръон тиловат қилиниб, савоби марҳумларга бахшида этилади.

 

Эрпўлат БАХТ.