SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Амир Темур қўчаси 52-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Маданият ва спорт  /  17 Декабрь -- Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллуди куни ШИФОБАХШ ДАРД

17 Декабрь -- Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллуди куни ШИФОБАХШ ДАРД

« Назад

17.12.2018 15:47

Икки кўзим-икки улуғ дарёдир.
Паҳлавон Маҳмуд.
Огаҳий шеърларини мутолаа қилаяпман. Мен бундай дамларни ўзига хос бир маънавий байрам, инсон руҳиятининг фоний дунё андуҳлари устидан ғалабаси, эзгуликнинг кайфиятимдаги барқарор бир музаффарияти сифатида нишонлайман. Шеъриятнинг тип-тиниқ ҳамда соҳир парваришидан ақлимни ва туйғуларимни такрор-такрор баҳраманд этиб, манфийликларнинг мурдор ҳамлаларини даф этишдек қутлуғ жаҳду жадалларга ҳозирланаман. Яна ҳам инсонроқ бўлиб қолгим келади.
Киши сонсиз иморат қилса бунёд,
Ва ёким ҳаддин афзун қўйса авлод,
Тутиб бўлмас бирисидин бақо кўз,
Қолур боқий жаҳон ичра, магар сўз.
Огаҳий ҳазратлари учун авлоднинг аҳамияти йўқми эди? Қонининг ҳар заррасида буюк бинокорлар бўлмиш хоразмийларнинг бунёдкор туйғулари барҳаёт бўлган Огаҳий ҳазратлари учун “сонсиз иморатлар”нинг йўқми эди, қиммати? Албатта, бу саволларга жавоблар ушбу саволларнинг ўзларида мавжуддир.
Огаҳий ҳазратлари шеъриятнинг умрини ҳам ўзи, ҳам ўзгалар учун муборак бўлган қадриятлар-фарзандлар вояга етмаклари керак бўлган иморатлар билан қиёс этади ва масалани шеъриятнинг фойдасига ҳал қилади. Нега? Боиси Огаҳий ҳазратлари учун шеърият шеъриятдан улканроқ неъмат эди. Огаҳий ҳазратлари учун шеърият мулки борлиқнинг мажмуидек бир гап эди. Огаҳий ҳазратлари учун шеъриятсиз иморат иморат эмасгина эмас, балки шеъриятсиз инсоният инсоният эмас эди.
Огаҳий шеърлари мутолаасини одамийлик маъракаси сифатида нишонлайман. Юрагимдан кечинаман.
Огаҳий мироб ҳам эди. Шоир мансуб бўлган сулола Хоразмнинг деҳқончилик маданияти тарихида ҳам ёрқин из қолдирган. Дарё ва денгизларимизнинг тақдирларини шоир ва мироб, мироб ва шоирларимиз қўлига, ақлига ишониб топширган салтанат эгаларидан миннатдор бўлмай бўлмайди. Бизларга шоирларимиз миробларимиздан, миробларимиз шоирларимиздан каттароқ умидлар боғлаган эдилар. Улар шеър Жайхундек жўшқин, Жайхун шеърдек равон бўлишини мақсад қилган эдилар:
Жафоси зўридин икки кўзимдан оқди дарёлар,
Ки қолғай остида онинг жаҳон оҳиста-оҳиста.
Инсонга шеър экинга сувдек зарурдир. Сувсиз ер-тафаккурсиз шеър. Шеър Огаҳийнинг йиғиси, шеър Огаҳийнинг кулгусидир. Тўғри, адабиётнинг вазифаси инсонни йиғлатиш ёхуд кулдириш эмас. Лекин инсонни бағри тош қилиб тарбиялаш ҳам адабиётнинг вазифасига кирмайди. Адабиёт кўпбошли аждаҳога ўхшайди. Унинг асосий боши инсонда самимиятни шакллантирмоққа хизмат қилади. Суҳбатимиз руҳидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, инсонда ҳамиша фикр фикр ўрнида, кулгу кулгу ўрнида, кўз ёш кўз ёш ўрнида бўлмоғи лозим. Йиғлайман деб кўзга сўлакайингни суркашдан ёхуд куламан деб, ўзингни ўзинг қитиқлашдан сақласин.
Шунинг учун ҳам Огаҳий Сўзга хизматни, шеърга хизматни ҳатто мироблик мартабасидан ҳам баланд қўйди. Сўзга такрор-такрор таъзим бажо келтиргани ҳолда:
Ер юзида, Огаҳий, чун йўқ санго бир кўлча ер,
Борча умрингдин не ҳосил,   
айласанг мироблиғ,
деб ёзди. Огаҳий ҳазратлари ўз асарларидан бирида лаёқатсиз назмбозлардан дарғазаб бўлиб:
Йиртиб қоғозу, қаламни синдирдилар, 
Ҳам ўзларини, ҳам элни тиндирдилар,
дейди. Огаҳий ҳазратлари “Зар қадрини заргар билади” деганларидек, ноўрин айтилган ҳар бир сўз элнинг тинчини бузадиган бир офат эканлигини ҳамма замондошларидан ҳам теран англар, шунинг учун сўзни эрмакка айлантирганларни ўзига душман тутар эди:
Аҳмақ аҳли билмағай сўз ичра ўз беҳбудини, 
Ўзига қилғай зарар охир чекиб ҳазёнга сўз.
Демак, Огаҳий мисралари мутолааси одамзоднинг сўз воситасида ардоқланиш тантанасидир. Саройга яқин бир зот, аниқроғи, саройнинг ўз одами эдилар, Огаҳий бобомиз. Бўларди мақтасалар, ўз замонасини қаламидан асаллар томиб. Бироқ ул зот адабиётнинг вазифаси маддоҳлик деб билмади. Адабиётнинг вазифаси Ҳаққуш янглиғ, ҳақиқатдан одамларни огоҳ қилиб турмоқ деб англади. Замона иллатларига ташҳис қўймоқ ва шифобахш этмоқ деб билди. Эътибор қилинг-а:
То кажлик ила кирди фалак давронға,
Доно ҳама нон гадосидир нодонға.
Тузлик била айланса эди гар гардун,
Нодоннинг юзи тушмас эди бир нонға.
“Хўш, мавлоно Огаҳий, бизнинг замонамиз терс айланадиган бўлдими энди? Бизнинг давримизда, келиб-келиб сизга шунча яхшиликлар қилган хоннинг даврида, донолар нодонлардан нон тиланадиган бўлдиларми?...” деб сўраши мумкинмиди хон?  Мумкин эди. Бироқ жавоб ҳам тайёр эди:
Ҳоки танинг, барбод ўлур охир жаҳонда неча йил,
Сайр эт Сулаймондек агар тахтинг 
қуриб   бод устина.
Хоннинг саволлар бериши мумкин эди. Бироқ саволлар бермади. Чунки хон буюк эди. Шоиримиз ҳам бу гапларни айтмаслиги мумкин эди. Бироқ айтмай туролмади. Чунки шоир ҳам буюк эди.
Улар ҳар қандай давру давроннинг, ҳар қандай замонанинг соҳиби Оллоҳ деб қаттиқ ишонар, шу боисдан-да ҳатто энг улуғ шоир ва энг улуғ ҳукмдорнинг ўзаро дўстона муносабатлари ҳам давр қиёфасини жиддий ўзгартиришдан ожиз деб англардилар. Уларнинг илтижолари Оллоҳга, уларнинг ўтинчлари Оллоҳдан, уларнинг ёд-хаёли Оллоҳ билан, уларнинг ўтинчлари Оллоҳдан, қўшиқлари Оллоҳ ҳақда эди. Демак, биз Огаҳий асарларини ўқиётганда, бу мутолаани Ҳаққа манзур бўлиш йўлида, ҳақгўйлик ва мўминлик тадбири сифатида амалга оширамиз. Огаҳий ростгўйлиги инсонга эмас, инсондаги иллатларга қарши эди. Ҳаққа манзур бўлиш ҳақгўйлиги эди Огаҳий ҳақгўйлиги.
Огаҳий асарлари мутолааси-муҳаббат маърифатидир. Огаҳий ҳазратлари қалам сурган мавзулардан кўра қалам сурмаган мавзуларни санаб чиқиш осонроқдир. Демак, менинг ушбу ўқишларим қомусий бир мутолаа, шоирга ихлос билан тўлган  бир руҳиятнинг Огаҳий хазинаси атрофида туйғулар анжуманини тузиб, бу анжуманнинг диққат марказида халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги тўғрисида ақллар ва юраклар ҳамжиҳатлигининг ўзига хос ботиний тантанасидир.
Огаҳий ҳазратлари «Илоҳи, ҳар кунинг Наврўз бўлсин!»-деб хитоб этгандилар. Ул зот ёзган эдиларки:
Ҳар ким ўқиса, дуо билан ёд этгай,
Руҳимни бу ёд этмак ила шод этгай.
То тангри ани бу карами борасида
Жойини ики жаҳонда обод этгай!
Илоҳим, шундай бўлсин.
Матназар АБДУЛҲАКИМ.
(«Мангулик жамоли» китобидан.)