SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 377 46 54

220900 Хива шаҳри

Амир Темур қўчаси 52-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Иқтисод  /  Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ривожлантириш йўлида

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ривожлантириш йўлида

« Назад

14.01.2020 15:34

Янги орзулар, янги мақсадлар билан янги 2020 йилга қадам қўйдик. Ўтган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар билан ҳаётимиздан мазмунли жой олган 2019 йил тарих солномасига айланди. Агар унинг олтин саҳифаларига назар ташласак, Хива шаҳрида жуда катта ҳажмдаги қурилиш ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишлари амалга оширилганига гувоҳ бўламиз. 
Муҳтарам Президентимизнинг бевосита раҳнамолигида жуда қисқа фурсатларда Президент мактаби қуриб битказилди. Ўтган йилнинг декабрь ойи бошида унинг очилиши фарзандларимизнинг, ота-оналарнинг чексиз қувончига, шодликларига уланиб кетди. Барча қулайликларга эга бўлган муҳташам келажак қасри том маънода шаҳримиз кўркига кўрк бўлиб қўшилмоқда.
Худди шу куни Президент мактабига ҳамоҳанг равишда Огаҳий ижод мактабининг келажак ворисларига эшик очиши ҳам шаҳримиз аҳолисининг ажойиб унутилмас тарихий кунларидан бири сифатида катта воқеа бўлди.
2019 йил 20 мартда Респуб-лика Вазирлар Маҳкамасининг “Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳийнинг 210 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига асосан бунёд этилган ўзига хос мажмуада Огаҳий боғи, уй-музейи қайта таъмирланди, янги экспонатлар билан бойитилди. Шеъру ғазалларининг гулдастаси - «Танланган асарлари» қайта нашр қилинди.
Мумтоз адабиётимизнинг буюк намоёндаларидан бири бўлган хассос шоиримизнинг муборак таваллуд айёми адабиётимизнинг чинакам байрами руҳида ўтказилди. Пойтахтдан ташриф буюрган таниқли фан, маданият, санъат намоёндаларининг иштирокида ўтган ушбу унутилмас сана буюк шоир ғазаллари билан айтиладиган куй-қўшиқлари, Огаҳий ижод мактаби иқтидорли ўқувчиларининг ўзига хос мушоираси ажойиб мазмун кашф этди.
Ушбу қувончли кунлар баҳона ҳар иккала мактаб оралиғидаги кўча ва майдонлар, хиёбонлар ободонлаштирилди, йўлларга янгидан асфальт ётқизилди. Шунингдек, Хива темир йўл вокзалининг ёнида ишга тушаётган “Локомотив” маданият ва истироҳат боғи ҳам халқимизнинг қадами узилмайдиган ҳақиқий дам олиш мас-канларидан бири бўлиб қолади.
Мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятида чуқур ижобий изланувчанлик, фарахбахш ўзгаришларни сезиш мумкин. Айниқса, муҳтарам Президентимизнинг Беш ташаббуслари кенг қанот ёзиб, ўқув масканларида ёшларнинг дунёқарашини ўзгартирадиган турли тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Жорий йилда ҳам бу ғоялар яна давом эттирилади. Яна шуни мамнуният билан қайд этиш лозимки, анчадан бери ўз ҳолатига ташлаб қўйилган, фойдаланилмаётган боғчаларни қайта таъмирлаш, давлат хусусий шерикчилик асосидаги масканларни қуриш ҳисобига шаҳримиз боғча ёшидаги болаларнинг 75 фоизи мактабгача таълим муассасаларига жалб қилинди. Янги йилнинг ўзида 2-, 13-МТТ мукаммал таъмирланиши учун 7 миллиард сўм маблағ сарфланади.
Давлатимизнинг “Обод маҳалла” дастури ижроси ҳаётимиздан муносиб жой олган. Ўтган йили “Дўстлик”, “Сангар” маҳаллалари қайта чирой очган бўлса, Янгиободдаги учта - “Гулирайхон”, “Гулистон” ва “Бинокор” маҳаллаларида бу йил улкан миқёсдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилади.
Умуман, шаҳримизнинг 2020 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги режаларини кўриб чиқадиган бўлсак, биринчи навбатда Ғовуккўл массивидаги “Армадо Деволопменд снд инвестмент Гроуп” компанияси етакчилигида барча қулайликларга эга бўлган, умумий қиймати 100 млн. долларни ташкил қиладиган 3 та меҳмонхона қурилишини таъкидлаш мумкин. 
Янги йилдан бошлаб, “Хоразм гиламлари” МЧЖ тўлиқ қувватлар билан гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариши учун ўзаро манфаатли лойиҳалар амалга оширилади. Бу ерда “SAG – Samarqand Antep gilam” ҳамкорлари ёрдамида 21 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиб, ҳар йили 8 миллион квадрат метр ҳажмдаги харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Агар маҳсулотнинг ҳар квадрат метри 5 доллардан экспорт қилинса, хориждан йилига 5 млн. доллардан сармоя тушиши мумкин. Корхонанинг бу ва бошқа иқтисодий кўрсаткичлари натижасида 10 миллиард сўм солиқ тушумлари ўзимизда қолишига эришилади. Муҳими жамоада янгидан 250 ишчи ўрни яратилиб, аҳолининг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшилади.
Бу йил аҳолини спорт соғломлаштириш мақсадида замонавий сузиш ҳавзасини қуриб, ишга тушириш ҳам режалаштирилган. Бунинг учун 7 миллиард сўмлик маблағ сарфланади. Шунингдек, қўғирчоқ театрининг янги биноси, Шихлар маҳалласида мусиқа мактабини қуриб битказиш, 2-сон мактабни мукаммал таъмирлаш ишлари ҳам жорий йилдаги кечиктириб бўлмайдиган вазифаларимиздандир.
Истиқболдаги муҳим режаларимиздан бири бу албатта, туризмни ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини ошириш доимо диққат марказимизда турибди. 2019 йилда қадимий шаҳримизни томоша қилиш учун 145380 нафар хорижий, қарийб 2 миллион нафардан ортиқ маҳаллий сайёҳлар ташриф буюришган. Жорий йилда уларнинг янада кўпроқ келишини мақсад қилиш учун туризм инфратузилмаси имкониятларини кенгайтириш, айниқса, сервис хизматини янада яхшилаш лозим. Ичон-қалъа деворлари, унинг дарвозаларини  таъмирланиши ҳисобга олиниб, Шихлар, Шойимардон ва Дашяқ дарвозаларини тиклаш ишлари бошлаб юборилди.
Хива шаҳри кейинги йилларда халқаро анжуманлар, фестиваллар, учрашувлар ўтказиш марказига айланиб бормоқда. Қувончлиси Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ташкил этилган ТУРКСОЙ ташкилоти доимий Кенгашининг йиғилишида фахримиз ва шарафимиз Хива 2020 йилда «Турк дунёсининг маданият пойтахти», деб эълон қилинди. Шу муносабат билан кўҳна диёримизда турли даражадаги учрашувлар, тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Туркий давлатларнинг олий даражадаги делегациялари, жуда кўп сайёҳлар келиши кутилмоқда.
Демак, қадимий урф-одатларимизга содиқ қолиб, меҳмонларни ҳар гал қучоқ очиб кутиб оламиз. Ичон-қалъанинг дунёга машҳур тарихий ва маданий ёдгорликлари билан таништирамиз.
2019 йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ва халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайлов ўтказилди. “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган бу муҳим сиёсий жараёнда шаҳримиз вакиллари ҳам ўзларининг муносиб номзодлари учун якдил овоз бердилар. Биз ишонамиз ва умид қиламиз шаҳар Кенгашига сайланган депутатлар ўзларига билдирилган ишончни шараф билан оқлайдилар, ҳамиша яратиш, яшнатишнинг олдинги сафларида бўладилар.
Хивага поклик ва гўзаллик ярашади. Ҳаётимизнинг ҳар лаҳзасини буюк бунёдкорлик, ободончилик ишларига сарфлайлик! Хивани намунали жамоат тартиби ўрнатилган  шаҳарга айлантириш ҳар биримизнинг, каттаю ёшнинг доимий шиори бўлиб қолсин.