SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Иқтисод  /  БАРАКА БОШЛАБ КЕЛГАН ТАДБИРКОР

БАРАКА БОШЛАБ КЕЛГАН ТАДБИРКОР

« Назад

11.10.2018 11:57

Элдошимиз Машариф Бекчановни нафақат Хивада, балки Хоразм вилоятида кўпчилик яхши танийди, ҳурмат қилади. Бунга ажойиб инсоний фазилатлари сабаб. Ёши етмишга яқинлашаётган бўлса-да, ғайрати, ташкилотчилиги, ташаббускорлиги, қолаверса тўғри сўзлиги билан кўпчиликка ибрат. Шу боис эл ишончини қозониб, тадбиркорлар ва  ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Хива туман Кенгаши депутатлигига сайлангани бежиз эмас. Шунингдек, у Кенгаш раиси ўринбосари, депутатлик гуруҳи раҳбари ҳамдир.
Машариф ака билан сафдошлари, яқинлари илгари учрашиб қолишса “камнамосиз, кўринмайсиз?” деган сўзларни ишлатишарди. Ҳозирда улар бу хил сўзларни асло қўллашмайди. Сабаби шу кунларда унинг хайрли, кенг кўламли тадбиркорлик юмушлари билан банд эканлигидан хабар топишган.
Яқинда эл-юртга манфаатли бу ишбилармонлик фаолияти билан яқиндан танишиб, сўзи билан иши бир бўлган Машариф аканинг давр билан ҳамнафаслигига, фаоллигига яна бир бор амин бўлдик. Унинг тадбиркорлик соҳасидаги ҳаракатининг қандай ва қачон бошлангани ҳақи-даги ҳикоясини тинглар эканмиз, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири раҳматлик, Абдулла Ориповнинг “Сабаби бўлади ҳар бир воқеанинг, Ҳар бир шеърнинг бордир турткиси, дарди” деган сатрлари ёдга келди.
– 2017 йилнинг 24 январи ҳаётим-даги унутилмас ва қувончли кунлардан бири бўлди, - дея ҳикоя қилади М.Бекчанов. - Муҳтарам    Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи чоғида Хивада бир гуруҳ фаоллар, тадбиркорлар билан учрашиб, дилдан суҳбатлашиб, мулоқот ўтказдилар. Айниқса, давр талабидан келиб чиқиб, ишбилармонлик фаолияти учун яратилаётган шарт-шароитлар, имкониятлардан  фойдаланган ҳолда олдда турган вазифаларни  бажаришга астойдил киришиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар ҳамда даврадошларни фаолликка ундадилар.
Очиғи суҳбатдан кейин руҳи-ятимда бир тетиклик пайдо бўлди, ўзимни яшаргандек сездим. “Юртбошимиз халқни ўйлаб, мамлакат ривожи учун жонбозлик кўрсатаётган бир даврда унга елкадош, кўмакдош бўлиш учун  нима қилсам бўлади?” деган савол менга кечаси  ҳам уйқу бермади. Компьютер олдида ўтириб, режа туздим.
Атрофлича ўйлаб, ҳисоб-китоб қилиб қатъий қарорга келдим ва шу асосида ишга киришдим. Ўша йил март ойида “Соёт автомобилчи” масъулияти чекланган жамиятига ҳам асос солинди. 
Президентимиз  тавсияси асосида нафақат ўзимиз истиқомат қилаётган ҳудуд, балки қўшни туманлардаги имкониятларни ҳам ўрганиб чиқдик. Таҳлилларимиз давомида Янгиариқ тумани марказида анча йиллардан    буён фаолият  кўрсатмаётган ва қаров-сиз,  хароба аҳволга келиб  қолган машина трактор паркига қарашли омборхона ва биноси ташландиқ ҳолда ётгани маълум бўлди. Бино  МЧЖ томонидан 145 млн. сўмга биржа орқали сотиб олинди. Режа асосида бу ерда қурилиш, таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Бир йил давомида 264 миллион сўмлик бунёдкорлик юмушлари амалга оширилди.
Қисқа вақт ичида 100 тонна маҳсулот  сиғимига эга бўлган совутгич омборхона, 1000 бошга мўл-жалланган қуёнхона, 50 бош зотдор эчки боқиш мумкин бўлган чорвачилик биноси, 200 кв. метр майдонда эса иссиқхона барпо этилиб, ишга туширилди. Асаларичилик ҳам йўлга қўйилди.   Ҳозир 100 қути асалари парваришланаётган бўлса, келгусида уни кўпайтириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, нон ва кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўл-жалланган бино янгидан қурилиб, ишга тушганлиги яна бир хайрли қадам бўлди. Бугунги кунда бу ерда тайёрланаётган нон маҳсулотлари, турли пишириқлар аҳолига, шунингдек, мактабгача таълим муассасаларига шарт- нома орқали етказиб берилмоқда. Сифати барчага манзур. 
Ҳаракат шу билан тўхтаб қолмади. Халқ банки томонидан ажратилган имтиёзли кредит ҳисобига Австриянинг “ВАРАН” компаниясидан 126700 АҚШ долларига кунига 21 тонна мева ва сабзавотни қайта ишлайдиган энг замонавий русумдаги технологик мажмуа сотиб олинди. 
Мамлакатимиз Мустақиллиги-нинг 27 йиллиги арафасида ушбу тармоқ, шунингдек, у билан ёнма-ён сутни қайта ишлаш цехининг ишга туширилгани кўпчиликнинг байрам қувончига қувонч қўшди. Сабаби бу ерда яна бир неча киши иш ўрнига эга бўлди. 
Машариф аканинг тадбиркорлиги туфайли меҳнат фаолияти билан банд бўлганлар сони ҳозирги кунга келиб 57 кишига етди. Улар орасида коллеж битирувчиси бўлган ёшлар, аёллар, иш излаб чет элларга кетиш ташвишидан халос бўлган оилали йигитлар бор.
Фаолият билан танишар эканмиз, бир нарсани билгимиз келди.
– Бу ишларни йўлга қўйишда қийинчилик ва муаммолар ҳам учрагандир?”- савол бердик тадбиркорга.
– Албатта. Тўғри, тадбиркор олдидаги ҳар қандай тўсиқни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар бор.   Лекин, ҳамма жойда ва жараёнларда ҳам бунга тўлиқ амал қилинаяпти, деб бўлмайди. Мисол тариқасида айтсам чет элдан мева-сабзавотларни қайта ишлашга мўлжалланган технологияларини харид қилиш учун Миллий банкка қилган 2017 йил март ойидаги мурожаатим ижроси “мана-мана”, “эрта-индин” каби ваъдалар билан бир неча ойлаб чўзилди. Ке- йин эса ажратилган ресурслар тугади деб, умуман йўққа чиқаришди. Икки ўртада Россиялик ҳамкорларга тайёр маҳсулот етказиб бериш бўйича муддати тайинланган ваъдаларим ижроси кечикиб, ёлғончига чиқиб қолдим. 
Улар олдида юзим шувит бўлди.Кейин кредит олиш ҳужжатлари Халқ банкига топширилиб, технологик асбоб-ускуналарни шу йил 15 январда олиб келишга эришилди. Лекин, бу фаслда турган гапки, қайта ишлаш учун мева-сабзавот маҳсулотлари йўқ эди. Линия 18 июлдан ишга тушди. Лекин шартга кўра, кредитни шу йил сентябрь ойидан бошлаб, тўлашга мажбурмиз.
Ишлаб чиқарилаётган мева шарбатларига тегишли ташкилотлардан сертификат олиш учун бир ярим ой вақт сарфлашга тўғри келди. Сабаби давлат стандарт рўйхатига замонавий богинбокс пакетлари кири-тилмагани бўлди. Биз уларнинг йўриқномаларини Қаршидан сотиб олиб тақдим қилгандан кейингина ишимиз юришди.
Тадбиркорнинг таклифлари, галдаги режалари билан ҳам қизиқдик.
- Сертификат учун тўловлар миқ-дори бироз камайтирилса,  қолаверса, давлат томонидан маҳсулотларни сотиш ҳамда четга экспорт қилишда амалий ёрдам кўрсатилса, айни муддао бўларди, - дея фикр билдирди суҳбатдошимиз ва келгусидаги эзгу          ниятларига ҳам тўхталди:
– Йил охиригача мева сабза-вотларни қайта ишлашдан ҳосил бўлган чиқиндиларни ҳам қайта ишлайдиган омухта ем цехи, 15 сотих майдонда иссиқхона барпо этиш,  жўжа етиштирадиган инкубация цехи қуриш бўйича режалар  белгиладик.
Бу йил ишлаб чиқараётган табиий мева шарбатларидан 100 тоннасини ҳамда         10 тонна қуритилган ўрик маҳсулотла-рини экспорт қилишни мўлжаллаганмиз. Ҳозирда шу масала  бўйича хорижлик, жумладан япониялик харидорлар билан келишув жараёнлари  давом этмоқда.
Хулоса ўрнида Машариф ака қўйидаги фикрларни билдирди:
– Қийинчиликсиз иш йўқ. Лекин хайрли ният, мақсадлар бўлса иккиланиб ўтириш керак эмас. Дониш-мандларнинг “Агар одам жаҳд этса бирам, ерга олиб тушгай олис осмонни ҳам” деган ҳикмати бежиз айтилмаган. Қолаверса, астойдил ҳаракат баракатини албатта беради. Тадбиркорларни оғирини енгил, мушкулини осон қилиш учун қарор ва фармонлар қабул қилинганки, булар ишбилармонлар учун суянч ва мадад.
Агар мақсад рўёби йўлида астойдил, жаҳд билан киришилса ўзингизга ҳам фойда, элга ҳам манфаатли. Ҳали Навоий бобомизнинг байтлари бор-ку:
Нафъинг агар халққа бешак дурур,
Билки,  бу нафъ   ўзингга   кўпрак   дурур.

Отабек ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси.
Суратда: М.Бекчанов (ўнгда) ўз 
тажрибаларини гапириб бермоқда.