SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Ҳуқуқ  /  СОХТА МАЪЛУМОТБОЗЛИК

СОХТА МАЪЛУМОТБОЗЛИК

« Назад

17.07.2017 04:36

Яқинда, аниқроғи 2017 йил 25 май куни жиноят ишлари бўйича Хива туман судида аҳолига газ етказиб берувчи корхона “Шимолгаз таъминот” УК вилоят бошқармаси “Хиватумангаз” филиали раҳбар ва мутасаддиларидан бир гуруҳи ана шундай ғайриқонуний ишлари учун жавоб беришига тўғри келди.
“Хиватумангаз” филиали раҳбари бўлиб ишлаган Анварбек Нуруллев, филиалнинг газ қувурлари ва газ тақсимлаш қурилмалари бўлими мутахассиси Шодлик Бекчонов, филиалнинг Журён ҳудуди бригадири Мардон Машарипов ва шу ҳудуднинг аҳоли бўйича назоратчиси Ҳамид Болтаевлар қинғир ишлари учун суд қилиндилар. Уларнинг Ш.Бекчоновдан бошқа ҳар учаласи аввал ҳам бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилганлар. Афсуски, бу нарса уларга сабоқ бўлмаган. Акс ҳолда қайта-қайта билатуриб, қалтис хатти-ҳаракатлар қилишмаган бўларди.
Хуллас, раҳбар мутасаддилар ўз хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиб, филиал фаолиятини ноқонуний йўллар билан ижобий қилиб кўрсатишган. А.Нуруллев, Ш.Бекчонов, М.Машарипов ва бошқалар биргаликда тил бириктириб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 5 июлдаги “Хоразм вилояти истеъмолчиларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан тармоқдан ажратилган.Журён қишлоғининг “Арвик” ва “Хосиён” маҳаллаларида яшовчи фуқаролар табиий газ тармоғига ноқонуний уланганликларидан хабар топган бўлсалар-да, уларни тАрмоқдан ажратиш чораларини кўрмаганлар. Аксинча, ўз мансаб ваколатларидан фойдаланган ҳолда ушбу ҳудуддаги фуқаролардан табиий газ учун пул йиғиш орқали бошқа ҳудуддаги фуқароларга газ етказиб беришда нореал қарздорликни камайтириб кўрсатишган. Шу мақсадда 2016 йилнинг 15 ноябридан 15 декабригача аҳолига табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланишлари учун шароит яратиб берилганлиги оқибатида “Хиватумангаз” филиалига жами 98 257 247 сўмлик нореал қарздорлик вужудга келишига сабабчи бўлиб, кўп миқдорда қасддан зарар етказишган. М.Машарипов “Журён” ҳудуди бўйича масъул мутахассис сифатида истеъмолчилар хонадонига бормасдан ва хонадонини текширмасдан фуқаролар З.Абдуллаев, Б.Машарипов, Қ.Бекчанов, К.Машарипов каби бир қатор истеъмолчилар номига сохта далолатномаларни такроран расмийлаштириб, ушбу асоссиз далолатномаларни филиалнинг компьютер базасидаги марказлаштирилган “Биллингаз” дастурига киритилишига яъни юқоридаги сингари хонадонларга газдан қарздорлик юкланишига сабабчи бўлган.
Гуруҳдаги ҳамтовоқ назоратчи Ҳамид Болтаев жиноий ҳатти-ҳаракатлари ҳам кам эмас. Гарчи истеъмолчиларнинг тўловлари амалга оширилган бўлса-да, уларга яна сохта далолатномалар расмийлаштириб, филиалга тақдим этган. Бир мисол: “Хистиён” маҳалласида яшовчи Т.Ёқубова томонидан фойдаланган табиий газ учун 1.250 минг сўм тўланган пуллар “Биллингаз” дастурига келиб тушган бўлса-да, унинг хонадонига бормасдан ва назорат қилмасдан унинг номига 2016 йил 14 ноябрда билатуриб 615083 сўм қарздорлик бўйича қалбакилаштирилган далолатнома расмийлаштирган. Бундай мисоллар ягона эмас. Бунақа сохта маълумотбозлик ва ясама қарздор-ликлар яратиш газ берганларнинг ўзига яраша “нози”га ўхшаб кетади бир қараганда.
Аниқланган фактлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида судланувчиларга қўйилган айблар ўз исботини топди ҳамда уларга тегишли жазо чоралари белгиланди.
Энг муҳими, асосий гап – хатодан улар ва соҳада фаолият кўрсатаётганлар тегишли хулоса чиқариб олишларида. Ана шунда – истеъмолчилар ҳам рози бўлади, давлат манфаатларига ҳам зарар етмайди.