SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Ҳуқуқ  /  МИЛЛИЙ ҲУҚУҚ ТИЗИМИ АСОСИ

МИЛЛИЙ ҲУҚУҚ ТИЗИМИ АСОСИ

« Назад

11.12.2017 05:27

Мамлакатимиз судларининг мақоми, фаолият доираси, ҳуқуқ, ваколат ва мажбуриятлари Конс-титуциямизнинг суд ҳокимиятига таааллуқли 22-бобида аниқ-равшан баён этилган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги судъялар фаолиятига ҳам тўла дахлдор ва бу ҳолат Конституциянинг 112-моддасида ўз ифодасини топган. “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.” Судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, улар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек, илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас.
Ишларни очиқ кўриш–судлар фаолиятининг асосий принципларидан бири, уни ёпиқ ҳолда кўришга қонун изн берган ҳоллардагина йўл қўйилади. Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек, қорақалпоқ ёки кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади. Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади. Айбланувчи эса ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади. Тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг иш тартиби қонун билан белгиланади.
Асосий Қонунимиз талабига кўра, жазоларни енгиллатиш борасида катта ислоҳий тадбирлар рўёбга чиқарилди. Хусусан, “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни кучга кирди. Унга кўра, ушбу олижаноб мақсадни амалда намоён этиш соҳасида бағрикенглик ва кечиримлилик намуналари судлов жараёнларига тадбиқ этилди. Шу аснода бутун жаҳон жамоатчилиги эътиборини ўзига жалб этган ҳолда жазо тизимига ва жиноят процессуал қонунчилигига ўзгариш ва қўшимча киритилди.
Асосий Қонунимизнинг 19-моддасида ифодаланишича, “Фу-қароларнинг Конституция ва қонун-ларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорларисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.” Ўзбекона меҳр-оқибат, ғамхўрлик, мадад ва раҳнамоликнинг яна бир ёрқин намунаси Конституциянинг “Оила” боби, хусусан 64,65 ва 66-моддаларида ўз ифодасини топган. Унга мувофиқ “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”.
Конституциямиз талабига кўра, юртимизда ҳеч ким ҳақсизлик ва адолатсизликка дуч келмаслиги,бунга йўл қўйилмаслиги даркор.
Бош Қонунимиз халқимиз ва мамлакатимиз истиқболининг нурли ва равон йўллари орқали тараққиётнинг янада буюк манзил ҳамда ёрқин марралари томон бошлаб боришига ишонамиз.
Т.ЖУМАНИЁЗОВ,
юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси.