SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Ҳуқуқ  /  ИНСОНПАРВАРЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК НАМУНАСИ

ИНСОНПАРВАРЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК НАМУНАСИ

« Назад

19.02.2018 14:11

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, жиноий жазо тизимини либераллаштиришга доир чора-тадбирлар, улкан ижтимоий–сиёсий аҳамият касб этмоқда. Қонунчилигимизда ҳалқимизга хос бағрикенглик ва кечиримлилик тамойиллари ўз ифодасини топаётгани инсон манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 6 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан авф этиш тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши Асосий Қонунимиз муқад-димасида қайд этилганидек, Ўзбекистон инсонпарвар давлат қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлигининг амалий исботи бўлди. Фармон ижросини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳар бир маҳкум билан алоҳида суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг шахси ўрганилди. Бунда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти, маҳкумларнинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий аҳволи, жиноят натижасида етказилган зарарларнинг бартараф қилинганлиги каби ҳолатларга асосий эътибор қаратилди.
Илгари мамлакатимизда бир неча маротаба амнистия актлари қабул қилинган бўлсада, авф этишга қаратилган мазкур кенг кўламли Фармон Ўзбекистон тарихида илк бор қабул қилинди.
Ушбу Фармонга асосан 2700 нафар маҳкум, шу жумладан жазони ижро этиш колонияларидаги чин кўнгилдан пушаймон бўлиб тузалиш йўлига кирган, яшаш ва жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижобий тавсифланган 956 нафар маҳкумлар авф этилдилар.
Шу ўринда авф этишнинг мазмун-моҳияти ва амнистиядан фарқли жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Авф аниқ ҳукм қилинган шахсга нисбатан индивидуал амалга оширилиб, шахсни тўлиқ ёки қисман жазодан озод қилади ёхуд тайинланган жазони бошқа енгилроқ турдаги жазо билан алмаштиришни назарда тутади. Амнистия акти жиноят содир қилган маълум тоифадаги шахсларга ҳуқуқий таъсир чоралари қўлламаслик орқали уларга тузалиш имкониятини беришдир. Яъни авфда айнан бир шахснинг исм-фамилияси кўрсатилса, амнистия актида исм-фамилия кўрсатилмасдан маълум шахслар тоифаси, жумладан, вояга етмаганлар, аёллар, 60 ёшдан ошганлар, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир қилганлар жазодан озод қилиниши, уларга нисбатан тайинланган жазо чораларининг қисқартирилиши белгиланади.
Мамлакатимизда барча соҳалар сингари, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларини таъминлашга, инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкам қарор топтиришга хизмат қилаётир.
М.Ҳасанов,
жиноят ишлари бўйича
Хива туман судининг раиси.