SHU KO'HNA ZAMINDA TUG'ILISH,

YASHASH-BAXT!

+998 62 375 24 69

220900 Хива шаҳри

Н. Кубро қўчаси 46-уй

“XIVA TONGI” нашриёт уйи

Главная  /  Ҳуқуқ  /  ҲАЛОЛЛИК МАРТАБАНИ БЕЗАЙДИ

ҲАЛОЛЛИК МАРТАБАНИ БЕЗАЙДИ

« Назад

07.04.2017 06:10

Автобусда икки аёл шифокорлар ҳақида гаплашиб кетишарди.
- Докторлар яхшигина маош олишса ҳам қаноат қилишмайди. Тунов куни ўғлимнинг операцияси учун пул сўрашди.
- Ҳамма докторлар ундай эмас. Номига доғ туширмайдиган ҳалол ва виждонли докторлар кўп. Яқинда қизим шифохонада операция бўлди. “Қўл ҳақи” деб чўнтагига пул тиқсак, олмай қайтариб берди. “Қизингизга едириб-ичиринг” деди.
Ҳақиқатан ҳам ўша аёл айтганидек, тиббиёт ходимлари орасида касбига садоқатли, Гиппократ қасамини унутмаган, ҳалол ва виждонли шифокорларимиз кўп. Бироқ, гурунч курмаксиз бўлмаганидек, вазифасини суиис-теъмол қилиб, шуҳратпарастлик ва таъмагирликни касб қилиб олган шифокорлар ҳам учраб туради.
Аслида инсон учун соғликдан бебаҳо нарса йўқ. Агар ўзимизни ёки оила-аъзоларимизнинг бирор жойи оғриб қолса, кўнглимизга ҳеч нарса сиғмайди. Ана шундай пайтда шифохонага чопамиз. Бағрикенг, виждонли ва диёнатли, ўз касбини севадиган шифокорлар атрофингда парвона бўлиб, дардингга дармон бўлишади. Аммо улар орасида шундай шифокорлар борки, агар “қўл ҳақи” бермасанг, сенга қиё ҳам боқишмайди, беэътибор бўлишади. Бундайларнинг беморларга муносабати сиздан кўрган манфаатига қараб белгиланади.
Ушбу иллат давом этишида ўзимиз ҳам айбдормиз. Чунки, таъмагир бўлмаган шифокорни ўзимиз таъмагирга айлантирамиз. “Қўйинг керакмайди, дори-дармонингизга ишлатасиз” деса-ям “кўнглим бўлмаяпти” деб, чўнтагига мажбуран солиб қўямиз ва жамиятда бу иллатнинг газак отишига сабабчи бўламиз.
Давлатимиз соғлиқни сақлаш тизимини жаҳон андозалари даражасига кўтаришга ҳаракат қилиб, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга катта маблағлар ажратмоқда. Айниқса, тиббиёт ходимларини меҳнатига ҳақ тўлаш борасида жуда кўп меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Шифокорларнинг ойлик маошлари ҳеч бир соҳа ходимлариникидан кам эмас. Ана шундай шароитда ўз дарди билан олишаётган бемордан бераҳмлик қилиб, “хайр-эҳсон” кутиб ўтирса, бу Гиппократ қасамига хиёнат эмасми?
Таъмагирлик ҳақида сўз очишимиздан мақсад шифокорларни қоралаш эмас. Биз фақат айримлари ҳақида гапирдик холос. Юқорида таъкидлаганимиздек, ўз касбига садоқатли, эл соғлиги учун жон куйдираётган, қалби пок, қўли енгил шифокорлар кўп. Халқимизда бир мақол бор. “Ёмоннинг биттаси ҳам кўп, яхшининг мингтаси ҳам оз”. Бу бежиз айтилмаган. Бир ёмоннинг касри бутун жамоага тегиши мумкин.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари билан учрашиб, ушбу тизимдаги камчиликлар ва таъмагирликлар хусусида алоҳида тўхталди. Шифокорларнинг маданиятини, маънавиятини, масъулиятини ошириш, ишга ва беморларга муносабатини ўзгартириш ва ҳалол хизмат қилиш зарурлигини таъкидладилар.
“Ҳалоллик ҳар қандай мартабани безайди” деган немис шоири Шиллер. Биз кўпчилик шифокорлар шаънига доғ тушираётган таъмагирларни ҳалол бўлишга чорлаймиз ва фикр-мулоҳазаларингиз битилган мактубларингизни кутамиз.

 

Барди ЖУМАНИЁЗОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.